Оилада экологик ва ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйиш. оилада, шунингдек, экологик тарбияни ташкил этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. ота-оналар болаларни ёшликдан табиат билан ижобий муносабатда бўлишга ўргатиб боришлари, уларда “инсон табиатнинг бир қисми, шу сабабли табиатга етказилган ҳар қандай зарар унинг ўзига фалокат олиб келади” деган тушунчани сингдириб боришлари керак. оилада ташкил этилаётган экологик тарбия болаларда атроф-муҳитга, хусусан, табиатга нисбатан ижобий, масъулиятли муносабатни шакллантириш билан бирга уларда эстетик диднинг ўсишини ҳам таъминлайди. бинобарин, табиатнинг ўзи энг гўзал, энг мукаммал асаридир. болалар табиат гўзалликларидан баҳра олар эканлар, ўзларини унинг бир бўлаги, шу сабабли уни асраб-авайлашга масъул эканликларини чуқур англаб етадилар. шунингдек, “оила муҳитида ташкил этилаётган ҳовли саҳнини супириб-сидириш, гулзорларни ташкил этиш, кўчатларни ўтказиш ва уларни парвариш қилиш, маиший чиқиндиларни бартараф этишга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш каби ҳаракатлар болаларда табиатни асрашга нисбатан масъуллик туйғусини шакллантиради”84.
Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этилаётган мавжуд шароитда ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятга эга бўлишлари алоҳида аҳамиятга эга. Шу сабабли таълим муассасалари билан бир қаторда оила ҳам ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятга эга бўлишларини таъминлаш учун масъулдир. Оилада болаларни фарзанд, ижтимоий муносабатлар иштирокчиси ҳамда истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва бурчлари билан яқиндан таништириш мақсадга мувофиқдир. Чунки шахснинг айнан шу каби ижтимоий мақомлари ижтимоий муносабатлар жараёнида улар томонидан бурчларининг бажарилиши, ҳуқуқларидан ўринли фойдаланиш, айрим ҳолларда эса ҳуқуқлари поймал этилишининг олдини олиш имконини беради.
Оилада ташкил этиладиган ҳуқуқий тарбия фарзандларда “интизомлиликни, ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб бера олиш қобилиятини тарбиялашдан бошланади”. Ҳуқуқий тарбиянинг самарадорлиги фарзандларда жамиятда амал қилаётган қонунларнинг аҳамиятини тўғри тушуниш, уларнинг ҳаётдаги ролини оқилона баҳолаш, атрофдагиларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ўз ҳуқуқ ва бурчларини етарли даражада англаш, бурчларни виждонан адо этиш, шахсий ҳуқуқларини ҳимоялаш каби кўникма-малакаларнинг шаклланганлиги билан белгиланади.
Оиланинг болаларни иқтисодий муносабатларга тайёрлашдаги ўрни. Замонавий шароитда ёш авлоднинг чуқур иқтисодий билимларга эга бўлиши муҳим ўзига хос долзарблик касб этади. Бинобарин, бозор шароитида иқтисодий билимлардан хабардор бўлмаслик барча (айниқса, касбий фаолият, савдо-сотиқ ва истеъмолчи сифатида маиший хизмат кўрсатиш) соҳаларида суст фаолият кўрсатишга олиб келади. Шу сабабли ота-оналар оилада ҳам болалар томонидан иқтисодий билимларнинг ўзлаштирилиши учун шароит яратиб бера олишлари лозим. Бунда оила иқтисодиёти (оила хўжалигини юритиш) ва бюджетини шакллантириш жараёнига фарзандларни бевосита жалб этиш, қолаверса, уларда пул маблағларига нисбатан ижобий муносабатни шакллантириш, “ўзининг шахсий ҳамда оила аъзоларининг буюмлари, шунингдек, оила мулкига нисбатан масъулиятли ёндашишга”85 ўргатиб бориш зарур. Самарали ташкил этилган иқтисодий тарбия натижасида болалар “пулнинг инсон меҳнатига тўланадиган қиймат эканлигини тушунтириб бериш, уни оиланинг энг муҳим эҳтиёжлари учун ишлатиш лозимлигини”86 тушуниб етадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |