Тилшуносликнинг адабиёт билан муносабати
Тилшунослик бадиий адабиёт билан ҳам узвий алоқададир. Чунки тил алоқа воситаси сифатида муайян ахборот ташувчи оддий белгилар системасигина бўлиб қолмай, балки тингловчига таъсир қилувчи қудратли восита ҳамдир. Тилнинг биринчи функцияси анъанавий ва систем-структур тилшуносликнинг ўрганиш объекти бўлса, иккинчи функцияси лингвопоэтиканинг ўрганиш объектидир.
Лингвопоэтика лингвистик поэтиканинг қисқарган шакли бўлиб, бадиий асарларда қўлланилган лисоний бирликларнинг (фонетик, морфемик, лексик ва бошқ.) бадиий-эстетик вазифаларини, тилнинг коннотатив функциясини ўрганади. Бошқача айтганда, лингвопоэтика тилшуносликнинг бадиий нутқни ўрганувчи бўлимидир.
Бадиий нутқ бадиий адабиётнинг баён қилиш воситаси саналади. Филология тарихида бадиий асар тили ва поэтик тил атамалари тез-тез учраб туради. Мазкур атамалар ифодалаган тушунчалар бир-бирига жуда яқин турса ҳам, лекин ўзаро маълум жиҳатлари билан фарқ қилади. «Образ», «услуб», «кўчим (троп)», «бадиий тил», «стилистика», «поэтика» каби тушунчалар бадиий асар тили ва лингвистик поэтикага дахлдор тушунчалардир.
В.П.Григорьевнинг таъкидлашича, бадиий тил кенг қамровли объект сифатида функционал даражаланган қисмларга, фрагментларга бўлиниш хусусиятига эга.
Амалда кенг қамровли объектнинг айрим фрагментларигина бадиий нутқнинг таҳлилига берилади. Ана шундай асосий фрагмент бадиий асар тили саналади. Кўринадики, бадиий нутқ бадиий асар тилига нисбатан кенгроқ тушунчадир. У тилнинг экспрессив функциясини ўз ичига олади. Бадиий асар тили эса бадиий нутқнинг бир кўриниши, бир фрагменти ҳисобланади.
Бадиий нутқни ўрганувчи лингвистик поэтика ҳам тил системаси барча сатҳ бирликларининг бадиий-эстетик функциясини қамраб олади. Фонетик-фонологик сатҳда фонетик бирликлар ҳам бадиий-эстетик вазифа бажариши мумкин. Хусусан, бир хил товушларнинг, бир хил бўғинларнинг такрорланиши шеъриятда гўзалликни, таъсирчанликни таъминловчи восита саналади.
Лексик сатҳда лексемаларнинг кўчма маъноларда қўлланилиши (метафора, метонимия ва бошқ.), муболаға, мейозис каби ҳодисалар ҳам таъсирчанликни оширади ва ЛПнинг текшириш объекти саналади.
Шунингдек, гап бўлакларининг ўринлашиши, гап таркибида бир хил бўлакларнинг такрорланиши каби ҳодисалар ҳам бадиий нутқни шакллантиришда хизмат қилади.
Шундай қилиб, ЛП тилнинг қайси сатҳ бирлигининг бадиий-эстетик функциясини ўрганишига қараб фонетик поэтика (ФП), лексик поэтика (ЛекП), синтактик поэтика (СП) каби қисмларга бўлинади.
ЛПнинг ҳар қайси турини алоҳида-алоҳида ўрганиш ва уларнинг ўзаро муносабатини очиш ҳозирги тилшунослик олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Do'stlaringiz bilan baham: |