Перицикл зонасининг тузилиши ҳақида сўзлаб беринг?
Йиллик ҳалқаларнинг ҳосил бўлиши нима билан боғлиқ?
Ўзак нурлари қандай элементлардан иборат ва бу элементлар қандай вазифани бажаради?
Бирламчи ўзак нурлари иккиламчи ўзак нурлардан қандай фарқ қилади?
Пўстлоқ нима, у қандай ҳосил ва у қандай вазифани бажаради?
Машғулот 37 Барг, унинг марфологик ва анатомик тузилиши. Умумий маълумот Барг ўсимликнинг фосинтез, транспирация ва газ алмашуви сингари муҳим физиологик жараёнлари содир бўладиган ҳаётий муҳим аъзоси ҳисобланади. Бу уч ҳаётий муҳим вазифадан ташқари барг озиқа моддалар тўпланадиган ўриндиқ ва вегетатив кўпайиш вазифасини бажарадиган орган ҳам ҳисобланади. Ўсимликнинг ҳар қандай органи ҳам барг сингари ўзгарувчанлик қобилиятига эга эмас.
Гулли ўсимликларнинг барги ўсиш конусининг меристема ҳужайраларидан вужудга келади. Ўсиш конусининг уч қисмидан бир қадар пастроқда ён ҳужайра қатламлари вужудга келади. Бу қатламлар ўсиш конусининг бирламчи бўртмалари бўлиб, улардан вақт ўтиши билан барг шаклланади. Баргнинг ҳосил бўлишида корпус ва туника ҳужайралари иштирок этади. Туника ўсаётган поянинг ўсиш нуқтасидаги 1–4 қават меристема ҳужайраларидан иборат. Бу ҳужайралар ўсиш конусига нисбатан тескари йўналишда бўлинади. Туника остида жойлашган ҳужайралар комплекси корпус деб юритилади. Унинг ҳужайралари ҳар томонга турли йўналишда бўлиниш қобилиятига эга.
Меристема тўқималарнинг бўлиниши натижасида дастлаб баргнинг перферик (чет) қисми, шундан сўнг, барг шапалоғи ҳужайраларининг бўлиниши натижасида у катталаша боради. Барг шапалоғи шакллангач, у барг шапалоғи ва барг бандига ажралади. Кўпинча шу пайтнинг ўзида ўсимликларда барг олди барг ва ён баргчалар ҳам ҳосил бўлади.
Бошланғич баргнинг уч қисмидан барг шапалоғи ва барг банди, пастки қисмидан эса барг бандининг поя билан бирлашадиган жойида барг қини ҳосил бўлади. Барг банди шапалоғ тўлиқ шакллангандан сўнг ҳосил бўлади. Барг бандининг йўғонлашуви асосий тўқима ҳужайраларининг бўлиниши натижасида содир бўлади.
Барг банди шапалоғни қуёшнинг йўналишига қараб ўзгартириб туриш ва баргнинг маҳкамлиги вазифасини бажаради. Баргда одатда, ўсимликнинг турига кўра шапалоғи бир ёки бир нечта барг шапалоғи бўлиши мумкин. Барг шапалоғи, барг банди, барг қини ва барг олди баргчалари баргнинг аъзолари ҳисобланади. Улар оддий ва мураккаб баргларга бўлинади. Бир барг бандида бир барг шапалоғи бўлса, оддий барг, (48–расм) бир барг бандида уч ва ундан ортиқ барг шапалоғи жойлашган бўлса мураккаб барглар (49-расм) деб юритилади. Шунингдек барг томирларини жойлашуви билан ҳам тафовут этилади (50-расм).
Одатда барг морфологиясини ўрганиш жараёнида: барг қисмлари баргнинг тузилиши (оддий ёки мураккаб барглар). Томирланиши, пояда жойлашиши баргнинг шакли ўзгариши (метоморфозини 50–б) каби морфологик хусусиятларига этибор берилади.
Баргнинг морфологик тузилишини ўрганиш уларнинг гербарий коллекцияларини кўриб чиқиш ва анализ қилиш асосида олиб борилади.