Назорат саволлари
Қовоқ поясининг ўтказувчи най боғламлари қандай тузилишли?
Қандай най боғламларига радиал тузилишли най боғламлар деб юритилади ва улар қандай тузилишли.
Радиал тузилишли най боғламларида бирламчи камбий, бирламчи ва иккиламчи ёғочлик камбий тузилишини тушунтириб беринг.
Ўсимлик органлари (Органография)
Уруғли ўсимликларнинг ҳаёт ҳолати ҳайвонот олами ва бошқа тирик мавжудотлардан кескин фарқ қилади. Ўсимликларнинг индивидуал тараққиёт даври (онтогенез) турли хил кўринишда содир бўлади. Айрим қизғалдоқ, момақаймоқ, сўли, жавдар сингари ўсимликларнинг индивидуал тарққиёт даври бир йил давом этса, пиёз, саримсоқ, шолғом, сабзи, туруп сингари ўсимликларда бу давр 2 йил, бута ва дарахт ҳаёт шаклидаги ўсимликларнинг индивидуал тараққиёт даври бир неча ўн, юз ва ҳатто, минг йил давом этиши кузатилган.
Бир йиллик ўсимлик ўз индивидуал тараққиёт даврида бир марта уруғ беради. Кўп йиллик ўт, бута ва дарахт хаёт шаклидаги турлар эса бир индивидуал тараққиёт даврида кўп марталаб уруғ бериши билан характерланади. Лекин айрим кўп йиллик ўсимликлар борки, улар ўз индивидуал тараққиёти даврида фақат бир марта гуллаб уруғ беради. Бундай ўсимлик турлари монокарп турлар дейилади. Ўз индивидуал тараққиёт даврида бир неча марта уруғ ҳосил қилувчи ўсимликлар эса поликарп ўсимликлар деб юритилади.
Уруғ ўсимликлар учунгина эмас балки инсон ҳаётида ҳам муҳим хўжалик аҳамиятига эга. Маълумки, донли ўсимликлар–буғдой, арпа, шоли, жухори, дуккакли ўсимликлар–нўхат, ловия, мош каби ўсимликларнинг уруғи кишиларни нонга бўлган эҳтиёжини қондирса, ёнғоқ, бодом, кунжут, зиғир, кунгабоқар кабилар эса мой олиш учун, седана, зирк, зира сингари ўсимликларнинг уруғи зиравор сифатида ишлатилади. Ўсимликнинг ҳосилдорлиги экиладиган уруғнинг сифати билан боғлиқ. Уруғлик учун тўқ, тўла пишиб етилган, яхши сифатли уруғлар хиллаб танлаб олинади. Уруғнинг энг муҳим хусусиятларидан бири унинг унувчанлигидир.Уруғнинг унувчанлик қобиляти лаборатория шароитида текшириб аниқланади. Ўсимлик уруғининг тўлиқ ўниб чиқиши учун сув, ҳаво ва оптимал ҳарорат зарур омиллардан ҳисобланади. Ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши учун ҳавонинг оптимал ҳарорат 25-35 0С бўлгани маъқул. Шунингдек тупроқ харорати ҳам муҳим омиллардан саналади. Масалан, Мўтадил иқлимли минтақада тарқалган ўсимликлар учун тупроқнинг оптимал ҳарорати 0...+4 0С, себарга учун +0,5 0С, жавдарда +1 0С, зиғирда +2 0С, буғдойда +4 0С,субтропик ва тропик ўсимликлар учун тупроқ ҳарорати (+14... +18 0С) оптимал хисобланади. (Масалан, қовун уруғини ўниб чиқиши учун +15 0С, ғўза учун эса +14... +18 0Соптимал ҳисобланади.).
Шу билан бир қаторда, айрим узоқ тиним даврига эга бўлган ўсимликлар қулай шароитда ҳамма вақт ҳам униб чиқавирмайди. Уруғнинг тиним даврини қанча вақт давом этиши ва бошқа жуда кўп табиий сабаблар билан боғлиқ. Улардан бири уруғ куртагининг пишиб етилмаганлигидадир. Бундай ўсимликларнинг уруғи униб чиқиши учун узоқ вақт талаб қилиниши мумкин. Уруғда тиним даврининг мавжудлигига бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Кўпинча, уруғи ўсимликдан эндигина ажралиб, табиатга тарқалганда улар сув ва ҳаво ўтишига тўсқинлик қиладиган жуда қалин пўст билан ўралган бўлади. Айрим ўсимликларнинг пўст ҳужайраларида ўсишни секинлаштирадиган махсус кимёвий модда–ингибитор (лотинча ingibitio–тўсқинлик қиламан) бўлади. Лекин кўпчилик ўсимликлар уруғининг тиним даври, асосан, уруғ пўстининг қалинлиги билан боғлиқ бўлиб, бу уларнинг ўзига ҳос биологик хусусияти ҳисобланади. Шундай қилиб, уруғнинг тиним даврини ўташи ўсимликларда кўп учрайдиган ҳодиса ҳисобланади. Уларнинг бу биологик хусусиятини тарихий тараққиёт жараёнида муҳит шароитига мослашиш белгиларидан бири сифатида қараш мумкин. Ўсимлик уруғи тиним даври туфайли белгиланган вақтдан олдин униб чиқиш ва ҳалок бўлишидан сақланади, маълум вақт ўтиши билан тегишли табиий шароитда уруғни ўраб турган қалин пўст парчаланади ва уруғ муртаги униб чиқади.
Барча ўсимликларнинг уруғи ҳам узоқ тиним даврига эга бўлавермайди. Айрим ўсимликларнинг уруғи пишиб етилган заҳоти ўниб чиқади ва агар улар белгиланган вақт ичида ўниб чиқмаса, ўнувчанлик қобилиятини йўқотади. Ўсимликларда тиним даврининг давомийлигини унувчанлик қобилиятига қараб бир неча гуруҳга бўлиш мумкин.
Чуқур тиним даврига эга бўлган ва узоқ вақт давомида унувчанлик қобилятини сақлашга мослашган ўсимликларнинг уруғи 50-100 йил ва ундан ортиқ вақт ичида ҳам йўқотмайди (С.М. Мустафаев, 1982, 1989). Шунинг учун ҳам бегона ўтларга қарши кураш қийин, чунки уларнинг айримларининг уруғи 250–300 йил мобайнида ҳам ўнувчанлик қобилятини йўқотмайди.
Уруғи пишиб етилиши биланоқ униб чиқадиган ўсимликларда уруғнинг ўниб чиқиш қобилияти бир неча йилга қадар (7–12–18 йилгача) сақланади. Бу гуруҳга донли ва резавор ўсимликлар уруғини киритиш мумкин.
Уруғи тез ўниб чиқадиган ва ўнувчанлик қобилиятини қисқа муддат ичида йўқотадиган ўсимликлар. Тол, терак ўсимликларининг уруғи шундай хусусиятга эга.
Уруғи ўсимлик танасидан ажралмаган ҳолда ўнадиган ўсимликлар. Бундай ўсимликларни, кўпинча, тирик туғар ўсимликлар деб ҳам юритилади. Бундай ўсимликларга пиёзнинг айрим турлари, тропик минтақада кенг тарқалган ризафора деб аталадиган ўсимлик турлари мисол бўлади.
Ўсимлик ўниб чиқишидан олдин маълум миқдордаги сувни ўзига сингдириб, бўкади. Бу ҳолат ўсимликнинг ўниб чиқиши учун ниҳоятда муҳим жараён ҳисобланади, чунки уруғнинг бўкиши натижасида уруғ пўсти кенгайиб, запас озиқа моддалар эритма ҳолатига ўтади ва ферментатив жараён бошланиб, муртак тайёр озиқа моддалар ҳисобида ўса бошлайди. Натижада ўсимта деб аталадиган майда ёш ниҳол шаклланади (-расм). Ўсимтанинг шаклланган илдиз, поя ва барглари мавжуд. Илдизнинг поя билан улашган жойи илдиз бўйни деб юритилиб, ундан ер остига илдиз ва ер устига ўсимликнинг поя ва барглари ўса бошлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |