бундай муносабатларга киришишдаги муҳим вазифа бўлиши лозим. Тасарруф
этилаётган мулкка нисбатан ваколатли бўлмаган шахс билан тузилган
битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Даъвогар И.Туйчиев судга жавобгарлар Г.Маркелова ва С.Маркеловларга
нисбатан олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топиш ҳақида даъво аризаси билан
мурожаат қилган.
Ўз даъво талабида 2005 йилда уй-жой сотиб олиш юзасидан жавобгарлар
билан келишиб, ўзи яшаб турган хонадонни сотиб, пул қўшиб, жами 60 миллион сўм
пулни уч йил давомида бўлиб-бўлиб берганлигини, бу ҳақда тилхат мавжудлигини,
келишув вақтида жавобгарлар низоли уйда учинчи шахс – А.Маркеловнинг ҳам
улуши борлигини яширганлигини, ўзининг бир неча бор қилган талабларидан кейин
Г.Маркелова унинг номига васиятнома қолдирганлигини, лекин ушбу васиятнома
ҳам юридик кучга эга эмаслигини, ушбу уйда 2005 йилдан бери яшаб, коммунал
тўловларни тўлаб келаётганлигини маълум қилган.
СУД АМАЛИЁТИ
77
Суд мажлисида жавобгар Г.Маркелова даъво талабларини тан олмасдан, низоли
уйни И.Туйчиевга сотмаганлигини, сотиш нияти ҳам бўлмаганлигини, олди-сотди
бўйича у ўғли С.Маркелов билан келишганлигини маълум қилган.
С.Маркелов эса даъво талабларини қисман тан олиб, И.Туйчиев билан низоли
уйни 60 миллион сўмга сотишга келишганлигини, ундан 35 миллион сўм олганлигини,
низоли уйнинг ўзига тегишли бўлган улуши бўйича пулни тўлиқ олган деб ҳисоблашини,
лекин уйни мустақил ўзи расмийлаштириб бера олмаслигини, онасининг ҳам розилиги
зарурлигини маълум қилган.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, низоли уй бир нечта шахснинг умумий
мулки бўлиб, шундан 4/15 қисми К.Маркеловага қонун бўйича ворислик ҳақидаги
гувоҳномага асосан, 2/3 қисми Т.Юсуповга олди-сотди шартномасига асосан ҳамда
1/15 қисми жавобгарлар Г.Маркелова ва А.Маркеловга қонун бўйича ворислик
ҳақидаги гувоҳномага асосан тегишли.
Ер майдони биргаликдаги мулкдорлар ўртасида бўлинган бўлиб, ҳар бир мулкдор
ўзига тегишли уйга алоҳида кириш йўлига эга.
А.Маркелов 2001 йил 18 октябрда вафот этган бўлиб, унинг вафотидан кейин
мерос қабул қилинмаган.
Иш ҳужжатларида мавжуд 2008 йил 21 майда ёзилган тилхатда Г.Маркелова
ва С.Маркеловлар низоли хонадонни И.Туйчиевга сотиб, 60 миллион сўм пулни
олганликлари кўрсатилган бўлиб, ушбу тилхат маҳалла фуқаролар йиғини томонидан
муҳр билан тасдиқланган. Г.Маркелова ва С.Маркеловлар ҳам тилхатдаги имзолар
уларга тегишли эканлигини инкор этмаганлар.
Фуқаролик кодекси 112-моддасининг 2-қисмига кўра, агар тарафлардан бири
нотариал тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни тўла ёки қисман бажарган бўлса,
иккинчи тараф эса — битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, суд
битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлидир.
Гарчи даъвогарда жавобгарлар билан келишув бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ
бажарганлиги ҳақида ёзма тилхат мавжуд бўлсада, суд олди-сотди шартномасини
ҳақиқий деб топиш учун юқоридаги қонун талабига асослана олмайди.
Чунки Г.Маркеловага тегишли бўлган 1/15 улуш унинг марҳум ўғли А.Маркелов
билан умумий бўлиб, А.Маркеловнинг вафотидан кейин унга тегишли улуш бўйича
мерос қабул қилиб олинмагунга қадар тасарруф этилиши мумкин эмас.
Жавобгар С.Маркелов эса низоли уй улушининг мулкдори эмас ва ўзига тегишли
бўлмаган мулкни тасарруф этишга ваколатли эмас, шу сабабли у томонидан ёзилган
тилхат ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
Суднинг ҳал қилув қарори билан олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топиш
ҳақидаги даъво талабини қаноатлантириш рад қилинган.
Шарҳ:
Қонун шартнома тегишли тартибда тузилмаган бўлсада, тарафларнинг
келишувини ҳамда уларнинг ўз мажбуриятларини бажарганлигини тасдиқловчи ёзма
далиллар мавжуд бўлса, шартномани ҳақиқий деб топиш мумкинлигини эътироф
этади. Лекин бундай шартнома ваколатли шахс билан тузилиши лозим.
Судга гарчи низоли уй сотилганлиги ҳақида ва бунинг учун сотиб олувчи
томонидан пул маблағи тўлиқ берилганлиги ҳақида ёзма тилхат тақдим этилган
бўлсада, уйни сотаётган шахслар уни тасарруф этишга ваколатли бўлмаганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |