www.ziyouz.com кутубхонаси
74
Жўрахон ҳақида китоб ёзмоқчилигимни айтдим. Жўрахон номини тилга олишим биланоқ
Ўсарбой янгиланган дардини яширишга уриниб, чолнинг қўлидан чойнакни олиб, ўзи қуя
бошлади. Кўзини яшириш, нима биландир алаҳсиш учун шундай қилаётгани сезилиб турарди.
— Майли, — деди у офтобда жўжаларини қаноти остига олиб, хурпайиб ётган товуққа
тикилиб, — жуда хурсанд бўламиз.
— Аввал Жўрахон опанинг қабрларини бир зиёрат қилсам деган эдим...
Ўсарбой ғалати ҳолга тушди. Унинг бу ҳолати, кўз қарашлари, рангининг гоҳ бўзариб, гоҳ
оқариши Тошкентда бўлган бир воқеани эслатиб қўйди. Трамвайда беш ёшлардаги бир бола
ёнимга ўтириб қолиб, ундан қаёққа кетяпсан, деб сўраганимда, уйдан детдомга кетяпман, деган
эди. Ота-онанг йўқми, деб сўрадим. Бор, деб жавоб берди бола. Бўлмаса, даданг ҳам, онанг ҳам
сени ёмон кўришар экан-да, детдомга беришибди, дедим. Ўшанда боланинг кўзи олазарак бўлиб
қолган, худди Ўсарбойнинг ҳолига тушиб, қийналган эди. Кейин у қийнала-қийнала паст овоз
билан «дадамларнинг ҳам, ойимларнинг ҳам кўзлари кўр» деган эди. Жуда ҳижолат чеккан
эдим, шу мурғак бола қалбини тирнаб ётган аламли фарёдини тилига чиқаришга мажбур
қилганим учун ҳали-ҳали ўзимни кечиролмасдим. Яна нима қилиб қўйдим? Наҳотки
Ўсарбойнинг ҳам ичида шунга ўхшаш тилга чиқса, тилни, дилда қолса дилни куйдирадиган
фарёди бўлса?! Нима қилиб қўйдим?..
Ўртага жуда ҳам совуқ жимлик чўкди. Чол бир ютиниб олди. Ўсарбой ўрнидан туриб, ҳовуз
бўйига бориб махорка ўради. Чолнинг юпқа лаби титраб, зўрға: «Жўрахоннинг қабри йўқ. У
сувга чўкиб кетган...» дея олди.
Тушга яқин чой билан икковлон пиёда дарё томон кетдик. Йўлда у Жўрахоннинг
ҳалокатини айтиб борди.
— Ўшанда адирдан сел келган эди. Чорвалар ҳали тоққа жўнатилмаган, шу дарё четидаги
сайхонда ўтлаб юрган эди. Сел жуда хунук келди. Кўп дарахтни, уйларни нобуд қилди. Қўй-
қўзиларни оқизиб кета бошлади. Сувда мол билан эчки дуруст сузар экан. Қўй жонивор
думбасидан чўкиб, ўзини эплолмай қоларкан. Ҳамма оёққа турди. Жўрахон жон олиб, жон
бериб ўзини сувга отар, ҳали қўй, ҳали қўзини оёғидан судраб чиқарди. Кечаси, биров-бировни
кўрмайди. Ёмғир савалаб турибди. Бирдан чўпон ота сувнинг ўртасида гоҳ кўриниб, гоҳ чўкиб,
қўл силкита бошлади. Жўрахон ўша томонга сузиб кетди. Чақмоқ нурида дарё ўртасида унинг
кўйлагини бир кўриб қолганимни биламан, холос. Яна чақмоқ чаққанда дарё бетида ҳеч нарса
кўринмай қолди. Тўлқин чўпон отани нариги қирғоққа ирғитиб ташлабди. Бир ҳафтагача қайиқ
билан Жўрахоннинг жасадини қидирдик. Топилмади... Ҳаммамизни доғи-ҳасратда қолдириб
кетди.
Адир ошишимиз биланоқ дарё шамоли эсди. Қирғоққа яқин келганимизда харсанг устида
махорка чекиб ўтирган Ўсарбойни кўрдим. Унинг гавдаси кичрайиб, юзидаги ажинлари
кўпайиб кетганга ўхшади.
Ҳеч биримиздан садо чиқмасди.
Дарё жуда сокин. Жўрахон азим дарёга айланган-у, меҳнати сингган, пешона тери тўкилган
далалар атрофида жавлон уриб айланарди. У юзлаб ирмоқлардан қон томиридек оқиб,
кишиларга, майса-гиёҳларга ҳаёт суви олиб келарди.
Адирдан териб келган лолаларни тўлқинлар устига сочдим.
Дарё шовуллар, тиниқ, беғубор кўкда қушлар жавлон уриб учишарди.
1960 йил.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |