XORAZM MA’MUN AKADEMIYASI AXBOROTNOMASI – MAXSUS SON_____
57
равишда ҳисоботларга Самарқанд меъморий ёдгорликларни ўрганиш натижасида тайёрланган
чизмалар, расмлар, фотосуратлар илова қилинган[5]. 1898 йилда Н.И.Веселовский экспедицияси
аъзолари билан Шахрисябз шаҳри ёдгорликлари, хусусан, Оқсаройни кўздан кечириш учун ташриф
буюради. Ушбу сафар давомида экспедиция аъзоси фотограф И.Ф.Чистяков ва Н.П.Петровсий
томонидан Оқсаройнинг умумий кўриниши ва пештоқидаги меъморий нақшларига оид бир қанча
фотосуратлар олинган. Мазкур фотосуратлар ва уларнинг негативлари ҳозирда Комиссия архивида
сақланмоқда[6]. Экспедициялар натижасида Туркистон халқлари маданий ҳаёти, маданий
ёдгорликлари илк бор тизимли равишда ўрганилган. Ўзбекистон халқлари тарихига оид қимматли
маълумотларни ўзида жамлаган бетакрор тарихий манба – “Мечети Самарканда” номли фотоальбом
нашр эттирилган[7].
Бундан ташқари, XIX аср охирларида Туркистонга ташриф буюрган фотографлар Г.А.
Панкратьев, В.Ф. Козловский, И. Введенский, Н. Ордэ, Д.И. Ермаков, П. Надаре ва бошқалар
томонидан олинган фотосуратлар Туркистон халқлари маданий ҳаёти тарихини ёритувчи муҳим
фотоҳужжатлар сирасига киради. Рус армияси капитани, ҳаваскор фотограф Г.А. Панкратьев
Туркистон халқлари моддий маданияти ва урф-одатларига бўлган қизиқиши сабаб Самарқанд ва унинг
атрофида жойлашган ёдгорликларнинг умумий кўриниши ва ички-ташқи қисмлари акс этган
суратларидан иборат фотоальбомни яратган. Бунинг учун унга граф Н.Я.Ростовский томонидан махсус
стипендия ажратилган. Ушбу фотоальбом куфий ёзувидаги арабча эпиграфик безаклар шарҳи билан
бойитилган ва жуда кам нусхада нашр эттирилган. Кўп ўтмасдан мазкур альбомдан жой олган меморий
ёдгорликларнинг бир қисми йўқолиб кетган. Шу сабабли ушбу меъморий ёдгорликлар тарихига оид
беқиёс манба ҳисобланади. Г.А. Панкратьев томонидан нашр эттирилган альбомнинг йўқолиб кетиш
хавфини эътиборга олган Ю. Якубовский унинг негативларидан фойдаланган ҳолда, уни қайта нашр
этиш зарурлигини таъкидлаб ўтган[8].
Самарқанд ёдгорликлари фотосуратлари фотофиксацияси билан шуғулланган фотографлардан
яна бири И. Введенскийдир. Ушбу муаллиф 1894-1897 йилларда Самарқандда бўлиб, бу ердаги
тарихий ёдгорликларнинг ўша вақтдаги кўринишлари акс этган ажойиб альбомни яратган ва уни
Комиссия архивига топширган. В.Ф. Козловкий эса нафақат Самарқанд, балки Шаҳрисабз ва Қўқон
шаҳри ёдгорликлари, шу жумладан, хон саройи ички безаклари акс этган фотоальбомни яратиб, уни
Комиссия маъмуриятига тақдим этган. Профессионал фотограф Н. Ордэ томонидан олинган суратлар
эса Марказий Осиё халқларининг миллий анъаналари, кийиниш маданияти ва бошқа ўзига
хосликларини акс эттирган. Улар Марказий Осиё халқлари этнографиясига оид муҳим тарихий манба
сифатида эътиборга моликдир. И.Д. Ермаков томонидан яратилган фотоҳужжатлар кўлами эса янада
кенгроқ, яъни ушбу муаллиф нафақат Туркистон балки Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудлари
(Ашхобод, Марв) ҳамда Каспий орти мамлакатлари аҳолиси миллий анъаналари, маданий бойликлари
акс этган суратлар жамланмасини яратган. Ушбу фотоҳужжатлар юқорида номлари келтирилган
маҳаллий халқлар миллий урф-одатлари ҳамда моддий-маданий ёдгорликларидаги ўзига
хосликларини қиёсий таҳлил этишда муҳим аҳамиятга эгадир. XIX асрнинг сўнгида Туркистонда
бўлган француз фотографи П. Надарнинг катта форматли 28 та ажойиб фотосуратлар жамланмасидан
иборат альбоми ҳам эътиборга моликдир. Ушбу альбом 1900 йилда Комиссия архивига совға қилинган.
Унда Самарқанд, Бухоро, Марв маданий ёдгорликлари фотосуратлари жамланган. Мазкур
фотоҳужжатларнинг барчаси Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, Туркистон маданий бойликлари
тарихини ёритишда бебаҳо тарихий манба ҳисобланади [9].
Шу тариқа Ўрта Осиё халқлари маданий ҳаёти ва моддий-маданий бойликлари акс этган
дастлабки фотосуратлар коллекцияси ва бир қанча бебаҳо фотоальбомлар яратилган. Ҳозирда Россия
моддий маданият тарихи Академияси илмий архивида сақланаётган ушбу тарихий манбалар
Туркистон маданий ёдгорликлари тарихига оид қимматли манбалардан бири саналади. Улар Ўрта Осиё
халқларининг ўша даврдаги кундалик ҳаёти, тафаккури, урф-одатлари, улар томонидан яратилган
маданий мероснинг ҳолати тўғрисида кўпгина қимматли маълумотларни ўзида акс эттирганлиги билан
қимматлидир. Бу каби фотоҳужжатлар ҳамда фотоальбомларнинг яратилиши ушбу давр
тадқиқотчиларининг ўрганилган масалаларга муносабатини акс эттирган бўлиб, уларнинг Марказий
ҳукумат ва Комиссия маъмуриятига топширган илмий ҳисоботларини намойиш этишда янгича
ёндашувнинг вужудга келишига асос бўлган. ХХ аср бошларида Туркистон маданий ёдгорликлари
тарихига оид яна кўплаб фотоҳужжатларнинг яратилишида В.В. Бартольд, В.Л.Вяткин, С.М. Дудин,
Б.П. Денике каби рус шарқшунос олимларининг хизматлари беқиёсдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |