Ўзбекистон Республикаси экология соҳасидаги қонунлари — Олий Мажлис томонидан ёки умумхалқ овоз бериш (референдум) орқали қабул қилинган, ўзида унинг амал қилиш муддати, ҳудуди ва шахслар доирасида экологик муносабат субъектлари фаолиятининг умумий кўрсаткичларини мужассамлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари.
Экологик қонунлар умумий аҳамиятга эга (умумлаштирилган) ва махсус аҳамиятга эга (ихтисослаштирилган) бўлади.
Умумлаштирилганэкологик қонунлар муайян давлатдаги бир қатор ижтимоий муносабатларни тартибга солиш билан бирга экологик муносабатларни ҳам тартибга солувчи қонунлардир. Уларга Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Меҳнат, Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Солиқ, Шаҳарсозлик каби кодекслар; Корхоналар, Мулк, Давлат санитария назорати, Маҳаллий давлат ҳокимияти, Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги каби қонунлар киради. Масалан, Жиноят кодекси предмети сифатида экологик қонунбузарлик ҳам олинади. Фуқаролик кодексида шахсларга етказилган мулкий ва номулкий экологик зарар қопланиши ҳам кўзда тутилган. Фуқаролик процессуал ҳуқуқи ушбу экологик зарарни қоплаш нуқтаи назаридан юзага келадиган низоларни ҳал қилиш жараёнини кўрсатиб беради.
Ихтисослаштирилган экологик қонунларгаКонституциямизнинг 55-моддасида кўрсатилган ва Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонуннинг 5-моддасида кенгайтирилган тарзда ифода этилган табиий объектлар ҳамда аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлашга оид қонунлар киради. Уларга Табиатни муҳофаза қилиш, Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, Сув ва сувдан фойдаланиш, Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш, Ўайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш, ўрмон, Экологик экспертиза, Чиқиндилар, Давлат кадастрлари каби қонунлар ҳамда Ер кодекси киради. Ушбу Қонунлар табиатни комплекс ёки алоҳида бир табиий объектлар бўйича муҳофаза қилиш, уларни қайта тиклаш, соғломлаштириш ва оқилона фойдаланишга доир нормаларни ўзида мужассамлаштиради. Келажакда қонунчилик жараёни ихтисослаштирилган қонунларни замон талабига мос равишда ўзгартириб бориш, кодификациялаш ва тизимлаштириш масалаларини ҳал қилишга қаратилса, жамият ва табиат ўртасидаги экологик-иқтисодий муносабатдан экологик муносабатга ўтиш томон қўйилган катта қадам бўлур эди.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 1996 йил 26 апрелда Олий Мажлис томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низом»га мувофиқ фаолият юритади (9-расм). Низомнинг 11-моддасига биноан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қуйидаги асосий комплекс вазифаларни бажаради:
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини тармоқлараро комплекс бошқариш;
табиатни муҳофаза қилиш ҳамда ресурсларни тежаш борасида ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
атроф-муҳитнинг экологик ҳолати қулай бўлишини таъминлаш, экологик вазиятни соғломлаштириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |