А рхеспорий. Уруғкуртак ривожланишининг дастлабки босқичларида эпидермисни остидаги нуцеллуснинг марказий қисмида унинг атрофидаги бошқа ҳужайралардан анча катталиги ва қуюқ цитоплазмага эгалиги билан фарқланадиган бир ёки бир нечта ҳужайра, бирламчи археспорий, соддароқ айтганда археспориал ҳужайралар ҳосил бўлади.
17-расм Уруғчи археспориялар типлари (схемаси).
Археспорийлар бир, икки, ва кўп ҳужайрали бўлиши мумкин. Археспориал ҳужайраларнинг сони ва уларнинг кейинги ривожланиб боришига кўра олти тип уруғчи археспория фарқланади (17-расм).
I тип. Археспориал ҳужайралар кўп миқдорда ҳосил бўлади. Уларнинг ҳар бири иккига бўлиниб қопловчи эпидермис томонга қараган, иккинчиси спороген нуцеллусга қараган иккита ҳужайрани ҳосил қилади. Қопловчи, ҳужайралар яна бир неча марта бўлинади, спороген ҳужайралар макроспоранинг (макроспороцитнинг) оналик ҳужайраларини ҳосил қилади.
II тип. Битта археспорий ҳужайра табақалашади, у бўлиниб қопловчи (ўровчи) ва спороген ҳужайрани ҳосил қилади. Қопловчи ҳужайра бир неча марта бўлинади. Спороген ҳужайра эса макроспоранинг оналик ҳужайрасига айланади.
III тип. Битта археспориал ҳужайра табақалашади, у бўлиниб қопловчи ва спороген ҳужайраларни ҳосил қилади. Қопловчи ҳужайра кейинчалик бўлинмайди, спороген ҳужайра эса макроспоранинг оналик ҳужайрасига айланади.
IV тип. Битта археспориал ҳужайра табақалашади, у бевосита макроспоранинг оналик ҳужайрасига айланади.
V тип. Бир неча археспориал ҳужайралар табақалашиб, макроспоранинг оналик ҳужайраларига айланади.
VI тип. Битта археспориал ҳужайра табақалашади, у муртак халтанинг оналик ҳужайрасига айланади.
Ҳозирги кунда археспорийнинг эволюцияси нуцеллус эволюцияси каби аста-секин билан редукцияланиб борган деб ҳисобланади. Археспорийдаги редукция иккита йўналишда: бир томондан археспорий ҳужайраларини сонини камайиши; иккинчи томондан ҳужайралар бўлиниш сонининг бирламчи археспориал ҳужайрадан муртак халтанинг оналик ҳужайраси ҳосил бўлишигача бўлган даврни қисқариши яъни қопловчи ҳужайраларнинг ҳосил бўлишининг чекланиши, ва археспориал ҳужайранинг бевосита макроспороцитнинг оналик ҳужайраларига айланиши ҳатто, муртак халтанинг оналик ҳужайрасини ҳосил қилади. Археспорийнинг редукцияси нуцеллус редукцияси билан боғлиқ бўлиб, одатда тенуинуцеллят уруғкуртакларда битта археспорий ҳосил бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |