www.ziyouz.com кутубхонаси
86
— Ўйлагансан. Ўйламаган бўлсанг, ўша гапти айтмас эдинг! Хўш, нима эди у?
— Ахир, биласиз-ку? — Баттар ҳўнграб юборди аёл. — Бошда... ўзингиз топиб келган эдингиз ўша
гапти!
— А-аа, ўзимми?
— Ҳа!
— Маладес. Кейин сиз нима деб эдингиз? А? — Тағин ҳайқириб қолди Ўсар.
— Астароқ гапиринг, э, — ёлворди келин. — Кулоғим очиқ ахир. Менга қаранг, чолжон...
Овқатингизни женг. Қорнингиз оч, жаҳлингиз чиқяпти.
— Йўқ, Ҳожар, — деди Ўсар. — Пичоқ бориб суякка қадалган. Энди бу ишни орқага суриб
бўлмайди... Бугун ҳал қиламиз, бугун! Эшитяпсанми? Ҳозир...
— А яна нима дейин?
— Ҳали айтдингми гапингни?
— Уҳ... — Аёл бирдан эрига бақрайиб қолди-да: — Ҳа, — деди сўнгра овозиям ўзгариб. — Шу
момонгизди... шу қариялар детдомига оборсангиз... нима бўлади деб эдим. Сиз нашани уриб олган
эдингиз, хўп кулдингиз. Эртаси урҳо-ур... Мана, чаккамди ёрдингиз.
— Ҳа-а, хўб иш қилган эканман-да. Қани, қайси чаккангди ёрибман экан? Энди соғини кўрсат... —
Шундай деди-да, икки қўллаб кигизни муштлади. Яна гуп этиб кўтарилган чанг афтига урилди. — Ҳе,
энасини... бу ҳаётти...
У сапчиб туриб эшикдан ташқарига қаради, беихтиёр кўзи катта ёнғоқнинг барги тўкилиб сўппайиб
қолган шохларига тушди. Бир шохга қўниб турган чуғурчуқлар дув кўтарилди. Ўсар маҳзун тортиб:
«Ҳе-е кетди... Момоям кетади. Шу, шу ёнғоқниям экиб ўстирган-а! — деди. — Ҳа-ҳа, анави
ўрикларниям, беҳи, қизил олма, лойхонадаги олчалар... Бу дарахтлар ҳам кампирнинг болалари. Ўзи
шундай дер эди... Ажаб, дарахтлар одамзотдан эрта қарир экан-а? Йўқ, булар тенг қартайибди, чамамда.
Бироқ барибир момом ўлгандан кейин ҳам бу дарахтлар ҳосил бераверади: бизга...»
— Чол, — деди Ҳожар.
— Нима? Кўр бўлгир! — деди Ўсар. — Қара, биз учун ўстирган бу боғни! Се-енинг болаларинг
учун, ғалча! Мевасига невараларимнинг оғзи тегади деб... Э-э, фалак! — Ўсар титраб-қақшаб, бир
нималарни остин-устин қилиб юборадигандек шишиниб кетди. Сўнгра минғирлаётган хотинига қараб:
— Ҳой, нокас, обориб... обориб ташлаб келолмайманми? — деб юборди бирдан. Бу гапидан ўзи ҳайрон
қолиб ҳамда ниҳоят, тополмаётган нимарсасини топгандек бўлиб авж қилди: — Йўқ, мен
ҳазиллашаётганим йўқ.
— Вой, бас, — деди келин. — Яхшиси, мени обориб ташланг ўша ғарибхонага.
— Сени? Сени бўкиртириб ишлатади-ку у ерда! — Ҳайқириб кулди йигит. — Нодон! Бунинг топган
гапини қаранг!
— Бў-ўлди, бошқа гапирсам, ўлай.
— Сен ўлмайсан, минг гапирсанг ҳам ўлмайсан. — Ғудирлаган кўйи боз оташин бўла бошлади Ўсар.
— Шу кеча... Йўқ, эртагаёқ минғир-минғирни бошлайсан яна.
Шунда Ҳожар яна эрига боқиб қолди-да, секин туриб эшикка йўл олди.
— Ҳа? — деди Ўсар узалиб.
— Тортинг қўлингизни...
— Яна нима бўлди? — Шунда йигитнинг юраги қаттиқ сиқилиб кетди: нимага бунча гапиряпти?
Майда-чуйда гаплар... Ахир, муддао аниқ-ку.
«Шошма, бирон ҳаптага обориб қўйсам-чи, ўша етимхонага?» — деган ўй келди хаёлига. Ва бу
«режа» унга шунчалик маъқул тушиб кетдики, бу ўйнинг илгарироқ келмаганидан ҳатто ҳайрон қолди:
ахир, бир ҳафтада кампирнинг қадри ўтади, пушаймон ейди бу... Бунинг устига, қўни-қўшниларнинг
таънасига чидолмайди... Ёки, уларга билдирмайдими? «Укалари Кенжаникига обориб қўйдилар.
Соғинган эканлар», дейди. Лекин Кенжа бу «иш»ни билса, роса йиғлайди... Балки кампирни ўз уйига
олиб кетади...»
Бу орада хотини Ҳожарнинг ғоят изтиробга тушиши — ўзини минг бор лаънатлаши ва, демак, Ўсар
«тантана» қилиши — хотини устидан мардона кулишини ўйлаб:
— Бўлди! — деди. — Момомнинг уйига кир. Ул-булини йиғиштир... — Хотини унга бақрайиб
қолди. — Сенга айтяпман, кўзинг ўйилгир! — ўдағайлади Ўсар. — Бўлди, муддаонгга етдинг...
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |