www.ziyouz.com кутубхонаси
166
— деди бояги тарашадек қотма новча йигит.
— Шуни айтмайсанми, Ёғоч полвон.
Ёғоч полвонни дарров танидим. Унинг суратини ўтган йили физкультурачилар газетасида
кўрган эдим. Республика мусобақасида паркентлик полвонни йиқитиб, Ўзбекистон чемпиони
бўлган Асад полвон Иброҳимов шу киши эди.
Партком терим машинасининг механигига «бирпас тўхта» дегандек ишора қилиб, пайкалга
чақирди. Бошқаларни ҳам чайла олдида тўплади.
— Қўшоқ отанинг қирқмаси роса бўлиб берибди. Машинага иккита ташлаб қўйган эди,
бирга баҳам кўрамиз.
Шофёр ҳар бири кўйдек келадиган иккита чўл қовунини инқиллаб кўтариб келди-да,
тиззалаб шолчага думалатиб юборди.
Дастурхон устида Ёғоч полвоннинг таърифи бошланди.
— Ёғоч — одам! — деди жиддий туриб Бургут. — Лавзли одам у. Ўн саккиз гектар ерни
кетмон тегизмай машинада қойил қилиб юборди. Кўряпсиз-ку, икки машиналаб ҳам териб
тамом қилиб бўлмаяпти.
Мен ҳам гапга аралашдим:
— Бу киши ҳам хотинларидан қўрқадиларми?
— Бе, — деди Ёғоч полвон қўл силтаб, — гуноҳ қилган йигит хотинидан қўрқади-да! Биз
ҳали гуноҳ қилганимизча йўқ. Нима дейсан, Бургут?
Бургут бошини сарак-сарак қилиб кулди.
— Уч-тўрт улфат бир бўлиб, гапдан гап чиқиб, «ким хотинидан қўрқса, ўрнидан турсин»
деган таклиф тушибди. Шунда ҳамма ўрнидан турибди-ю, бир полвон йигит жойидан
қўзғалмапти. Ундан, нега турмадинг, 1 хотинингдан қўрқмайсанми, деб сўрашибди. Полвон
йигит нима депти, денг, хотинимнинг номини эшитишим биланоқ икки оёғим шол бўлиб,
ўрнимдан туролмай қолдим, депти.
Қотиб-қотиб кулдик.
— Бизнинг Ёғоч полвон ҳам шунақа полвонлардан, — деди Бургут унинг биқинига туртиб.
— Ҳа, дўст! Қома-тингга қойилман!
Ёғоч полвон қизариб кетди.
— Ҳеч-да, ичадиган вақтимда, рост гапи жиндаккина қўрқардим. Ўшанда ҳам ҳадеб
машмаша қилавергандан кейин ёлғондакаси қўрққанга ўхшаб турардим.
Қовундан кейин бир пиёладан чой ичиб, ҳамма ўз ишига тарқади.
— Бургут, эртага машинанинг бирини Қўшоқвой отага юбор. Ёғоч полвоннинг пахтаси энди
сийраклашиб қолибди. Машина бекор турмасин. Ўн учинчидан кўрак узадиганини юбораман.
Ёғоч полвон ерга бир кўз югуртириб чиқди-да, шундоқ қилсак ҳам бўлар экан деб
парткомнинг сўзига рози бўлди.
Партком ҳам, кинооператор ҳам кетди. Бургут машина орқасидан қараб турди-да, илжайиб
қўйди.
— Меҳмон, биз чиққан картинкани Тошкентда кўрадиган бўлдингиз. Биз томонларда ҳам
кўрсатар, дейман. Қўшоқбой отани олганда жуда интрсний чиқарди.
Хирмонда шамоллатилган пахталар қанорлангунча шу ерда бўлдим. Қишлоқдан пахта ортиб
кетгани машина келди. Ёғоч полвон қанорларни худди ястуқдек енгил кўтариб машинага
ирғитар, Бургут эса уларни эпчиллик билан тортиб олиб, ғишт тахлагандек кузовга жойлар эди.
Қанорлар бир-бирига миниб лапанглаб қолгунча тахланди. Бургут ерга сакраб тушиб, шофёрга
дарров қайтишини буюрди-да, кўкрагида жаранглаб турган орденларни чиқазиб, бояги шоҳи
рўмолчага тугиб, хотинига узатди.
— Олиб қўй, план тўлган куни тақамиз энди.
— Энди менга жавоб берсангиз, Бургут, шу машинада қишлоққа етиб олай, — дедим унга.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |