www.ziyouz.com кутубхонаси
211
БУЛУТ ТЎСГАН ОЙ
Тўхтасин оғага бағишлайман.
1
Ёмғир шундай куч билан қуя бошладики, бекат айвонида туришнинг иложи қолмади. Бунинг устига,
ғувиллаб шамол эсар, ёмғирни букиб-қайириб айвон остига ҳам урар эдики, устунлар орқасига
яшириниш ҳам фойда бермади. Мен плашнинг ёқасини кўтариб, шляпа гардишини пасайтириб,
ресторанга қараб чопдим. Ресторанга кираверишдаги айвонча остида ҳам ёмғирдан қочганлар кўп эди.
«Ке, шамоллаб-нетиб қолмайин. Барибир кечки овқатга етолмайман», деб ойнаванд, залворли эшикни
очиб, ичкарига кирдим. Табиий, димоғимга ичимлик, сигарет ҳиди урилди, қуло-ғимга жазавали ғарб
мусиқаси эшитилди. Мен шляпамни силкитиб, ёқамни тушириб, устки кийимларимни олиб қоладиган
киши томон бораётган эдим, шундоқ рўпарамдан — афтидан, қўлювгич хонадан чиқиб келишаётган
новча, норғул йигит билан этаги ерга теккудек узун, қора барқут кўйлакли жувонга кўзим тушди.
Йигит... менга таниш, ҳатто «ака» даражасидаги қадрдоним. Таваккал эди. Эгнида тўйга кийиб борса
арзийдиган тим қора костюм-шим, оёғида пошнаси баланд, учли туфли (шунинг учун бўйи тағин ҳам
баланд кўринар), ҳийла сийраклашиб қолган жингалак сочлари ялтирар (нам қўли билан сийпаган бўлса
керак), тилла тишлари ярқираганча кулиб келар, жувоннинг тирсагидан тутиш ёхуд унга бирон
дилдорлик кўрсатиш, чамаси, хаёлига келмас, жувон эса, бошини хиёл эгиб ва кулимсираб келарди.
Мен тескари қарамоқчи бўлдим-у, улгуролмадим.
— Ў, писател! — деб бақириб юборди Таваккал. Мен табассум қилиб, четландим. У келибоқ, мени
бағрига олди, ўпишдик. Оғзидан ароқ ҳиди келар, юзи шишинқираган, кўзлари ғилтиллар эди.
— Бу киши — бизнинг земляк! — деб аёлга қаради «земляг»им, кейин уни унутгандек, менга
тикилиб, давом этди: — Қалай энди? Келин яхшим-а? Кичкиналар кўпайиб қолдим-а?.. Кўринишингиз
дуруст. Класс! Эй, бу одам — яхши ёзувчи! — деди яна аёлга кўзи тушиб. — Менинг юртдошим!
Мен ҳам аёлга қарадим, у синиққина кулимсираб бош ирғади. Каминаям бош ирғади. Шунда
Таваккал:
— Э, танишмайсизларми? — деб кулди. — Бу киши бизнинг хоним. Отингиз... нимайди?
— Гули, — деди жувон (унинг қизариб кетганини тахмин килдим), — Гулсара.
— А-аа, Гулсара, Гулсара, — деб тағин баралла кулди Таваккал. — Қани, залга марҳамат,
Қувватжон!
Мен уст-бошимга ишора қилган бўлиб:
— Шунчаки кирувдим, ёмғирдан қочиб, — дедим. — Дачага кетишим керак.
— Дачага? Ў-ў, ўзимиз обориб қўямиз!.. Қани, плашти ечинг! Ҳў, швейсар, бақа қара! — Таваккал
шляпамни олди. Мен ноилож ёмғирпўшимни еча бошладим. — Оббо, Қувватжон-е, учрашганимизни
қаранг. Худо бор... Қаршидан жўнаётганимда сизни эслаб эдим. Честни айтаман...
— Мен ҳам сизни эслаб тураман, — дедим.
— Ёлғон! Битта телефон қилмайсиз. Қаршининг чегарасидан ўтиб кетасиз.
— Якин-орада юртга борганим ҳам йўқ.
— Мен кеча келдим. Геялогия вазирлигига чақиришган эди... Эй, Гулсара, Мустақилликкача
ўзимизда геялогия министрлиги йўқ экан! Бор-у, Московга бўйсунар экан. Ўзбекистонга бўйсунмас
экан. Вей, қисталоқлар-е.
— Ҳалиям карьердамисиз? — деб сўрадим, шунчаки гап-гапга қовушсин учун.
— Ҳа-а, —дея яна олтин тишларини ярақлатиб кулди. — Каттаси бўп кетдик мармар карьерининг...
— У плашни ҳам швейцарга берди-да, кифтимдан олиб, иккинчи қаватга ўрлаган зинапояга бошлади. —
Гул, Гул-сара, ортда қолманг... Э, сиз олдинга ўтинг! Ўтинг, хоним. Аёл оғриниб тўхтади.
— Юраверсангиз-чи.
— Шундайми? Майли. — У кулиб қўйиб, икки зинапояни битта қилиб босди. — Ишларим авж,
укабой. Мармар қиммат бўп кетди. Ҳа-ҳа-ҳа. Крошкаси — капейка эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |