Россия империясининг мустамлака бошқарув усули. Туркистонни Россиянинг саноат ўлкасига айлантирилиши. Туркистон ўлкасидаги миллий-озодлик ҳаракатлари. Жадидчилик
Россия империяси босиб олинган ҳудудларда ўз ҳукмронлигини ўрнатиш ва бошқариш ҳамда мустамлакачиларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган мустаҳкам бошқарув тартибларини жорий этиш учун барча чора-тадбирларни кўрдилар. Чунки бошқарув тизими Россия империя ҳукумати учун муҳим аҳамият касб этиб, босиб олинган жойларда мустамлакачилик сиёсатини олиб боришда асосий таянч ҳисобланган.
Туркистон маъмурияти империянинг бошқа ўлкалари бошқарувидан ўзининг кескин ҳарбийлашгани билан алоҳида ажралиб турган. Россия ҳукуматининг Туркистон ўлкаси учун 1865-1916 йиллар оралиғида ишлаб чиққан ҳамда амалга тадбиқ этилган ўнта қонун лойиҳаларида (1865, 1867, 1871, 1873, 1882, 1884, 1886, 1908, 1912, 1916 йиллар) да ва уларнинг моддаларидаги адлия, молия, ҳарбий, ички ишлар ва бошқа вазирликлар киритган ўзгаришларда ана шу ҳолат ўз аксини топган.
Тошкент шаҳри босиб олинганидан сўнг 1864-1865 йилларда босиб олинган ҳудудларда Оренбург генерал-губернаторлиги таркибида (1865 й.) ҳарбийлашган маъмурий бошқарув тартибларига асосланган Туркистон вилояти ташкил этилиб, унга генерал-майор М.Г.Черняев губернатор этиб тайинланди. Туркистон вилоятини бошқариш учун 1865 йил 6 августда “Туркистон вилоятини бошқариш тўғрисидаги Муваққат Низом” қабул қилиниб, унга мувофиқ ҳарбий ва фуқаролик ҳокимияти ҳарбий губернатор қўлида бўлимларга бўлиниб, уларни бўлим бошлиқлари бошқарган. Бўлим бошлиғи бир вақтнинг ўзида бўлим ҳарбий коменданти ҳам ҳисобланган. Бўлим бошлиқларига маҳаллий аҳоли устидан назорат қилувчи ва рус амалдорларидан тайинланадиган бошқарувчилар бўйсунган. Шунингдек, бу “Низом” га кўра, Туркистон вилояти губернатори, “бий, оқсақол, раис ва қози лавозимидаги туб жой аҳоли вакилларини эгаллаб турган лавозимига тасдиқлаш, бўшатиш, алмаштириш ваколатига эга бўлган”.
Туркистон ўлкасининг маъмурий-ҳудудий бошқаруви
Россия империяси Ўрта Осиё хонликларини босиб олганидан сўнг бу ҳудудларда кўп асрлардан буён шаклланиб, мавжуд бўлиб келган, ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг диний ҳамда маҳаллий хусусиятларини ўзида акс эттирган бошқарув тизими ўрнига империя манфаатларига хизмат қилувчи бошқарув тартиблари ўрнатилади. Маълумки, 1867 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилиб, унинг генерал-губернатори ўз қўлида ҳарбий ва фуқаролик ҳокимиятини бирлаштирган. Генерал-губернатор бир вақтнинг ўзида подшо ноиби, ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, Еттисув казак қўшинлари атамани, бош миршаб ва бош прокурор вазифаларини ҳам ўтаган. Генерал-губернатор император томонидан тайинланган ва вазифасидан озод этилган бўлиб, у ҳарбий вазирга бўйсунган.
Туркистон генерал-губернаторлиги бошқарув тизими марказий, вилоят, уезд (туман), участка (волост), шаҳар, қишлоқ ва овул бошқаруви шаклларидан иборат эди. Генерал-губернаторлик дастлабки ташкил этилган пайтда иккита – маркази Тошкент бўлган Сирдарё ва маркази Верний (Олмаота) бўлган Еттисув вилоятларидан иборат бўлган. Сирдарё вилояти ҳудудига аосан илгари Туркистон вилоятига тегишли бўлган ерлар ва Қўқон хонлигининг босиб олинган шимолий ҳудудлари кирган. Еттисув вилояти эса Семипалатинск вилоятининг Сергиопол, Копал ва Алатавск округи ҳудудлари ҳамда Туркистон вилоятининг бир қисмидан иборат ҳудудларда ташкил этилган.
Сирдарё вилояти маъмурий жиҳатдан Казалинск, Перовск, Туркистон, Чимкент, Авлиёота, Тошкент, Хўжанд, Жиззах уездларига бўлинган бўлса, Еттисув вилояти Сергиопол, Копаль, Верний, Иссиқкўл ва Тўқмоқ уездларига бўлинган. Россия ҳукумати янгидан босиб олинган ерлар ҳисобига Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига қўшимча маъмурий – ҳудудий бирлик ташкил этиб борган. Жумладан, 1868 йилда Бухоро амирлигига қарашли босиб олинган ерларда маркази Самарқанд бўлган Зарафшон округи, Хива хонлигига қарашли ерларни босиб олиш ҳисобига 1874 йилда маркази Петро-Александровск (Тўрткўл) бўлган Амударё бўлими, 1876 йилда Қўқон хонлиги ҳудудларида маркази Янги Марғилон (Скобелев, Фарғона) бўлган Фарғона вилояти ташкил этилган эди.
Вилоятлар бошқаруви ҳарбий губернатор ва вилоят бошқармаси томонидан амалга ошириб борилган. Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳарбий губернатор ҳарбий ва ҳарбий фуқаролик хусусиятига эга бўлган. Ҳарбий губернатор қошида амалдорлар ва вилоят бошқармаси мавжуд бўлиб, вилоят бошқармасига ҳарбий губернаторнинг ёрдамчиси раислик қилган. Бу ёрдамчи ҳарбий губернатор билан келишилган ҳолда император ёрлиғи билан вазифасига тайинланган ва озод этилган. Ҳарбий губернатор бўлмаган пайтларда унинг вазифасини ёрдамчиси бажарган.
Вилоят бошқармаси учта бўлим – фармон берувчи, хўжалик ва суд бўлимларидан иборат бўлган. Бўлим бошлиқлари генерал-губернатор томонидан тайинланган ҳамда вазифасидан озод этилган. Уездларни уезд бошлиқлари идора қилган. Улар генерал-губернатор тавсиясига биноан олий ёрлиқ билан вазифасига тайинланган ва озод этилган. Уезд бошлиқлари маъмурий ва полиция вазифасини бажарган ҳамда қонунлар ижроси устидан назорат қилган.
Маҳаллий бошқарув кўчманчи аҳолини бошқариш ва ўтроқ аҳолини бошқаришга бўлинган. Ҳар бир уезддаги кўчманчи аҳоли волостларга, волостлар эса овулларгабўлинган. Волост (бўлис)лар – волост бошқарув-чилари, овуллар эса оқсоқоллар томонидан бошқарилган. Вилоят бошқарувчилари ва унга номзодлар ҳарбий губернатор томонидан, овул оқсоқоли ва унга номзодлар уезд бошлиғи томонидан тайинланган. Волост бошлиғи полиция ва маъмурий ҳокимиятни амалга оширган. Ўтроқ аҳолини бошқариш қишлоқларда маъмурий ва полиция ваколатларига эга бўлган оқсоқоллар томонидан амалга оширилган. Ўтроқ аҳоли уездларда волостларга, волостлар эса қишлоқ жамоалари (оқсоқолликлар)га бўлинган.
Уезд бошқаруви бўйича Амударё бўлими алоҳида мақомга эга бўлган. Амударё бўлими бошлиғи уезд бошлиғи мақомига эга бўлиб, маъмурий ва полиция бошқаруви унинг ихтиёрида бўлган. Бўлим бошлиғи ҳузурида ёрдамчи ва девонхона мавжуд бўлган.
Волост бошлиқлари ва уларнинг ёрдамчилари аҳоли томонидан уч йилга сайланган ҳамда ҳарбий губернатор томонидан тасдиқланган. Волост бошқарувчилари суд ҳукмларини ижро этган, аҳолининг келиб-кетишини назорат қилган ҳамда солиқларнинг ўз вақтида йиғилишини таъминлаган.
1867 йилги “Муваққат Низом” га кўра, Туркистон ўлкасининг суд ва полиция тизими – ҳарбий суд, империянинг умумий қонунлари асосида суд ва халқ судидан иборат бўлган бўлса, 1886 йилги “Низом” га кўра, уларга ўзгартиришлар киритилиб, қуйидагича бўлган: судлов палатаси, округ судлари, қўшимча мировой (сулҳпарвар) судьялар, фахрий мировой судьялар.
Генерал – губернатор томонидан тайинланган Тошкент шаҳри бошлиғи бир вақтнинг ўзида Дума раиси ва шаҳар ҳокими (ҳоким тўра) вазифаларини ҳам бажарган. Шаҳар ҳокими вазифасини турли йилларда қуйидаги шаҳар бошлиқлари бажарганлар:
В.Ю.Мединский – 1874-1877 йй.
Е.Т.Пукалов – 1877-1883 йй.
С.Р.Путинцев – 1884-1890 йй.
А.Т.Тверитинов – 1891-1898 йй.
И.А.Ладиженский – 1898-1901 йй.
В.Ф.Киселёв – 1901-1904 йй.
В.Н.Рибушин – 1904-1905 йй.
С.Р.Путинцев – 1905-1907 йй.
Н.Г.Маллицкий – 1907-1917 йй.
Туркистондаги мустамлака бошқаруви 1898 йилгача “ҳарбий-халқ бошқаруви”, ундан кейин эса “маъмурий полиция бошқаруви” деб аталган бўлса ҳам унинг моҳияти мазмунан ўзгармаган. Барча ваколатлар аввало, генрал-губернатор, қолаверса, у бошчилигидаги рус маъмурияти қўлида тўпланган бўлиб, Россия империяси Ўрта Осиёда ўзбек давлатчилиги ва бошқарувининг барча кўринишларини бутунлай йўқотиш ва русча идора усулини қатъий жорий этиш бўйича изчил фаолият олиб борди. Маъмурий бошқарув тизими ана шу мақсадга қаратилиб, бунинг учун барча чоралар кўрилган эди.
Туркистон ўлкасида 1867 йилдан 1917 йилгача ўн бешта генерал – губернатор ҳукмронлик қилган бўлиб, улар қуйидагилар эди:
К.П.Кауфман – 1867-1882 йй.
М.Г. Черняев – 1882-1884 йй.
Н.О. Розенбах – 1884-1888 йй.
А.Б.Вревский – 1889-1898 йй.
С.М. Духовский – 1898-1901 йй.
Н.А. Иванов – 1901-1904 йй.
П.Н. Тевяшов – 1904-1905 йй.
Д.И. Суботич – 1906 й.
Н.И. Гродеков – 1907-1908 йй.
П.И. Мишенко – 1909 й.
А.Б. Самсонов – 1909 -1913 йй.
Флуг, Мартсон ва Ерофеевлар – 1913-1916 йй.
А.Н. Куропаткин – 1916-1917 йй.
Do'stlaringiz bilan baham: |