Антиподлар – муртак халтанинг қарама-қарши қутбдаги ядролардан ҳосил бўлади ва халазал қисмида жойлашади (20-расм, 4 а). Муртак халтанинг ривожланишини дастлабки даврида антиподлар учта бўлади. Айрим ўсимликларнинг муртак халтасида антиподларнинг сони 6 тагача, айримларида 8 тагача ва ундан ҳам кўп бўлади. Бошоқдошлар оиласига мансуб ўсимликларда антиподларнинг сони 30 тага етиши мумкин. Ҳужайранинг пўсти полисахаридли плазмолеммадан иборат. Антиподларнинг ҳужайраларида майда вакуолалар мавжуд, ядро марказда жойлашган бўлиб, баъзи ҳолларда тухум ҳужайра ва синергидларга ўхшаб кетади. Лекин цитоплазмаси қуюқ бўлиши ва тўқ рангга бўялиши, шунингдек ҳаётийлиги, сони, ўлчамлари, ҳар бир ҳужайрадаги ядроларининг сони ва хромосома тўплами билан ҳам фарқ қилади.
Антиподаларнинг муртак халтадаги аҳамиятини мутахассислар озиқ моддалар билан таъминлаш деб ҳисоблайдилар. Бу нуқтаи назар муртак халтанинг халазал қисмини юксак даражадаги метаболлик фаолиятининг гистокимёвий маълумотлари билан тасдиқлайдилар.
Муртак халта пўстининг мавжудлиги ҳақида мутахассисларни турли фикрлари мавжуд. Тадқиқотчиларнинг бир гуруҳи муртак халта ўз пўстига эга бўлиб, ривожланишнинг барча дарвларида, шунингдек етилган муртак ва эндосперм юзага келгунча сақланади, деб ҳисоблашади. Бу фикрнинг тасдиғи сифатида яхлит муртак халтани уруғкуртакнинг, тўқималаридан мацерация қилиш орқали ажратиб олиш мумкин, деб ҳисоблайдилар.
Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, муртак халтанинг пўсти ривожланишининг дастлабки даврларида пайдо бўлиб, муртак халта етила борган сари, у йўқолиб кетади. Ва ниҳоят, учинчи гуруҳ муаллифлар етилган муртак халта ўз пўстига эга эмас, уни ўраб турган уруғкуртак ҳужайраларини полисахаридли пўсти билан ажралган холос деб эътироф этади.
Муртак халтанинг ультра тузилиши ва цитокимёси. Муртак халтанинг ультра тузилиши. Ҳозирги кунда ғўза, каноп, маккажўхори, қоқиўт, арпа каби кўплаб ўсимликларнинг муртак халтасини ультра тузилишлари ўрганилган. Тўрт ядроли муртак халтадаги барча органоидлар муртак халтанинг она ҳужайрасидагига нисбатан анча ўзагаришларга учраганлиги аниқланган. Митохондрийларнинг сони ва уларни ўлчамлари ошганлиги, фаол диктиосомаларнинг сони ва ядро мембранасидаги пораларнинг сони ҳам ортганлиги натижасида рўй берган ўзгаришлар тўрт ядроли муртак халтани бир ядролига нисбатан фаоллигидан далолат беради.
Етилган муртак халтанинг ҳужайраларини ультра тузилишларида ҳам фарқ кузатилган. Бу уларнинг турли физиологик фаолликка эгалигидан далолат беради. Синергидлар юксак даражада табақалашган метаболлиги фаол ҳужайралар ҳисобланиб, уларнинг цитоплазмасида яхши ривожланган эндоплазматик тўр, митохондрий, пластид, лизосома, ёғ томчилари ва кўплаб диктиосомалар учрайди. Эндоплазматик тўр ва митохондрийлар асосан, ипсимон аппаратни яқинида жойлашади. Ядро ташқи пўстининг кўплаб жойларида эндоплазматик тўр билан боғланишларни ҳосил қилган.
Тухум ҳужайранинг метоболлик фаолияти сезиларсиз бўлиб, ҳужайра цитоплазмасида барча ҳужайраларга хос органеллалар тутишига қарамай, уларнинг сони синергидлардагидан кам бўлади. Бундан ташқари цитопалазмадаги органоидларнинг ривожланганлиги ҳам юқори даражада эмас. Митохондрийлардаги кристалар яхши намоён бўлмаган. Рибосомалар полисомаларга жамланмаган, баъзан эндоплазматик тўр ҳам сезиларли даражада ривожланмаганлиги аниқланган.
Марказий ҳужайра цитоплазмасидаги органоидлар бошқа ҳужайраларни метаболлик фаоллигидан юқори. Унинг цитоплазмасида пластидлар мавжуд бўлиб, крахмал тутади, кристалари яхши намоён бўлган митохондрийлар кўп, донадор ва силлиқ эндоплазматик тўр сони кўп, рибосомалар полирибосомаларга жамланган. Мараказий ҳужайранинг характерли белгиси диктиосомаларнинг сонини кўплиги ҳисобланади.
Антиподиал ҳужайралар фаол ҳужайралар белгисини намоён қилади. Уларнинг цитоплазмасида митохондрийлар, диктиосомалар, пластидлар ядро билан ўзаро боғланишни ҳосил қилган мустақил ёки эндоплазматик тўр билан боғланган рибосомалар кўп. Антипод ҳужайраларнинг ядроларида поралар ҳам талайгина. Ҳужайраниг пўстида плазмодесмалар мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |