Мавзу баёни:
Жағоғизлилар-энг кенг тарқалган ва кўп сонли умуртқали ҳайвон-лар. Хордалилар типига мансуб турларнинг 99,8%-ини ана шу гуруҳ ташкил этади. Улар ерда мавжуд бўлган барча муҳитда учрайди. Сувда тоғайли ва суякли балиқлар, қушлар, сутэмизувчилар синфлари вакиллари ҳаёт кечиради.
Жағоғизлилар – анча мураккаб тузилган умуртқалилар. Оғзи озиқ ёки ўлжани ушлаш функциясини бажарадиган жағлар билан таъминланган, жағлар жабра ёйларидан келиб чиққан. Ҳаракатланиш органлари икки жуфт сузгичлар ёки 5 бармоқли оёқлардан иборат. Бурун тешиги бир жуфт, ички қулоғида 3-та чала доира найлари бор.
Жағоғизлилар орасида балиқлар катта синфи вакиллари энг тубан тузилган ҳайвонлар ҳисобланади. Балиқлар катта синфи ўз навбатида тоғайли ва суякли балиқлар синфларига бўлинади.
Тоғайли балиқлар синфи вакиллари асосан денгиз ва океанларда яшайди. Тоғайли балиқларнинг тузилиши кўппак акула мисолида берилган. Унинг бўйи 1 м-га боради. Гавдаси узунчоқ. Бошининг учида қазғичи бор. Бошининг ён томонларида 5 жуфтдан жабра ёриқлари жойлашган. Кўзларининг орқасида 2-та ҳалқумга очиладиган сачратқичлари бўлади. Гавданинг остки томонида думнинг олдида клоака бор. Дум сузгич қаноти тенг паллали бўлмайди, яъни устки палласи пасткисига нисбатан катта бўлади. Бундай дум сузгич қаноти гетероцеркал дум дейилади. Гавданинг олдинги ён томонига горизонтал жойлашган жуфт сузгич қаноти, орқа қисмининг қорин томонида эса жуфт қорин сузгич қаноти жойлашган.
Эркакларининг қорин сузгич қанотини бир қисми ўзгариб, копулятив органга айланган. Орқасининг кейинги томонида 2-та тоқ орқа сузгич қа-ноти жойлашган. Қорин сузгич қанотининг орқа томонида тоқ орқа чиқа-рув сузгич қаноти бўлади. Оғиз тешиги бошнинг остки томонида кўнда-ланг жойлашади. Оғзининг устки томонида бир жуфт бурун тешиги бор.
Эпидермиси кўп қаватли бўлиб, бир ҳужайрали безларга бой, чин тери толали бириктирувчи тўқимадан тузилган. Териси плакоид тангача билан қопланган. Бу тангача пластинка шаклида чин терида жойлашган. Тангача суякка яқин дентин деган моддадан тузилган, конуси эса махсус эмал моддаси билан қопланган. Плакоид тангачалар жағга ўтар экан, чин тишларга айланади. Бош билан тананинг икки ён томонида ён чизиқ сезув органи бор.
Скелети фақат тоғайдан иборат бўлиб, қуйидаги бўлимларга ажрати-лади: 1. ўқ скелети; 2. бош скелети; 3. жуфт сузгич қанотлар скелети; 4. тоқ сузгич қанотлар скелети. ўқ скелети бир нечта умуртқаларнинг ўзаро қўшилишидан ҳосил бўлган умуртқа поғонасидан иборат. Умуртқа-ларнинг танаси икки томонлама ботиқ амфицель типда бўлади. Умуртқа-ларнинг ичида ва умуртқалар орасидаги бўшлиқда хорда жойлашади. Гавдани тана бўлимидаги умуртқаларнинг ён томонларига қобирғалар бирла-шади. Қобирғалар танани устки ва ён томонларидан қоплаб туради.
Бош скелети 2 бўлимдан: мия қутиси ва висцерал скелетидан ташкил топган. Мия қутиси эшитув, кўрув ва ҳидлов органлари, тоғай капсулалари ҳамда қазғич бурун скелетларидан ташкил топган бўлиб, бу капсулалар бош мияни ҳамма томондан ҳимоя қилиб туради. Висцерал скелети жабра ёйи, тил ости ёйи ва жағ ёйларидан тузилган.
Жуфт сузгич қанотлар скелети сузгич ва эркин камар сузгич қанот-ларининг скелетидан ташкил топган. Кўкрак сузгич қанотлар камари ёки елка камари акула гавдасининг икки ёнидан ва пастки томонидан ўраб оладиган яхлит тоғай ёйидан иборат. Ёйнинг ўртасида бирикиш юзаси бўлиб, унга эркин сузгич қанот скелети бирикади.
Кўкрак сузгич қанотининг эркин скелети 3 бўлимдан иборат. Кўкрак сузгич қанотининг камарига тегиб турган қисми 3-та тоғай – базалиялардан, базалияларга бириккан таёқчасимон радиалиялардан ва буларга бириккан узун эластик иплардан ташкил топган. Қорин сузгич қанотла-рининг камар скелети ёки чаноқ камари таёқчасимон тоғайдан иборат. Қорин сузгич қанотининг эркин скелетидан фақат 1-та базалия бўлади. Базалиянинг ташқи четига радиалиялар бирикади.
Бош мияси нисбатан катта. Нерв моддаси олдинги мия ярим шарларининг тагида, ён томонларида ва ҳатто қопқоғида ҳам бўлади. ўрта мия яхши ривожланмаган, миячаси йирик. Жуфт кўзлари типик тузилган, шох пардаси ясси, кўз гавҳари шарсимон бўлиб, устки ва пастки қовоқлари йўқ. Эшитув органи 3-та ярим найсимон каналдан тузилган ички қулоқ-дан иборат. Ён чизиқ органлари тери остига ўрнашиб, ён чизиқ каналини ҳосил қилади. Ҳид билув ҳалтачалари жуфт ва ички учлари берк бўлади.
Ҳазм органлари оғиз бўшлиғига олиб кирадиган оғиз тешигидан бош-ланади. Жағларида плакоид тангачаларнинг ўзгаришидан ҳосил бўлган конуссимон тишлари жойлашган. Оғиз бўшлиғи ҳалқумга очилади. Ҳал-қумнинг икки ён томонида жабра ёриқлари жойлашган. Ҳалқумга яна сачратқич ҳам очилади. Ҳалқум қизилўнгачга, қизилўнгач эса ошқозонга очилади. Ошқозон ингичка ичакка очилади, шу жойда ошқозон ости бези жойлашган. Йўғон ичакнинг диаметри анча кенг ва ичида спирал клапани бор. У ичакнинг сўриш юзасини кенгайтириш учун хизмат қилади. Йўғон ичак клоакага очилади. Тана бўшлиғида талоқ жойлашган.
Нафас органлари бўлиб жабралар хизмат қилади. Ҳар бир жабра ёриғи бир учи билан ҳалқумга, иккинчи учи билан ташқарига очилади. Жабра тешиклари бир биридан кенг жабралараро тўсиқ билан ажралган ва бу ерда жабра ёйлари жойлашади. Жабра ёриқларининг олдинги ва кейинги деворларида жабра япроқлари бошқа балиқлардаги сингари эктодерма ҳисобидан ривожланади.
Акуланинг юраги вена синуси, юрак бўлмаси ва қоринчаси, артериал конусдан иборат. Артериал конус юрак сингари кўндаланг тарғил мускулдан тузилган. Конусдан қорин аортаси бошланади. Қорин аортасининг чап ва ўнг томонидан 5 жуфт жабрага олиб келувчи артериялар чиқади ва қон жабрада кислород билан тўйиниб, артерия қонига айланади. Артерия қони жабрадан олиб кетувчи артерияларга йиғилади. Жабрадан олиб кетувчи артериалар жуфт аорта илдизларига қуйилади. Аорта илдизлари кейинги томонда ўзаро қўшилиб, гавданинг бутун қолган қисмини артериал қон билан таъминлайдиган тоқ орқа аортани ҳосил қилади.
Веноз системаси тоқ дум венасидан бошланади. Бу вена бир жуфт кейинги кардинал веналарга бўлиниб, буйракларга киради ва бир қанча капиллярларга бўлиниб, буйрак қопқа системасини ҳосил қилади. Буйраклардан яна бир жуфт кардинал веналар чиқиб, кейинги кардинал вена-ларга йиғилади. Гавданинг бош қисмидан веноз қон бир жуфт олдинги кардинал веналарга тўпланади. Олдинги ва кейинги кардинал веналар юрак олдида ўзаро қўшилиб, Кювье каналини ҳосил қилади ва у вена синусига очилади. Қорин ва ичаклардан қон ичак ости венаси билан жигарга киради ва капиллярларга тармоқланиб, жигар қопқа системасини ҳосил қилади, у ердан жигар венаси номи билан чиқиб, вена синусига қуйилади.
Айириш органи бўлиб тана буйраги-мезонефрос хизмат қилади. Чиқарув йўллари вазифасини Вольф каналлари бажаради ва клоакага очилади. Урғочисининг тухумдони тухум йўли билан қўшилмаган. Тухум йўли клоакага очилади. Урғочиларининг жинсий ва ажратиш йўллари бир-бири билан қўшилмаган. Жуфт уруғдонининг каналлари буйракнинг олдинги бўлими билан қўшилган. Уруғдон каналлари буйрак орқали ўтиб, Вольф каналларига қуйилади. Шундай қилиб, эркакларида Вольф канал-лари ҳам сийдик йўли, ҳам уруғ йўли вазифасини бажаради. Вольф каналлари ҳам клоакага очилади. Айрим жинсли, уруғланиш-ички. Айрим турлари тирик туғади.
Do'stlaringiz bilan baham: |