Муртак халталарнинг классификация типлари Polygonum типидаги муртак халта гулли ўсимликларнинг турли систематик гуруҳларига мансуб турларида аниқланган. Шунинг учун бу типдаги муртак халта барча гулли ўсимликларга хос, деб фараз қилинган. Гулли ўсимликларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида бошқа типлардаги муртак халталар бўлиши ҳам мумкинлиги аниқланган. Муртак халтанинг тузилиши ва ривожланишидаги хилма-хилликни, уларнинг эволюцияси бўйича бир қанча классификациялар тузилган, лекин улар орасида И.Д.Романов (1971) томонидан тузилган классификация тўлароқ ҳисобланиб, учта белги асос қилиб олинган.
1) муртак халтани ҳосил бўлишидаги макроспоралар сони;
2) макроспоранинг оналик ҳужайрасидан тухум ҳужайрани ҳосил бўлгунча бўлинишлар сони;
3) қутбийлик яъни етилган муртак халтада ядроларнинг жойланиши.
И.Д.Романов юқоридагиларга асосланиб, муртак халтанинг ривожланиши ва тузилишларини 13 тип ва 3 кенжа типга бўлади (21-расм).
21-расм. Муртак халталар классификацияси (Романов,1971). Классификациянинг биринчи белгиси бўйича: муртак халтани ҳосил бўлишидаги макроспоралар сонига кўра барча типдаги муртак халталар уч катта гуруҳга бўлинади:
I. Моноспорали Polygonum ва Oenathera типлардаги муртак халта тетрада макроспоранинг битта ҳужайрасидан ҳосил бўлади.
II. Биспорали Allium типи ва Podоstermum кенжа типларидаги муртак халта диада макроспоранинг битта ҳужайрасидан ҳосил бўлади.
III. Тетраспорали Balsamia типи, Drusa типи ва Clentonia кенжа типи билан, Fritillaria, Plumbagella, Adoxa, Tulipa tetraphylla, Eriostemonas, Penae, Plumbago типлари ва Peperomia типи Acalypha кенжа типи билан мансуб. Муртак халтанинг ҳосил бўлишида макроспора оналик ҳужайраси бўлингандан сўнг, тўртта кўндаланг тўсиқ билан ажралмаган ядролар олдинги I ва II-типлардаги каби диада ва тетрада макраспор ҳосил қилмай она ҳужайрада қолади. Кейинчалик улардан муртак халта ҳосил бўлади.
Классификациянинг 2-3-типдаги белгиларига асосан муртак халтанинг ҳар бир катта гуруҳдаги муртак халтада юқорида қайд этилган типлар ва кенжа типларга ажратилган. Улар ўзаро бир-биридан муртак халтанинг ҳосил бўлишидаги бўлинишлар сони, ўз тузилишидаги, яъни ҳужайраларнинг сони ва жойлашиши билан фарқланади.
Моно ва биспорали муртак халталар тузилиши ва ривожланишига кўра, деярли бир хил бўлиб, тухум ҳужайра ва антиподлар муртак халтанинг қарама-қарши қутбларида жойлашади.
Моноспорали саккиз ядроли Polygonum-типдаги муртак халта макроспоранинг оналик ҳужайрасидан бошлаб беш марта кетма-кет бўлинишдан кейин ҳосил бўлади. Муртак халта макспоралар тетрадасининг пастки ҳужайрасидан ривожланиб урғочи гаметофитга айланади. Юқоридаги учта макраспора редукцияланиб кетади.
Биспорали саккиз ядроли Allium-типидаги муртак халта – макроспорани оналик ҳужайрасини диада макроспоранинг тўрт марта бўлинишидан ҳосил бўлади. Муртак халта диада макраспоранинг пастки ҳужайрасидан ривожланиб урғочи гаметофитга айланади. Юқоридаги битта макраспора редукцияланиб кетади.
Тераспорали муртак халта ҳосил бўлиши ва тузилишига кўра энг кўп хилма-хилликни ҳосил қилган.
Тетраспорик муртак халталарнинг орасида энг оддийси Adoxa-тип муртак халта ҳисобланади. Бу саккиз ядроли муртак халта макроспоранинг оналик ҳужайрасини уч марта бўлиниши натижасида ҳосил бўлади.
Fritillaria – типидаги муртак халта катта қизиқиш ҳосил қилади. Уни ҳосил бўлишида ядроларни ўзига хос жойланиши кузатилади. Битта ядро муртак халтанинг юқорисида, қолган учтаси пастки қисмида жойлашади. Тўртта ядронинг ҳаммаси бир вақтда бўлинади. Муртак халтанинг юқори қисмида иккита гаплоид ядро, унинг пастки қисмидаги ядро шундай қўшиладики, иккита триплоид ядро ҳосил бўлади. Бу жараёнга “Карано-Бамбичион” феномени дейилади. Ядроларни бўлиниши ва қўшилиши натижасида иккиламчи тўрт ядроли муртак халта ҳосил бўлади. Ядрони тўртинчи марта бўлинишидан кейин саккиз ядроли муртак халта юзага келади. Ундаги тухум аппарати ва юқориги марказий ядро гаплоид, антипод ва қуйи, пастки марказий ядро триплоид характерга эга.
Drusa-типидаги муртак халтани ривожланиб ҳосил бўлишида макроспоралардаги ядро Fritillaria–типидаги каби жойлашади. Бу ҳолатда пастки ядролар ўзаро қўшилмайди ва бунинг натижасида тўрт марта бўлинишдан кейин 16 ядроли муртак халта ҳосил бўлиб, унда 11 та антипод юзага келади.
Карано-Бамбичиони феномени Polygonim-типидаги муртак халтани ҳосил бўлишида ҳам рўй беради. Шунга боғлиқ ҳолда бу типдаги муртак халтада уч марта бўлинишдан кейин ҳосил бўлади. У тўртта ядро: иккита гаплоид ядро, тухум ҳужайра ва юқориги марказий ядролардан ҳамда триплоид ядро: антиподлар ва қуйи марказий ядродан иборат. Бу типдаги муртак халтада синергидлар ҳосил бўлмайди.
Биполяр муртак халталар орасида Tulipa tetraphyllum-типи ўзига хос тузилишга эгалиги билан характерланади. Бундай типдаги муртак халта уч марта бўлинишдан кейин тухум аппаратида бешта ҳужайра антиподда битта ҳужайра ҳосил бўлади.
Униполяр муртак халталарнинг орасида Fristemones-типи машҳур. У олдинги тип муртак халта билан ўхшаш бўлиб, ундан еттита тухум аппаратида саккизинчи марказий –ядро ҳужайраси мавжудлиги ва антипод ҳужайраларини ҳосил бўлмаслиги билан фарқланади. Тетраспорик муртак халталарга Penaea ва Plumbago-типлари мансуб. Penaea-типида муртак халта 16 ядроли. Ундаги тухум, антиподал ва ён аппарат уч ҳужайрали бўлиб, марказий ядронинг ҳужайраси тўртта ядронинг ўзаро қўшилиши натижасида ҳосил бўлади.
Plumbago-типидаги муртак халта саккиз ядроли бўлиб, уч мартта бўлиниши натижасида ҳосил бўлади. Марказий ҳужайранинг ядроси тўртта ядронинг қўшилиши натижасида ҳосил бўлади. Қолган тўртта ядро тухум ҳужайра, антиподлар ва ён ҳужайраларнинг ядролари бўлиб ҳисобланади. Plubago-типдаги ҳамда Plumbagella-типидаги муртак халталарда синергидлар ҳосил бўлмайди.
Полиполяр тетраспорали муртак халта Peperomia-типидаги кўринишда бўлиб, бу 16 ядроли муртак халта бўлиб тухум аппарат битта тухум ҳужайрага эга, марказий ҳужайранинг ядроси 8 та ядронинг ўзаро қўшилиши натижасида ҳосил бўлади. Қолган 7 та ҳужайра муртак халтанинг ёнида жойлашади.