www.ziyouz.com кутубхонаси
69
Муталнинг ҳали эсида, уларнинг тўйи минг тўққиз юз ўттиз тўртинчи йилнинг августида
бўлган эди. То шу кунгача бир-бирларини сен дейишга тиллари бормаган. Ҳамиша «сиз»лаб
гапиришарди. Қўни-қўшнилар уларнинг уйидан бирон марта қаттиқ овоз эшитишмаган. Уйлари
бўлса, ҳамма вақт ярақларди. Қелган меҳмонлар уларга ҳавас қилиб кетишарди-ю, уйларига
етмай, шу бечораларга худо биттагина фарзанд бермади-да, деб қўйишарди.
Йиллар ўтаверди. Улар ҳамон бир-бирларининг қош-қовоғига қараб, кунларни йилларга
улаб яшайверишди. Мутал қачондир бола кўришига ишонарди. Унинг ишончи Эътиборни
қийнарди. Эрининг сиқилаётганини билиб турарди. Кўчадан бола ўтса кўзи ўйнашини,
меҳмонга боришса болаларнинг ўйинига қўшилиб кетишини Эътибор сезмасмиди, сезарди.
Хотинлар зийрак бўлишади, уйдаги конфетларни кўчадаги болаларга ташиб тамом қилишини
билмайди, дейсизми? Биларди.
Уруш бошланди. Эътибор тўрт йил йўлига кўз тикиб Мутални кутдн. Келди. Яна ўша жим,
осуда ҳаёт. Урушдан аввал қанақа яшашган бўлса, ундан кейин ҳам ўзгаришсиз бир хил умр
бошланди. Мутал боласиз ўтишга рози эди-ку, аммо Эътиборсиз яшашга рози бўлолмасди. У
Эътиборга шунчалар ўрганиб қолган, ўзини ҳатто Эътиборсиз тасаввур ҳам қилолмасди. Аммо
Эътибор эрининг қўлида бола кўришни шундай орзу қилардики, биргина бола учун, Муталнинг
биргина қувончи учун жонини ҳам беришдан қайтмасди. Қўлида бола кўриб ўлсам, тўйимиз
бўлган йиллардаги Муталнинг кўзларида чақнаган ўтни яна бир кўрсам, бу дунёдан беармон
кетардим, деб ўйларди.
Кунлар, йиллар ўтаверарди. Эр-хотин ҳамон самимий, ҳамон бир-бирига оқибатли. Бир
бурда нон бир-бирисиз томоғидан ўтмайди, уй ҳамон озода, саранжом, жимжит.
Шу хилда йигирма тўрт йил умр ўтиб кетди. На боласизлик, на одамларнинг киши билмас
илмоқли таъналари уларнинг орасига совуқчилик сололмасди.
Мутал таниш-билишлар билан учрашиб қолганда одатдагича, ундан бола-чақаларнинг
саломатлигини сўрашарди. Мутал довдираб нима дейишини билмай, тайинсизроқ бир гап айтиб
қутулиб кетмоқчи бўларди-ю, аммо одатда шу гаплардан кейин келадиган: каттаси нечага
кирди, деган сўроқдан кейин, қийналиб-қийналиб жавоб беришга мажбур бўларди,
— Боламиз йўқ. Шундоқ...
Сўраган одамнинг хижолатлигини айтмайсизми.
Мутал танишлар билан тўқнаш келишдан безиллаб қолганди.
Бу гапларни Эътибор сезмасди, дейсизми, сезарди. Сезарди-ю, ич-ичидан эзилиб кетарди.
Эрининг кўзига қаролмай, хомуш бўлиб қоларди.
Яна бир йил ўтди. Мутал қарий бошлади. Эътиборнинг назарида, илгариги чақнаб турган
кўзларидаги ўт йўқолаётганга, ўзи сал нарсага чарчаб қолаётганга ўхшайверди. Бир кун Мутал
ишдан келиб ҳовлида гулқайчи билан олма шохларини бутаб юрганда, Эътибор айвонда
чучвара тугиб ўтирган эди. Бирдан, бехосдан кўзи эрининг бўйнига тушиб қолди. Иякларининг
таги ғижимланиб қолгандек кўринди. Ўрнидан туриб, бехос олдига борди. Фақат иягида эмас,
кўз четларида, пешонасида ҳам ажин. Бирдан Эътиборнинг юрагини ваҳм босиб кетди.
Қарибди, қарибди. Сочи икки чаккасидан оқора бошлабди, қарибди, қарибди...
Ҳали офтоб ўчмаган, гуллар қийғоч очилиб турган июль куни уларнинг йигирма беш йиллик
аҳил умрига якун ясади.
Эътиборнинг нияти бузилди. Кетиш керак, шу қадрдон, дунёдаги яхши одамларнинг энг
яхшисини ташлаб кетиш керак. Қандоқ қилиб?
Мана шуниси қийин эди. Шундай кетиш керакки, кўз ёши тўкилмасин. Келган йиғини кулги
билан, хандон кулги билан енгиш керак.
Эътибор бошқа йўл тополмади. Мутални бахтли қилишнинг бирдан-бир йўли шу эди. Ўша
кеча Эътибор мижжа қоқмади. Яна бошқа тадбирлар ҳам қидириб чиқди. Энг сўнгги тадбир,
Муталнинг кўнглини ўзидан совитиш, безор қилиш бўлди.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |