www.ziyouz.com кутубхонаси
72
ТЎЛҚИНЛАР
Қишлоқ йўлига бурилганимда адир орқасидан қовун тилимидек оппоқ ой кўтарилди. Гуллаб
ётган ўриклар хира пардага бурканди. Йўл четидан янги ниш урган саримсоқ ҳиди келди.
Ковакни тарк этган кўклам элчиси қуриллади. Тўнкарилиб қолган тилла қўнғиз жуда яқинда
дизиллаб-дизиллаб жим бўлди.
Кўклам нафаси гуркираб турган мана шу йўллардан юрмаганимга ўн саккиз йил бўлган. Бу
орада қанча сувлар оқиб кетди... Қанча воқеалар бўлиб ўтди...
Йигитлар фронтда жон олиб, жон бераётган оғир кунлар эди. Дала ишлари аёлларга қолиб
кетган, ҳаммаси тажанг, ҳаммаси асабий эди. Уларнинг интизор кўзлари фронт йўлида, қўллари
меҳнатда, фронтчиларни зориқтирмаслик, душманни тезроқ яксон қилиш учун тинимсиз ишлар
эдилар. Сталинград остоналаридаги жангларда душманнинг учта танкини ёндирган қаҳрамон
Ўсарбой Омонбоев оиласи ҳақида очерк ёзиш учун худди шу йўлдан юриб қишлоққа келган
эдим.
Қишлоқ анча файзсиз бўлиб қолган, йўллар ўйдим-чуқур, иш ҳайвонларининг тинкаси
қуриган, емга ёлчимаган сигирлар сутдан қолган эди. Аёллар дурустгина кийинишмас, пардоз-
андоз кўнгилларига сиғмасди. Кимнинг қанақалиги билиниб қолган ўша пайтларда урушга чап
бериб бормай қолган эркак зоти кўзларига бало бўлиб кўринарди.
Ўсарбойнинг хотини Жўрахон эри фронтга кетган аёллардан бригада тузиб, юқори ҳосил
олишда бутун областга овоза бўлган йигирма беш ёшлардаги қора қош, лўппи юз, кўкракдор,
полвон аёл эди. Ўсарбой қаҳрамон унвони олган куннинг эртасигаёқ келганимда бир воқеанинг
устидан чиққан эдим. Жўрахоннинг бригадаси ишлаётган катта йўл четидаги теракка қизил этик
кийган хотинчалиш бир йигит белидан ҳали кудунги бузилмаган саккизтепки атлас билан
боғлаб қўйилган эди. Унинг атрофини ўраб олган хотинлар гоҳ хиринг-ҳиринг кулишар, гоҳ уни
қарғашарди. Биров йигитнинг юзига упа суради, биров қошига ўсма қўяди.
Жўрахон икки қўлини белига қўйиб унга дўқ урарди.
— Шунақами? Уруғликка қолганмисиз? Бу хотинларнинг эрлари фронтда ўқ тагида
юрибди-я, шуларга кўз олайтирдингми? Ҳа, номард! Ҳой, Зеби, лабига қизил сурт! Ишдан
қайтишда шу аҳволда гузарга олиб чиқамиз. Халойиқ кўрсин. Башарасига тупурсин. Қани, иш-
ишингга жўна ҳамманг!
Хотинлар йигитни шу аҳволда қолдириб, чопиққа тушиб кетишди.
Шийпонга чиқаётганимизда Жўрахондан бу йигитнинг гуноҳини суриштирдим.
— Зебига айланишиб қопти. Шундай суқсурдай эри борки, кўрганнинг кўзи тегади.
Тирноғига арзимайди бу ҳеббим. Тушликда Норин бўйига кел, саккизтепки атлас совға қиламан
дебди. Ушлаб олдик.
Жўрахон бу гапларни шундай ғазаб билан айтардики, кўзлари чақнаб, пешоналари, тиришиб
кетарди.
— Ўзиниям шундоғ дўппосладикки, қўйиб берсам хотинлар ўлдириб қўйишадиган, зўрға
ажратиб олдим. Эри омон-эсон қайтиб келгунча биронтасининг ҳам шаънига ёмон гап
юқтирмайман. Иссиқми, совуқми ҳаммамиз бирга баҳам кўрамиз, қайси бирининг эридан хат-
хабар узоқса, бараварига юпатамиз. Бирга йиғлаймиз, бирга куламиз. Шунинг учун ҳам ишнинг
оғирлиги унча билинмай кетади. Ахир бу бечораларга ҳам қийин, авжи ўйнаб-куладиган
пайти...
То колхоз меҳмонхонасига етиб боргунимча мана шу воқеа эсимга тушди. Ҳозир Жўрахон
анча қариб қолгандир? Ўсарбой урушдан эсон-омон қайтиб келдимикин?
Меҳмонхона қоровули ҳали сув қуйилмаган ҳовуз олдида самоварга тараша солаётган эди.
У ёши етмишларга бориб қолган дилкаш чол экан, алла-паллагача у ёқ-бу ёқдан гаплашиб
ўтирдик. Гап орасида Ўсарбойни суриштирдим.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |