ЖАҒ НУСХАЛАРИ (ҚОЛИПЛАРИ) ВА МОДЕЛЛАРИ.
Протез майдони тўқималари ва уларга туташ бўлган соҳаларнинг негатив акс этиши қолиплар деб номланади. “Нусха” сўзи унинг синоними бўлиб ҳисобланади. Қолиплар диагностик, назорат қилиш, ишчи (асосий) ва ёрдамчи гипсли моделларни ясаш учун олинади. Олинган қолиплар бўйича моделлар қуйилади - протез ложа тўқималарнинг позитив акс этишидир. Олинган қолиплар қуйидаги ҳолатларда сифатли деб ҳисобланади:
- протез ложа тўқималарининг рельефи аниқ акс этади;
- чегаралари тўғри олинган;
- деформация ва шикастланишлар кузатилмайди.
Турли қолип олувчи материаллар билан нусхаларни олиш (баъзиларининг ўзига хослиги).
Нусха олиш учун материал сифатида гипсдан фойдаланилганда кукун гомоген масса ҳосил бўлгунича 1,8-1,5:1 нисбатда сув билан аралаштирилади. Кенг шпател ёрдамида резина колбада аралаштирилади, шпател ҳаракати бир томонга бўлиши лозим (соат стрелкаси бўйича). Қаймоқсимон консистенцияга эга бўлган гипс формани яхши тўлдиради ва аниқ нусхани беради. Гипснинг қотиш тезлигига қуйидагилар таъсир кўрсатади: ҳарорат, майдаланганлик даражаси, аралаштириш усули, гипс сифати, гипсда баъзи тузли аралашмаларнинг бўлиши. Ҳароратнинг 30-31°С гача кўтарилиши қотиш вақтини қисқартиради. Кукуннинг дисперслиги қанча юқори бўлса - жараён янада тезлашади. Кукун қанча фаол аралаштирилса, қотиш жараёни шунча тез кечади. Намиққан гипс қуруқ гипсга кўра секинроқ қотади. Калий ёки натрий сульфат, калций ёки калий хлорид жараённи самарали тезлаштирувчилар бўлиб ҳисобланади, уларнинг эритмалари 2-3 % ли концентрацияларда қўлланилади. Агар концентрация юқори бўлса, унда жараён, аксинча секинлашади. Моделлар қуйишда тезлатгичлар қўлланилмайди. Шуни ёдда тутиш лозимки, қотиш жараёни қанча тез бўлса, олинган маҳсулотнинг мустаҳкамлиги шунча кам бўлади, ва аксинча.
Альгинат нусха олиш массаларидан фойдаланилганда перфорацияланган қошиқдан (тешиклар диаметри 2-3 мм ва улар орасидаги масофа 1-2 мм, протез ложанинг қошиқ ва тўқималар борти орасидаги масофа 3- 5 мм дан кам бўлиши мумкин) фойдаланиш зарур ёки оддий қошиқнинг қирраларини лейкопластир билан ҳошиялаб (массанинг қошиққа яхши ёпишиши учун) қўллаш мумкин. Массани чашка деворларига ишқалаб, тезда аралаштириш зарур, ишлаб чиқарувчи заводнинг йўриқномасида кўрсатилган пропорцияга амал қилиш лозим. Қошиққа бир текис қилиб жойланади, бармоқларни совуқ сувга ботириб олиб, шакл берилади, ва ўнг қўл билан оғиз бўшлиғига киритилади, чап қўл билан нусха қирралари формага солинади. Қолип олишда шуни ёдда тутиш лозимки тишлар ва шиллиқ қаватга тегиб турган паста қатлами, қошиққа яқин турган қатламига нисбатан, эластик хоссага тезроқ эга бўлади. Шунинг учун қошиқни оғизга кирита туриб, босим ўтказмай ва қимирлатмасдан, уни ушбу ҳолатда маълум вақт ушлаб туриш лозим. Қошиқни бирдан фаол ҳаракат билан чиқариб олиш керак бўлади.
Силиконли қолип олиш массаси билан нусха олишда етарли миқдордаги пастани катализатор суюқлиги билан аралаштириш лозим. Агар паста катализатор сифатида бўлса, унда асосий ва катализаторловчи пасталарни шиша пластинада шпател билан тахминан 30 секунд давомида маълум пропорцияда аралаштирилади ёки пластилин каби қўлда аралаштириб қорилади.
Иккиталик ёки икки босқичли нусхани олиш перфорацияланган стандарт қошиқ билан олиб борилади, унинг устига биринчи асосий ёки базис қатлам (термопластик масса бўлиши мумкин) қўйилади ва оғиз бўшлиғига киритилади. Қотгандан сўнг қолип туширилган қошиқ I оғиз бўшлиғидан чиқариб олинади ва ҳавода қуритилади. Бунда коррекция қилувчи паста учун бўшлиқ яратишда муолажа тишларни чархлашдан аввал ёки провизорли коронкаларни ечмай туриб олиб борилади. Сўнгра чархлашдан сўнг, таянч тишлар соҳасида милк эгатчасининг ретракцияси олиб борилади. Биринчи қатлам стандарт қошиқни индивидуаллаштиради. Баъзида унда танглай гумбазининг қолипи, тишлараро тўсиқ кесиб олинади. Базис қатламга коррекцияловчи киришмайдиган масса қўйилади ва қайта оғиз бўшлиғига киритилади, аввалдан милк эгатчаларидан иплар чиқариб олинади, эгатчаларнинг ўзи эса иссиқ ҳаво оқими билан қуритилади. Шунингдек улар эгик канюляли махсус шприц ёрдамида коррекцияловчи паста билан тўлдирилиши мумкин.
Иккиталик нусхани олишнинг бир босқичли усули мавжуд (сэндвич усули). Бунда қошиқни асосий паста билан тўлдириб, унда, шифокор таянч тишлар соҳасида чуқурча ҳосил қилади. У ерга коррекцияловчи паста юборилади. Шунинг ўзи шприцдан чархланган тишларга суртилади. Шундан сўнг иккита паста бўлган қошиқ нусха олиш учун оғиз бўшлиғига киритилади.
Термопластик массалардан фойдаланилганда материални 45-55°С ҳароратли сув ҳаммомида юмшатиб олиш лозим, қўллар билан валик (пастки жағ учун) ёки диск (юқори жағ учун) ҳосил қилинади, стандарт қошиқнинг юзаси бўйлаб тарқатилади ва нусха олиш учун оғиз бўшлиғига киритилади. Функционал нусхаларни олиш учун қаттиқ индивидуал қошиқлардан фойдаланиш зарур. Қаттиқ танглай соҳасида ва алвеоляр қисмда нуқсонлар (пуфакчалар) пайдо бўлмаслиги учун нусха олиш массасини қошиқнинг фақат вестибуляр қирраларига ботириш ва бироз ортиқчаси билан олиш лозим. Функционал нусха қирралари шакллангандан сўнг масса оғиз бўшлиғида шприц, груша ёки пахтали тампон ёрдамида совуқ сув билан совитилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |