САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
218
Ёмғир ҳамон тинай демасди. Шамол эса шаштидан тушганга ўхшар, бироқ туриб-туриб авж қилиб
қолар, шунда беихтиёр тескари қараб оларди, киши.
Қунишиб-йўртишиб бекатга етдик. Бир замонлар «такси» тўхташи гумон бўлган майдончада кўзини
«кўкартирган» мошиналар ҳам, «шахсий»лар ҳам энди йўловчи кутишар, бироқ
нархи осмондалиги
боис, уларга яқинлашиш мушкул эди.
— Такси, такси! — деб бақирди
Таваккал, худди «Эшмат! Тошмат!» деб чақиргандай.
Шундай
рўпарамизда турган «Жигули»нинг эшиги очилиб, бир йигитча чиқиб келди. — Бўшмисан? — сўради
Таваккал сенсираб.
— Бўш-бўш. Ўтиринглар... — дея йўл бошлади ҳайдовчи. Сўнг, яқинлашиб
келган таксичига
ўшқирди. — Ани мои клиенти!.. Келинглар.
Мен орқа эшикни очиб қўйиб, олдинги ўриндиққа ўтириб олдим. Таваккал билан Гулсара орқада
жойла-шишди. Шофёр машинани жилдириб, сўради.
— Қатга борасизлар?
Мендан аввал Таваккал (шанғиллаб) жавоб қилди:
— Дача писателга!
— Ў-ўў, окахон, туда-суда тўлайсиз-да.
— Ҳайдайвер. Мана шу — ёнингда ўтирган одам...
— Таваккал ака, — дедим.
— Хўп... Хўш, хоним, энди қалай? Ойнани очиб қўяйми бир оз?
— Ҳа..
— Сиз, албатта Қашқадарёга боришингиз керак! — деди Таваккал қатъият билан. — Унинг
тоғларида ҳаво
шундай тозаки, бир қўйнинг гўштини бир кунда еб қўясиз... Ҳа-ҳа-ҳа!
Биз еймиз-а,
Қувватжон!
— Ҳа, ундай ҳавода иштаҳа очилиб кетади, — дедим. — Лекин Гулсарахон, борсангиз зиён қилмай-
сиз... Таваккал акага бемалол суяниш мумкин.
— Нега «мумкин?» Шарт! — деди Таваккал. — Ҳозир какраз ширвоз қўзилар сўйиляпти...
Қувватжон, бултур ҳам ўтмадингизми-а, Қаршидан?
— Ўтдим-у, поезд билан, — дедим. — Автобус ҳам ёмонмас экан.
— Мошина нима бўлди, мошина?.. А, бензин қимматлашиб кетди!
— Мошина сотилди.
— Кечирасиз, Қувватжон ака, қанақа китобларингиз бор? — сўраб қолди шунда Гулсара.
— Бор, — дедим.
— Дачада борми? Биттасига автограф ёзиб бера-сиз... Ўқийман, албатта. Китобни яхши кўраман.
Мана, окангиз кўрдилар, уйимда кичкина кугубхонам бор. Лекин кўпи ўрисча... Ҳим, тарбиямиз шундоқ
бўлган-де.
— Ничаво! — деди Таваккал. — Энди, қолганини ўзбекчалаштириб юборамиз. Ҳа-ҳа-ҳа!
— Раҳмат.
— Лекин ўйинингизга беш кетдим, Гулсара. Ресторанни ром қилиб олдингиз аммо... Э-эй, тангрим,
кунларимиз қандай мазмунсиз ўтади, Қувватжон. Ейсан, ичасан, бировни уришасан, бировининг
бошини силайсан.
— Бировини алдайсан, — деб қўшди Гулсара.
Таваккал тағин хохолаб юборди.
— Албатта! Алдамаса бўладими?.. Умуман, «рақобат» дегани ўзи алдашга йўл очар экан. Ким айёр
бўлса — марра ўшаники.
— Эсиз, алданганлар.
— Э, ачинманг, хоним! Ҳаётнинг ўзи шу экан... Шундаймасми, Қувватжон?
— Шундаймаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз, — дедим мумкин қадар беозор оҳангда.
Таваккал бир сония жимиб, тағин қаҳқаҳа отди.
— Лекин ҳамма бир-бирини алдай бошлагандан кейин... Нима дедингиз, хоним?
— Нима дейин?
— Сизникиям тўғри.