МАФКУРАВИЙ ПОЛИГОНЛАР – ЯДРО ПОЛИГОНЛАРИДАНДА ХАВФЛИРОҚДИР
Ўтган асрда дунё мамлакатлари учун ядро полигонлари катта хавф туғдирган бўлса, бугунга келиб, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги ривожи маҳсули ўлароқ мафкуравий полигонлар, улар воситасида амалга оширилаётган ахборот ҳуружлари инсонлар бошига кулфат ёғдираётган, давлатларни инқирозга учратаётган, нотинчликни келтириб чиқараётган асосий омиллардан бири десак муболаға бўлмайди. Чунки, айрим ғаразли ниятдаги кучлар томонидан моддий манфаатдорлик ҳамда ҳукмрон бўлиш мақсадида оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет тизими орқали кўпроқ ёшларнинг онгини захарлаб, уларни ўзларига сўзсиз итоат этувчи манқуртлар қўшинига айлантиришга бўлган уринишлар тинимсиз тарзда олиб борилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу йўлда ҳеч нарсадан тап тортмасдан, яъни динга мойиллиги борларни дин билан, дунёга мойиллиги борларни пул билан, енгил елпи ҳаётни маъқул кўрувчиларни ҳар хил кўнгил очар дастурлар билан ўзлари томонга оғдириб олиб, улар орқали ўз мақсадларига эришишга ҳаракат қилишмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов: “Бугунги кунда бизнинг яқин ва олис ён-атрофимизда вужудга келаётган вазиятга баҳо берар эканмиз, халқаро хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларнинг кўлами кенгайиб бораётганини, яъни пайдо бўлаётган қарама-қаршиликларни ҳал этишда куч ишлатишга зўр бериш устунлик қилаётгани, хомашё ресурслари ва коммуникациялар устидан назорат қилиш бўйича геосиёсий рақобатнинг ошгани, ядро технологиялари ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, халқаро терроризм ва экстремизмнинг кенг тарқалаётган экспансиясининг фаоллашуви, миллатлар ва конфессиялараро можароларнинг кучаяётганини эътироф этмаслик мумкин эмас” – деган фикрларида ҳам бугунги кунда дунёда бўлаётган кўплаб муаммолар айтиб ўтилганлигини кўришимиз мумкин.
Бундай бузғунчи кучлар томонидан амалга оширилаётган ахборот хуружлари халқлар, давлатлар, минтақалар ҳаётига ва келажак тақдирига жуда катта таҳдид солмоқда. Инсон қалби ва онги учун бўлган бундай курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда. Бунинг натижасида дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этаётган, жамиятга ҳар томонлама зарар етказаётган бундай ҳаракатлар ёшлар орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларининг шаклланишига замин яратмоқда. Аслида Ислом дини дунёдаги бошқа динларга нисбатан олганда ҳам энг зулмга, зўравонликка ва унинг ҳар қандай каттаю-кичик кўринишига қарши курашганлиги, кишилар ва халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенглик ва тинчликни тарғиб этганлиги нафақат мусулмонлар, балки бошқа эътиқод вакиллари томонидан ҳам эътироф этилган айни ҳақиқатдир.
Ҳеч қандай гуноҳи, айби бўлмаган одамни ўлдириш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни шундай огоҳлантиради: «Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида, 32).
Ҳар бир теран фикрли инсон бу бузғунчи гуруҳларнинг фаолиятлари ва даъволарини тахлил қилиш натижасида яхши тушуниб етадики, уларнинг асл мақсадлари динни қоим қилиш эмас, балки уни йўқ қилиш ҳамда инсонларнинг молига ва жонига ноҳақ эгалик қилишдир.
Энди бундай манфур ниятдаги инсонларнинг борлиги, улар томонидан келажак авлоднинг онгини захарлаб, ёшларни манқуртга айлантириш учун мафкуравий полигонларда тинимсиз ҳаракат қилаётган бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаган ҳолда, доимий ҳушёрлик ва огохликни қўлдан бермасдан юрт тинчлиги, бирдамлиги ва соғлом муҳитни қарор топтириш учун ёшларда энг аввало, соғлом эътиқодни шакллантиришимиз, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашимиз, юксак инсоний фазилатлар эгаси қилишимиў, чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлган етук кадрлар қилиб вояга етказишимиз бугунги кундаги бирламчи ва долзарб вазифамиздир.
Do'stlaringiz bilan baham: |