Тилшуносликнинг фанлар системасидаги ўрни
Юқорида баён қилинганлардан маълум бўлдики, тилшунослик бошқа фанлар билан маълум муносабатдадир. Бу эса тилшуносликнинг фанлар системасидаги ўрнини белгилашда бир қадар қийинчилик туғдиради.
Тилшуносликни у ёки бу фанлар синфига киритишда мазкур фан ўрганадиган объектнинг табиати асос қилиб олинади. Бу жиҳатдан унинг ўрганиш объекти ҳам кўп қиррали, мураккабдир. Биринчидан, тил кишиларнинг энг муҳим алоқа воситаси, билимларини сақловчи ва келажак авлодга етказувчи, кишиларда эстетик завқ уйғотувчи қудратли восита. Ана шу вазифаларини эътиборга олганда, тил ижтимоий ҳодисадир. Чунки у муайян жамият учун хизмат қилади. Агар шу жамият бўлмаса, унинг тилига ҳам зарурат қолмайди. Жамиятдаги ҳар бир ўзгариш унинг тилида ўз изини қолдиради. Тилни ана шундай ижтимоий моҳият сифатида ўрганиш тилшуносликни ижтимоий фанлар таркибига киритишга асос бўлади.
Иккинчидан, моҳиятан ижтимоий характерга эга тил муайян физик ва физиологик жараёнлар асосида моддийлашади. Тилнинг ана шу моддийлашиш томонини ўрганиш тилшуносликни табиий фанлар сирасига киритиш имконини туғдиради. Шунинг учун А.Аъзамов тилшуносликни табиий фанлар қаторида санайди.
Учинчидан, тил ва тафаккур ўзаро ажралмас. Тил фикрни шакллантирувчи ва ифодаловчи моддий воситадир. Бу жиҳатдан тил ва тафаккур шакл ва мазмун диалектикасини ўзида намоён этади. Тилнинг ана шу жиҳатларини ўрганиш томони тилшуносликни фалсафа, мантиқ, психология фанлари тизимига киритишга асос бўлади.
Тўртинчидан, тил узлуксиз ривожланиб, такомиллашиб борувчи ҳодисадир. Бу жиҳатдан у жонли организмга ўхшайди. Тилнинг ана шу динамик хусусиятларини ўрганиш томонидан тилшунослик биология фанлари билан умумий белгиларга эга.
Буларнинг ҳаммаси тилнинг нақадар мураккаб, кўп қиррали ҳодиса эканидан далолат беради. Шунинг учун тилшунослик тарихида уни турли фанлар синфига киритишга уринишлар бўлган.
Ҳали тилшунослик алоҳида фан бўлиб ажралиб чиқмасдан олдин унга тегишли муаммолар фалсафа таркибида ўрганилди. Хусусан, Арасту, Платон, Форобий сингари олимларнинг тил муаммолари билан шуғулланиши ана шу аспектда олиб борилди.
Араб тилшунослигида ўрта асрлардаёқ тилшунослик фалсафадан ажратилди. Тилшуносликнинг лексикография, этнография, графика каби соҳалари билан шуғулланадиган алоҳида мутахассислар дунёга келди. Лекин бу ишларнинг ҳаммаси умумий филологик йўналишда олиб борилди.
Тилшунослик мустақил фан соҳаси сифатида XIX асрдагина ажралиб чиқди. Лекин унинг фалсафа, психология, мантиқ фанлари билан узвий алоқадорлиги сақланиб қолди. Шунинг учун умумий ва қиёсий-тарихий тилшуносликнинг асосчилари бўлган Яков Гримм, Расмус Раск, Вильгельм Гумбольдт сингари олимлар бир вақтнинг ўзида йирик файласуф ҳам эдилар. Шу билан бирга, барча кўзга кўринган файласуфлар тилшунослик масалалари юзасидан ҳам баҳс юритдилар. Мисол тариқасида Ж.Руссо, В.Чернишевскийни кўрсатишимиз мумкин.
Тилшунослик ва фалсафанинг бундай зич алоқада ўрганиш ҳар икки фанни бойитиш учун катта хизмат қилса-да, лекин уларнинг аниқ чегарасини белгилаш, ўзига хос хусусиятларини чуқур таҳлил этиш учун халақит берар эди. Натижада тилшунослик ва фалсафа мустақил, айни пайтда, алоқадор фанлар сифатида ўрганила бошлади.
Табиий фанларнинг ривожланиши, бу фанларда улкан кашфиётлар қилиниши натижасида тилшуносликни ҳам табиий фанлар қаторига киритиш, мазкур фан ўрганувчи тилни эса биологик ҳодиса сифатида қараш ҳолатлари вужудга келди. Хусусан, XIX аср ўрталарида Ч.Дарвин таълимоти асосида табиатшунослик фанларининг гуллаб-яшнаши даврида дарвинизмнинг тилшуносликка ҳам таъсири кучайди. Тилшуносликда немис олими А.Шлейхер раҳбарлигидаги натуралистик йўналиш майдонга келди. Бу йўналиш тарафдорлари биология қонунларини тилнинг ички тузилиш тарихий тараққиётига нисбатан қўллашга интилдилар. Тилни биологик ҳодиса, тилшуносликни эса биология фанлари таркибидаги фан сифатида қарашга уриндилар. Натижада тилшунослик табиатшунослик фанлари асирлигида қолди.
XIX аср бошларидан эса тилшуносликнн бошқа фанлардан ажратишга, унинг тадқиқот объектини аниқ белгилашга эътибор қаратилди. Бундай ҳаракат, айниқса, машҳур швейцар олими Фердинанд де Соссюр асарларида ёрқин ўз ифодасини топди. Унинг тилни «ўзида ва ўзи учун» ўрганиш лозим деган шиори ана шу ҳаракатнинг ёрқин ифодасидир.
Ф.де Соссюр лингвистикани ташқи ва ички лингвистикага ажратгани ҳолда тил билан алоқадор ҳодисаларни ташқи лингвистиканинг ўрганиш объекти ҳисоблади. Масалан, тилнинг шу тил эгаси бўлган жамиятнинг маданияти, тарихи, тафаккури ва бошқалар билан муносабати. Тилнинг ички тузилиши, тузилиш бирликлари ўртасидаги муносабатлар ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари каби масалалар ички лингвистиканинг ўрганиш объекти сифатида ажратилди. У тилшуносларни ички лингвистикадан ташқарига чиқмасликка чақирди. Ана шу даъват асосида тилшунослик тарихида структур тилшунослик деб юритилувчи йўналиш дунёга келди.
Шу билан бирга, Ф.де Соссюр тилни белгилар системаси деб ҳисоблайди ва лингвистик белгиларнинг бошқа белгилар билан умумий жиҳатлари мавжудлигини таъкидлаган ҳолда, умуман, белгиларни ўрганувчи алоҳида фан тармоғи – семиологая бўлиши лозимлигини баён қилади. Демак, тилшунослик ҳам семиология (семиотика) фанлари таркибига киритилади.
Структур тилшунослик вакиллари ички лингвистика доирасида фаолият кўрсатиши билан умумийликни ташкил этсалар-да, лекин улар тилнинг ички тузилиши бирликларининг қайси жиҳатларига кўпроқ эътибор беришлари нуқтаи назаридан ўзаро фарқланадилар. Хусусан, Прага тилшунослик мактаби вакиллари структур бирликларнинг функдионал томонига, Копенгаген мактаби вакиллари эса уларнинг имманент (зотий) томонига кўпроқ эътибор қаратдилар.
Структуралистлар тадқиқотнинг янги методларини қидирдилар. Бу йўлда физика ва математиканинг тадқиқот методларига яқинлашишга ҳаракат қилдилар. Натижада физика ва математиканинг тадқиқот усулига бир қадар яқин келадиган янги тадқиқот системасини яратдилар.
Сўнгги даврларда ахборот назариясининг кучайиши, автоматик таржиманинг кенгайиши натижасида айрим Ғарбий Оврупо олимлари томонидан тилшуносликни аниқ фанлар – техника фанларига киритишга уриниш ҳоллари сезилмоқда.
Тил ўзи билан боғлиқ бир қанча ҳодисалар билан қанчалик узвий алоқада бўлмасин, энг аввало, ижтимоий ҳодисадир. Чунки у жамиятнинг алоқа-аралашув эҳтиёжини қондириш талаби билан юзага келган ва ана шу жамиятнинг тақдири, тарихий тараққиёти, турмуш тарзи, маданияти ва ҳоказолар билан боғлиқ равишда ривожланади. Шундай экан, унинг ижтимоий фанлар сирасига кириши табиийдир. Бошқа ижтимоий фанлардан фарқли равишда табиий фанлар билан туташ нуқталари мавжуд. Демак, ижтимоий фанлар системасида тилшунослик чегара ўринни эгаллайди. Бу чегара табиий фанлар билан ижтимоий фанларнинг оралиғини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |