2-мавзу. Ҳозирги замон давлат ва жамият бошқаруви тизими тўғрисидаги концепциялар
Ҳозирги замон давлати ва унинг моҳияти тўғрисидаги концепциялар.
Ҳозирги замон давлат шакли ривожининг асосий йўналишлари.
Глобаллашув шароитида давлат ва жамият функцияларининг ривожланиш тенденциялари.
Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишининг конституциявий асослари.
Кишилик жамияти тарихида давлат пайдо бўлиши билан ушбу феномен ҳақида мунозаралар ҳам бошланиб, олиму-алломалар «давлатнинг ўзи нима?», «унинг моҳияти нимада?» каби саволларга жавоб беришга ҳанузгача уриниб келишмоқда. Бироқ, мутлоқ мураккаб ижтимоий-сиёсий ҳодиса бўлган давлатга таъриф бериш, унинг моҳиятини чуқур англаш осон кечмаган.
Дарҳақиқат, давлатга таъриф бериш мураккаб вазифа бўлиб, бир неча юз йилликлар давомида инсонлар давлат нима, у нима учун керак, нега мавжуд, каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб келишмоқда. Бундан ташқари давлат қай тариқа вужудга келади, унинг моҳияти, жамият ва одамлар ҳаётида тутган ўрни қандай деган масалалар юзасидан мунозаралар ҳар янги авлод тадқиқотчилари, яъни давлатшунос олимлар олдида муқаррар равишда туради.
Давлатни тушунишда, унга бўлган катта қизиқишга қарамасдан,
ҳамон якдиллик йўқ. Хўш, бундай ҳолатнинг сабаби нима?
- Аввало, давлатни тушунишдаги ҳилма-хиллик, давлатга оид қарашларни шакллантирган давр билан боғлиқдир, бошқача қилиб айтганда, жамият тараққиёти, унинг онгги ва тафаккури даражаси билан боғлиқ.
- Айни пайтда, давлатнинг тушунчасини аниқлашдаги плюрализм, бир жиҳатдан одамларнинг давлатни ўзича – ҳар хил тушуниши билан, иккинчи томондан эса, давлатнинг ўзининг ижтимоий ҳодиса сифатида мураккаблиги билан тавсифланади.
- Бундан ташқари, давлат атамаси турли маъноларда ҳам ишлатилади ва бу ҳолат уни тушунишдаги турличаликни келтириб чиқаради.
Давлатнинг бош жиҳатлари қўйидагилар ҳисобланади:
Давлат-ижтимоий ҳодиса;
Давлат-сиёсий ҳодиса;
Давлат - муайян вазифаларни ҳал этишга қаратилган ўз таркиби ва тузилмасига эга.
Таъкидлаш жоизки, давлат ҳам институт, ҳам ташкилот сифатида бошқа тузилмалар ичида, сўзсиз ажралиб туради.
Давлат бошқа сиёсий ташкилотлардан, энг асосан, суверенлиги билан фарқланади.
Суверенитет қуйидагиларни англатади:
А) давлатнинг ташқарида мустақиллиги;
Б) давлатнинг мамлакат ичкарисида олийлиги.
Давлат суверенитетидан уни бошқа сиёсий ташкилотлардан ажратиб
турадиган бошқа белгилари келиб чиқади:
- давлат ўз ҳокимиятини давлат чегараси билан белгиланган
мамлакатнинг бутун ҳудудига тарқатади;
- давлат аҳоли билан барқарор юридик боғлиқлик, алоқага эга;
-фақат давлат умуммажбурий характердаги қоидаларни чиқаради;
- фақат давлат аҳолига нисбатан куч ишлатиш ҳуқуқига эга;
- фақат давлатда бошқа ҳеч бир сиёсий ташкилотда бўлмаган
таъсир воситалари мавжуд (армия, полиция, махсус отрядлар ва б).
Давлатнинг моҳияти тўғрисида ҳам турли фикрлар айтилган, бунда кимдир давлатнинг синфий моҳиятига, бошқалари эса умумижтимоий моҳиятига урғу беришган. Шуни аниқ айтиш мумкинки, давлат жамият тараққиётининг маълум босқичида – жамият ҳаётини ташкил этишнинг зарур воситаси сифатида, жамият
мавжудлигининг ажралмас шарти сифатида вужудга келган.
Ҳозирги замон нуқтаи-назаридан давлат «инсон манфаатлари йўлида жамият ҳаётини ташкил этувчи ҳокимий тизим» сифатида намоён бўлиши керак. Давлат ҳар қандай тизим сифатида ҳокимий- ташкилий жиҳатдан ва ҳуқуқ жиҳатидан ҳам яхлит бўлмоғи лозим;
Давлатни тушунишда турли ёндашувлар мавжудлигини таъкидлаган эдик. Шу ўринда давлат феномени ўзи нима? – деган саволга турли “масофадан” турлича «яқинлашиш» мумкин.
Агар, биз давлат ҳодисасига «ташқаридан» халқаро ҳуқуқ нуқтаи-назаридан яқинлашсак, давлат бизга муайян ҳудудда яшайдиган, оммавий-сиёсий ҳокимият остида бирлашган аҳоли тарзида намоён бўлади. Бунда биз давлатнинг аҳолиси, ҳудуди ва давлат ҳокимияти ташкилоти каби йирик элементларини кўрамиз.
Иккинчи «яқинлашувимизни» биз «ичкаридан» олиб борамиз ва бунда давлат бизга «оммавий – ҳокимий уюшма» сифатида намоён бўлади.
Давлатни бу тарзда қараб чиқиш воситасида, биз давлатнинг ижтимоий аҳамиятини, унинг жамиятдаги вазифасини, жамият сиёсий тизимининг бошқа элементлари билан муносабатини англаб олишимиз мумкин.
Давлат ҳодисасига учинчи бор «яқинлашувда» биз давлат ҳокимияти аппаратини, яъни унинг тизимини - тузилмасини, давлат органлари ўртасидаги муносабатни кўриб чиқиш имкониятига эга бўламиз.
«Давлат» атамаси уч хил маънода а) Давлатли – ташкиллашган ҳамжамият маъносида; б) Давлат органлари тизими маъносида; в) Давлат ҳокимияти маъносида.
Бу уч ҳолатда ҳам, давлат ҳокимияти сифатидаги оммавий-сиёсий ҳокимиятни ташкил этиш ва амал қилиш ҳақида, бироқ унинг турли жабҳалари ҳақидаги гап кетмоқда. Давлат тушунчаси мана шу уч жиҳатни ўз ичига олади.
Давлат тушунчаси доимо оммавий-сиёсий ҳокимият тушунчаси
орқали тушунтирилади.
Давлат – бу муайян ҳудудда яшайдиган аҳолига ўз ҳокимий таъсирини ўтказадиган оммавий-сиёсий ҳокимиятнинг алоҳида органи бўлиб, у ўз олдига қўйган вазифаларни бажариш учун махсус аппаратга таянади. Давлат – бу алоҳида сиёсий тузилма бўлиб, у бутун жамият номидан иш юритади, жамиятни бирлаштириб, уни бошқаради ҳамда турли гуруҳлар манфаати мувозанатини сақлаб туради.
Демак, давлат – бу жамиятнинг бирлигини, яхлитлигини таъминлайдиган, давлат механизми орқали жамият ишларини бошқарадиган, суверен оммавий-сиёсий ҳокимиятни амалга оширадиган, ҳуқуқга инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни кафолатловчи умуммажбурийлик мақомини берадиган сиёсий ташкилотдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |