2. Каромат ва унинг турлари. Каромат – (араб.
لا
ةَما َرَك сийлаш,
устунлик бериш) ислом илоҳиёти мавзуларидан бири. Қуръонда Аллоҳ ўз
бандалари орасидан хоҳлаганини устун қилиб қўйиши, ўз фазлидан ато
этиши кўп маротаба зикр этилади. Бир неча оятларда фаришталар (Анъом,
26; Зориёт, 24), жаннат аҳли (Ёсин, 27; Соффот, 42; Маориж, 35) сийланган
бандалар, Қуръон саҳифалари (Абаса, 13) эса мукаррам битиклар сифатида
васф қилинган. Одатда, имон-эътиқоди ҳамда тақводорлиги эътироф этилган
кишилардан (валий) содир бўладиган ғайритабиий ҳолатлар ва хусусиятларга
каромат дейилади. Бундай ҳодисалар Аллоҳ ўз бандасининг тақвоси ва тоат-
ибодатидан рози бўлганининг аломати ўлароқ, У тарафидан бандага сийлов
сифатида амалга ошади, деб эътиқод қилинади. Каромат ҳақиқатда ҳам содир
бўлишига ишонч ақидавий манбаларда мустаҳкамлаб қўйилган. Ғайритабиий
ҳодисалар каромат деб ҳисобланиши учун унинг соҳиби имони мустаҳкам,
ўзи тақводор бўлиши шарт қилинади, акс ҳолда бу каромат бўлмайди.
Ислом ақидасига кўра каромат икки турга бўлинади:
23
Каромат – «юқорилик», «шараф» маъноларини англатади. Ислом истелоҳига кўра, ақлни лол
қолдирадиган ғайритабиий ҳодисадир. Шу ҳодисалар пайғамбарлардан содир бўлса, мўъжиза, азиз-
авлиёлардан содир бўлса, каромат дейилади. Каромат 2 хил – аслий ва касбий каромат.
1) аслий ёки жибиллий каромат – башариятнинг барчасига тегишли бўлиб,
инсонларнинг тур сифатида бошқа жонзотлардан устунлиги назарда
тутилган. Бу Қуръонда «Батаҳқиқ, биз Бани Одамни мукаррам қилдик.
Уларни қуруқлик ва денгизда кўтардик. Уларни пок ризқлар ила
ризқлантирдик» (Исро, 70) оятида акс этади. Яъни инсон зоти унинг
эътиқоди ва турмуш тарзидан қатъи назар онгли мавжудот сифатида Ер
юзидаги ҳайвонлар, паррандалар, балиқлар, судралиб юрувчилардан устун;
улардан баъзилари инсондан бир неча баробар катта, кучли ва кўп бўлишига
қарамай уларни ўз измига сола олади. Жисмонан катта куч-қудратга эга
бўлмаса ҳам табиат кучларидан ўз манфаатлари йўлида фойдалана олади;
қуруқликда улов, денгизда кема каби мосламалардан фойдаланиб, ўзининг
чекланган куч-қувватини асрай билади ва ҳ.
2) касбий каромат – инсониятнинг фақатгина имон-эътиқодда ва тақвода
пешқадам бўлган қисмигагина хос бўлиб, Қуръон оятларида бу хусусда
«Аллоҳнинг наздида энг мукаррамингиз – энг тақводорингиздир» (Ҳужурот,
13) дейилган. Шунингдек, Қуръонда имон келтириб, тақводорликни лозим
тутган кишилар – Аллоҳнинг дўстлари (валий, кўпл. авлиё) деб
таърифланган. Уларга бу дунё ва охират ҳаётида хушхабар борлиги ҳамда бу
улкан ютуқ экани зикр этилган (Юнус, 64). Бундай каромат соҳибида бир
қарашда табиат қонунларига зид, ноодатий ҳолатлар рўёбга чиқиши
кузатилади. Қуръонда Марям (Оли Имрон, 37; Марям,16-26), Асҳоби Каҳф
(Каҳф, 9-25) каби пайғамбар бўлмаган шахслардан тақволари ва фазилатлари
туфайли ғайриодатий ишлар содир бўлгани зикр этилган. Бу валий деб
танилган кишиларнинг узоқ масофани ҳеч қандай воситасиз қисқа муддатда
босиб ўтиши, сув юзасида юра олиши, ҳавога кўтарилиши, дуоларнинг
зудлик билан мустажоб бўлиши ва ҳ.ларда намоён бўлади. Бу каби
кароматлар ҳар қандай кишининг ҳам қўлидан келмайди, фақат Аллоҳ
сийлаган бандаларгина бунинг уддасидан чиқа олади ва уларнинг Аллоҳ
наздидаги устунлик жиҳати ҳам шунда кўринади.
Пайғамбарлардан содир этилган ғайритабиий ҳодисалар каромат эмас
мўъжиза деб аталади. Ислом ақидасига кўра, Пайғамбарларнинг энг кичик
мўъжизаси ҳам ҳар қандай кароматдан устун ҳисобланади. Чунки каромат
одатда бирор воситани ишга солса амалга ошиши мумкин бўлган, аммо
бевосита бажарилган иш бўлади. Масалан, кема орқали сув юзидан кесиб
ўтиш, замонавий транспорт воситалари орқали қисқа муддатда узоқ
масофани босиб ўтиш ёки осмонда учиш каби. Аммо мўъжизани воситани
ишга солиш орқали ҳам амалга ошириб бўлмайди. Мисол учун, ҳеч қандай
восита билан Исо (а.с.) каби ўликни тирилтириш, қушнинг ҳайкалчасини
пуфлаб жонлантириб юборишнинг (Оли Имрон, 49) ёки Муҳаммад (а.с.) каби
бармоқ ишораси билан Ойни иккига бўлиш (Қамар, 1-2) ёхуд Меърожга
чиқишнинг ҳам (Шўро, 51;Нажм, 13-18) бирор восита орқали бажариш
имконияти мавжуд эмас. Айрим қисса ва ҳикоятларда пайғамбар бўлмаган
шахслар томонидан шу каби ишлар амалга оширилгани ҳақидаги
маълумотлар ҳеч қандай жиддий асосга таянмаган, ортиқча муболағага
берилиб, бўрттириб юборилган ёки мутлақо тўқима, уйдирма гаплардан
иборат экани ақидавий манбаларда ҳам қайд этилган.
Каромат масаласи тасаввуфий манбаларнинг асосий мавзуларидан бири
ҳисобланади. Муршидлар, тариқат шайхларидан содир бўлган ғайритабиий
ҳолатлар муридлар ҳамда маноқиб ва тазкира ёзувчи адиб-шоирларнинг
нигоҳидан четда қолмаган. XII асрдан кейин агиографик манбаларда
авлиёларнинг кароматлари ҳақидаги ривоятлар кўпайгани кузатилади.
Бунинг сабаби сифатида айрим тариқат вакилларининг баъзан ўз шайхларини
улуғлаш ёки ваъзларини таъсирчан қилиш мақсадида муболағали
ҳикоятларни кўп қўллашларининг оқибатида юзага келган, деб изоҳланади.
Аслида чин тариқат пешволари каромат зоҳир бўлишидан эҳтиётда
бўлишган. Тасаввуфий манбаларда каромат соҳиби уни яшириши ва ошкор
қилмаслиги керак деган шартлар мавжуд. Айниқса, муридлар бирор-бир
каромат зоҳир бўлса унга эътибор қаратмаслиги ва ўз устида ишлашда
давом этиши лозимлиги таъкидланган.
Тасаввуфий адабиётларда таъкидланишича, инсоннинг маънавий
комилликни эгаллашидаги навбатдаги босқич тариқат ҳисобланади. Тариқат
сўзи ҳам луғавий жиҳатдан шариат сўзи каби йўл маъносини англатади.
Шариат ислом динидаги ҳамма кишилар учун бирдай амал қилиниши лозим
бўлган тартиб-қоидаларни ўзида жамланган бўлса, тариқат бевосита инсон
руҳияти билан боғлиқ бўлиб, унинг ҳам ўзига хос талаб ва қоидалари мавжуд
бўлиб, улар шариат тартиб-қоидаларидан фарқланиб туради. Олимларнинг
аниқлашича, тасаввуфда 160дан зиёд тариқат тармоқлари бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |