Тилшуносликнинг социология билан муносабати
Тил ижтимонй ҳодиса бўлганидан жамият билан, жамиятнинг ҳаёти билан узвий алоқададир. Демак, унинг ижтимоий моҳияти, ижтимоий вазифаси, тилга социал омилларнинг таъсири, тил тараққиётида тил сиёсатининг роли каби қатор масалаларни ўрганиш билан шуғулланувчи тилшунослик йўналишининг яралишига катта эҳтиёж туғилди.
Ана шундай амалий эҳтиёж билан тилшуносликда социал йўналиш ва социалингвистика дунёга келди. Социалингвистиканинг асосий ўрганиш муаммоларидан бири тилнинг социал дифференцияси масаласидир.
Муайян бир тилда гаплашувчи жамиятнинг социал гуруҳланиши хилма-хилдир. Шунга кўра, ҳар қайси гуруҳнинг ўзига хос лингвистик белгилари мавжуд. Масалан, ҳудудий фарқланиш, касбий фарқланиш ва бошқ. Ҳар қайси социал гуруҳнинг ўз лингвистик белгисига кўра фарқланиши, унинг ижтимоий сабабларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Социалингвистиканинг иккинчи муҳим муаммоси маълум бир жамиятдаги тилнинг яшаш шакллари мажмуаси сифатида баҳоланадиган тил вазияти масаласидир.
Масалан, собиқ шўролар даврида бир неча тилларнинг мавжуд бўлгани ҳолда, битта тилга, асосан рус тилига катта имтиёз берилгани туфайли, бошқа тиллар рус тили таъсирида қолиб кетди.
Тил вазияти икки гуруҳга бўлинади:
1) экзоглосс вазият, яъни турли тиллар мансуб бўлган тилларнинг бир жамиятда фаолият кўрсатиши;
2) эндоглосс вазият, яъни бир тилнинг турли кичик системаларининг фаолият кўрсатиши.
Тилларнинг ўзаро таъсири ва лексик олинмалар муаммолари ҳам социалингвистиканинг ўрганиш объектидир.
Социалингвистиканинг энг муҳим муаммоларидан яна бири билингвизм масаласи. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида икки тилда тенг гаплашувчи аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ҳар икки тилда эркин фикр алмашиши қонун билан ҳимоя қилинади.
Билингвизм шароитида, албатта, икки тил ўзаро бир-бирининг таъсирига учрайди. Ана шу таъсирни ўрганиш ҳам социалингвистиканинг ўрганиш объектига киради.
Социалингвистика муаммолари ичида тил ва тил сиёсати масаласи энг муҳим ўринни эгаллайди. Собиқ Иттифоқ даврида миллатларни ва уларнинг тилларини бирлаштириш сиёсати олиб борилди. Бунинг натижасида етмиш йил ичида айрим майда этнослар ва уларнинг тиллари (масалан, юкагирлар) йўқолиб кетди. Рус бўлмаган бошқа миллатлар ва уларнинг тилларида ҳам турғунлик, фаолият доирасининг чекланиши хукм сурди.
Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришгач демократик тамойилга асосланган тил сиёсати юритила бошлади. Бунинг ёрқин гувоҳи сифатида Давлат тили ҳақидаги қонуннинг тўққизта моддаси Ўзбекистон ҳудудида яшайдиган бошқа халқ вакиллари ва уларнинг тиллари ҳимоя қилинишига қаратилганидир.
Бундан ташқари, социатингвистика миллат ва миллий тил, тил ва жамият каби масалалар билан ҳам шуғулланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |