7.6. Контакт коррозияси. Контакт коррозияси икки ва ундан ортиқ турли металларнинг ўзаро бириккан (контактда бўлган) жойларида вужудга келади. Коррозиянинг бу тури турли электрокимёвий табиатга эга бўлган металлар (масалан углеродли пўлат – зангламайдиган пўлат, углеродли пўлат – алюминий ёки унинг қотишмаси ва б. системалар) контактида электролит эритмалари муҳитида ривожланади. Контакт коррозияси бир хил металлдан тайёрланган конструк-цияларнинг ковшарланган ёки пайвандланган жойларида ҳам пайдо бўлади. Бундай коррозия бир хил русумли металлдан тайёрланган, бироқ шу металл доирасида хоссалари кескин фарқ қиладиган деталларнинг контактида ҳам кузатилади. Металл электрокимёвий характеристикаларининг ўзгаришига олиб келадиган механик кучланишлар ҳам бир хил металлдан тайёрланиб, турлича механик ишлов берилган деталларнинг бирикишида контакт коррозиясига олиб келиши мумкин. Шундай қилиб, мураккаб металл объектларга конструкцион нуқтаи назардан нотўғри жило берилганда ҳам контакт коррозияси туфайли улар муддатидан олдин ишдан чиқиши мумкин.
Контакт коррозиясида системанинг иккала ташкил этувчилари сиртида ҳам йиғинди анод ва катод қутбланиш эгриликларининг кесишиш нуқтаси билан аниқланадиган муроса потенциали вужудга келади. Бу потенциалда системадаги иккала ташкил этувчининг эриш тезлиги, ҳар бир ташкил этувчининг айнан бир эритмадаги алоҳида эриш тезликларидан фарқ қилади.
Электрокимёвий табиати турлича бўлган металлар контактида потенциали манфийроқ бўлган металл анод ва потенциали янада мусбатроқ бўлгани — катод вазифасини бажаради. Система эгаллаган потенциалга боғлиқ ҳолда катоднинг эриш тезлиги айнан шу эритмадаги унинг хусусий тезлигидан катта, кичик ёки унга тенг бўлиши мумкин.
Контакт коррозиясининг амалдаги ҳодисаларидан бири дифференциал аэрация жуфтлигининг ҳосил бўлишидир.
Бир хил металлдан тайёрланган металл конструкциянинг турли қисмларида катод жараёни тезлигининг турлича бўлиши оқибатида эркин коррозиянинг ҳар хил потенциали ҳосил бўлганда дифференциал аэрация жуфтлиги юзага келади. Бу турдаги коррозия катод реакциялари асосий деполяризатор – кислород етиб келиши диффузион чекланган шароитларда кечадиган, яъни ер ости иншоотларида кузатилади. Кислород концентрация-сидаги фарқ одатда иншоотларнинг турлича хоссаларга эга бўлган тупроқларда ётиши билан билан боғлиқдир.
Контакт коррозиясининг яна бир ҳоли бир хилдаги катод реакцияларида металл конструкциясининг турли қисмларида турлича эркин коррозия потенциалининг, анод реакцияси қонуниятларининг ўзгариши туфайли амалга ошганида кузатилади. Бу ўзгариш металлнинг турли таркибли муҳит билан контактда бўлганлиги оқибатидир. Бундай ҳолат кўпинча таркиби ва кислоталилиги турлича бўлган тупроқларда узоқ масофаларга чўзилиб ётувчи кувурларнинг ер ости коррозиясида кузатилади.
Ўхшаш ҳолат иссиқлик узатиш тизими қувурларини ишлатишда ҳам жуда кўп учрайди. Бунда коррозия иссиқлик узатиш ва ўтказиш шароитларида кечади, потенциалнинг ўзгариши ҳароратнинг таъсири туфайли бўлади. Кўп ҳолларда таъсир шу қадар кучли бўладики, металл конструкцияси сиртининг баъзи қисмларида потенциалнинг пассив, бошқа кисмларида – актив соҳаси тўғри келиши мумкин. Коррозиянинг кўриб чиқиган бу тури ишлаб чиқаришнинг жуда кўп соҳаларида фойдаланиладиган иссиқлик алмашиниш қурилмалари учун характерлидир.