www.ziyouz.com кутубхонаси
163
букилиб Нуъмонжон билан кўришди. Унинг олдида Нуъмонжон худди дадасига талпинган ёш
болага ўхшаб кўринарди.
— Ҳа, Тўппонча, мунча ҳаяллаб қолдинг?
Унинг овози қулоғимга момақалдироққа ўхшаб эшитилди.
— Машина лойга тиқилиб қолган экан, чиқазгунча сал тўхталиб қолдик.
Машина янги очилган ердан эгатга кириб кетди. Ҳожимуқон девқадам билан унинг
орқасидан эргашди. Атрофга қарадим. Бу ерлар қаердан сув ичаркин, деб ҳайрон бўлиб
Нуъмонжондан сўрадим.
— Фарғона каналидан оламиз. Сув масаласидан нолимасак ҳам бўлади. Ариқ қазийдиган
янги машина чиққан. Овозини эшитяпсизми?
Нуъмонжон кунботар томонга қараб қулоқ солди.
— Келаси йили ҳув ўша томондан қирқ гектар ер очамиз. Шунда еримиз Қўшоқ отанинг ери
билан туташади.
Кеча отимни суғориб берган чолнинг икки бармоғи қўшалоқлиги, айрилишга келганда чол
ўша томонга бурилганини эслаб, Қўшоқ ота дегани шу киши бўлса керак, деб гумон қилдим.
Терим машинаси эгатнинг бошига етиб, янги ариқдан қайтди. Брезент палаткадан чиққан
ўрта яшар бир хотин сочини бошига турмаб, машина кетида келаётган Ҳожимуқонга қўл
силтади. Кейин ўша томонга ғўза оралаб, югуриб кетди.
— Ҳожимуқоннинг хотини. Жуда ҳам гапга бичганда. Қофияли қилиб гапиради. Аммо
Ҳожимуқон шу гавдасига хотинидан ўлгудек қўрқади.
Ўша палаткадан ёши йигирма бешлардаги сулувгина бир аёл чиқди-да, Нуъмонжонга
қаради.
— Чой ичиб олинглар!
Кейин у фартугини бўйнига илиб, бояги хотиннинг орқасидан югурди.
— Бу киши бизнинг «маликаи дилозор» бўладилар, — деди Нуъмонжон кулиб.
— Сиз ҳам хотинингиздан қўрқасизми? Нуъмонжон гарданини қашиди:
— Дунёда хотинидан қўрқмайдиган одам ҳам бор эканми?
Палаткага кириб, энди бир пиёладан чой хўплаган ҳам эдикки, от чоптириб Бургут келиб
қолди. Важоҳатидан ҳозиргина биров билан уришиб келганга ўхшарди.
— Ҳа, Бургут, турқ-тароватинг бошқача, бир гап бўлдими? — деб сўради унга пиёла
узатаркан, Нуъмонжон.
— Картинкангдан ўргилдим! Кечадан бери сарсон қилади-я. — Унинг гапига тушунолмай
бир-биримизга қарашиб олдик.
— Сочига тароқ тегмаган, иккита калта шимлик олифта бир машина ашқол-дашқол билан
кепти. Картинкага оламан деб, у ёққа қарасам ҳам дурбинини тўғрилайди, бу ёққа қарасам ҳам
дурбинини тўғрилайди.
Кеча райком биноси олдида кинохрониканинг машинасини кўрганимни эсладим.
— Тавба, офтоб чиқаётган томонга қараб, чаккамга пахта қистириб, ўнг қўлимни кўтариб
турганимни картинка қилармиш. Картинка қилсанг, артисингни ола келмайсанми! Меҳмон, сиз
билан Ёғоч полвоннинг ерида учрашамиз.
У чойдан бўшаган пиёлани пилдиратиб бир ирғитиб илиб олди-да, хайр, деб чиқиб кетди.
Бир оздан кейин чўлнинг уфқ билан туташган ерида от ўйнатиб кетаётганини аранг кўзим илғаб
қолди. Нуъмонжон ҳам бўйнига фартук илиб, машина ололмай қолган пахталарни тера
бошлади.
Пайкал бошида ёлғиз қолиб, кўз илғамас пахтазорда жавлон уриб юрган терим машинасини
тамоша қилиб турдим. Шамол қулоғимга аллақаерда шудгор ағдараётган тракторнинг овозини
ўхтин-ўхтин учириб келади. Ариқ қазиётган машинанинг бўри улиганидек ўкиришини бир дам
олиб келади-да, яна қаёқларгадир суриб кетади.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |