Тилшуносликнинг этнография билан муносабати
Тил билан шу тил эгаси бўлган халқ узвий алоқададир. Халқ тарихидаги ҳар бир воқеа, урф-одатлари, турмуш тарзи унинг тилида акс этади. Шунинг учун тил билан шу тил эгаси бўлган этнос ўртасида қандай мустаҳкам алоқа мавжуд бўлса, уларни ўрганувчи тилшунослик билан халқ тарихи ва этнография ўртасида ҳам шундай алоқа бор.
Халқ, элатнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётида рўй берган ҳар бир ўзгариш унинг тилида ҳам ўз ифодасини топади. Шунинг учун халқ тарихи учун тарихий ҳужжатлар, археологик ёдгорликлар гувоҳлик беролмаган тақдирда ҳам, унинг тили қимматли материаллар бериши мумкин. Айниқса, топоним, этноним, этнотопонимларни халқ тарихини инобатга олмай туриб ўрганиб бўлмайди. Шу билан бирга, тилшунослик этнография билан ҳам узвий алоқададир.
Тилнинг шу тил эгаси бўлган этнос маланиятига муносабатини, тилнинг функцияланиш ва ривожланиш жараёнида тил билан этномаданият, этнопсихологик омиллар ўртасидаги алоқани ўрганишга эҳтиёж туфайли этнолингвистика йўналиши вужудга келди.
Этнолингвистика атамаси грекча etnos – халқ, қабила ва лингвистика сўзларидан олинган бўлиб, мустақил лингвистик йўналиш сифатида XIX асрнинг 70-йилларида Шимолий, кейинроқ Марказий Америкадаги ҳинду қабилаларининг тили, маданияти, урф-одатларини ўрганишнинг кучайиши билан пайдо бўлди. Лекин мазкур йўналишнинг илк даврида кўпроқ этнография масалаларига диққат жалб қилинди, фақат асримизнинг 20-йилларида лингвистик томонига эътибор кучайтирилди.
Этнолингвистиканинг мустақил лингвистик йўналиш сифатида шаклланишида Америка тилшуноси, этнографи Ф.Боас ва унинг ўқувчиларининг хизмати катта. Улар йўналишнинг муаммолар доирасини ва тадқиқот методларини белгиладилар. Этнолингвистика Америка олимлари асарларида кўпинча «антрополингвистика», «этносемантика» атамалари билан ҳам алмаштириб қўлланилади.
Этнолингвистика муаммоларидан энг муҳими сифатида Америка ҳиндулари тилларининг генетик қариндошлигини аниқлаш масаласи қаралди.
Бу тилларнинг таснифи дастлаб маълум тамойилга асосланмаган ҳолда, тахминларга таяниб қилинган бўлса, кейинчалик Э.Сепир, С.Лем, М.Сводеш, Ж.Л.Трейжер ва бошқалар томонидан аниқ илмий методларга таянилди. Ҳиндулар тилларини синфларга бирлаштиришда ҳиссий-тарихий (Э.Сепир, С.Лем), глоттохронологик (М.Сводеш), тарихий-типологик ва ареал (К.Хейил, Ж.Л.Трейжер) методлардан фойдаланилди.
Тилларнинг таснифидан ташқари, яна тилларнинг ва маданиятларнинг ўзаро таъсири, билингвизм масалалари, тил тараққиётига ижтимоий маданиятнинг таъсири каби муаммолар ҳам этнолингвистиканинг ўрганиш доирасига киритилди.
Дастлаб этнолингвистика доирасига семантика ҳам киритилган эди. Лекин кейинчалик дескриптив лингвистиканинг авж олиши натижасида семантика лингвистик тадқиқотлар доирасидан чиқарилди.
Тилнинг семантик томонига эътибор асримизнинг 50-йиларида Сепир-Уорф гипотезасини кенг муҳокама қилиш жараёнида қайта жонланди. Айни пайтда, этнолингвистика масалаларига ҳам яна эътибор кучайди. Бу даврда семантикага эътиборнинг қаратилиши натижасида узвий таҳлил методи амалиётда кенг қўлланилди. Бундай усул ёрдамида турли тилларда социал-маданий хусусиятларни ифодаловчи сўзлар гуруҳи (қариндош-уруғ номлари, ранг билдирувчи сўзлар) атрофлича таҳлил этилди.
Шунингдек, турли этник гуруҳларда қўлланиладиган паралингвистик воситалар, фольклор материалларини ўрганиш ҳам этнолингвистика объектига киритилди. Хусусан, асримизнинг 70 – 80-йилларида фольклор материалларига эътиборнинг тортилиши тил ва маданият ўртасидаги алоқанинг янги турларини очишга имконият яратди ва бу билан этнолингвистиканинг ўрганиш доирасини кенгайтирди.
Ҳозирги кунда этнолингвистика дунёнинг деярли барча мамлакатларида тилшуносликнинг бир йўналиши сифатида эътироф этилди ва бу йўналиш бўйича кенг тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |