Қуйидагилар қайта нусха олиш учун кўрсатма бўлиб ҳисобланади:
1) материалнинг сифатига боғлиқ бўлган рельефнинг суркалганлиги, нусхани оғиз бўшлиғидан секин олиш, сўлак, шиллиқнинг тушиши;
2) нусханинг протез ложасининг бўлажак ўлчамига мос келмаслиги;
3) нусха қиррасининг аниқ шаклланмаганлиги, тешикларнинг бўлиши;
4) нусхани секин олиш;
5) керакли бўлакларнинг йўқотилиши.
Нусхани олиш қусиш рефлекси билан асоратланиши мумкин. Буни олдини олиш учун қошиқни тўғри танлаш лозим, чунки узун қошиқ юмшоқ танглай ва жағ бурмаларини қитиқлайди. Агар имкони бўлса қисман қошиқларни қўллаш мумкин. Пациент эслаб қолиши ва шундай ҳиссиётга ўрганиши учун қошиқни оғиз бўшлиғига бир неча марта киритиб чиқарилади. Эластик массани минимал миқдорда қўллаш лозим. Қолипни олиш вақтида бемор тўғри ҳолатда бўлиши лозим: бошини бироз олдинга эгади ва тилни ҳаракатлантирмаслик ва бурун билан чуқур нафас олиш сўралади.
Қусиш рефлексини бостириш учун қўлланиладиган медикаментоз воситалар. Қолипни олиш олдидан бемор оғзини антисептикнинг кучсиз эритмаси билан чайқайди (калий перманганат, хлоргексидин, «Дуплексол», «ПреЭмп» ва б). Бироқ чалғитувчи момент сифатида оғиз бўшлиғини дастлаб ош тузининг совуқ концентрацияланган эритмаси билан чайқаш мумкин. Бундан ташқари руҳий тайёргарлик зарур. Агарда бу ёрдам бермаса, унда медикаментоз воситалардан фойдаланилади:
1) қаттиқ танглайнинг орқа учинчи қисми ва юмшоқ танглай, тил илдизига лидокаин ёки легакаиннинг (Германия) 10% ли эритмаси суртилади;
2) қусишга қарши воситалар - 0,002 г галоперидол (нейролептик) нусхани олишдан 30-40 минут олдин ичилади.
«Ивотрэй» типидаги иккиталик пластмассалик қошиқлар мавжуд. Бу қошиқлар оғиз ёпиқлигида жағларнинг марказий ўзаро муносабатини қайд этиш билан бир вақтнинг ўзида юқори ва пастки тиш қаторидан нусха олишга имкон беради.
Протез майдони тўқималари ва уларга туташган соҳаларнинг позитив акси модел деб аталади. Моделлар диагностик, ишчи ва ёрдамчи бўлиши мумкин.
Диагностик моделлар жағларнинг тўлиқ анатомик қолиплари бўйича олинади ва ташхисни аниқлаш мақсадида ўрганиш, турли ўлчовларни олиб бориш, бўлажак протез конструкциясини режалаштириш ёки протезлашдан олдин оғиз бўшлиғининг дастлабки ҳолатини қайд этиш, ортодонтик даво ва ш.ў. лар учун фойдаланилади.
Ишчи моделлар анатмик ёки функционал қолип бўйича олинади. Улар протез, аппаратни якуний тайёрлаш учун мўлжалланган, ва гипс, цемент, амалгама, пластмасса, металл ва уларнинг комбинациясидан тайёрланиши мумкин.
Ёрдамчи моделлар протезланаётганларга қарама-қарши бўлган жағлардан олинган нусха бўйича қуйилади, сунъий тишлар ва протезнинг бошқа элементларини тўғри жойлаштириш учун иш жараёнида фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |