3. Оиланинг фанлар тизимида ўрганилиши
Оиланинг турли қирраларини ўрганиш билан ўндан ортиқ фанлар шуғулланади, булар: педагогика, психология, тиббиёт, этнография, аҳолишунослик, демография, ижтимоий география, социология, иқтисодиёт фани билан статистика, ҳуқуқшунослик ва бошқалар.
Этнография никоҳ-оила муносабатларини халқлар турмуш тарзининг бир табақаси сифатида ўрганади.
Аҳолишунослик, демография аҳолининг ҳамда унинг асосий бўғини бўлмиш оиланинг турли хил муаммоларини сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва тарихий жараёнлар асосида ўрганади.
Ижтимоий география тадқиқотларида аҳоли ва оиланинг ҳудудий тафовутлари комплекс таҳлил қилинади.
Социология инсон ҳаётининг ижтимоий жиҳатларини, кишилик жамиятининг барча ижтимоий муносабатларини ўрганади.
Иқтисодиёт фани билан статистика оила бюджетини, оила ишлаб чиқариши (агар у мавжуд бўлса) ва оилавий истеъмолни, меҳнат тақсимотини ҳамда оиладаги хўжалик-иқтисодий муносабатларни тадқиқ этиш билан шуғулланади.
Психологиянинг вазифаси асосан никоҳ, оила муносабатларида намоён бўладиган ҳиссиёт, тасаввур, урф-одатларни, шунингдек, бу психологик (руҳий) ҳодисаларнинг ижтимоий ва табиат манбаларини ўрганишдан иборат.
Тиббиёт фани никоҳнинг физиологик жиҳатларини ва унинг оқибатларини ҳамда оиланинг оила аъзолари соғлигига таъсирини тадқиқ этади.
Ҳуқуқшунослик оила тўғрисидаги қонунларни ва оиланинг ижтимоий ҳаётга муносабатини ўрганиб, мавжуд ёки жамият учун мақсадга мувофиқ бўлган ҳуқуқий қоидаларни асослаб беради.
Ҳозирги даврда оила турли фанлар тизимида ҳар томонлама илмий тадқиқ қилиниши зарур. Оиланинг ўзига хос хусусиятларини айниқса оилапарварликга, серфарзандликга, фарзандлар томонидан ота-оналарнинг ҳурмат қилинишига, оила аъзолари ўртасидаги иноқликга катта эътибор бериш лозим. Бу борада дастлабки ишлар амалга оширилмоқда. Мустақиллик йилларида бунга асос солинди. 1991 йилдан бошлаб Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, “Болалар жамғармаси” ва “Соғлом авлод учун” Халқаро хайрия жамғармаси органи, “Оила ва жамият” ҳафтаномаси чиқа бошлади. Ҳафтанома оила, бува ва буви, ота ва она, ўғил-қиз, невара, эвара, чевара масалаларига катта аҳамият бермоқда. Унинг асосий вазифаси тузилган никоҳни асраб қолиш, оилани мустаҳкамлашдан, оталик-оналик ва болаликни муҳофаза қилишдан, келажак тақдирига, оила аъзолари обрўсини оширишга қаратилган муҳим чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат.
Айни чоғда оила масалаларига тўғри муносабатда бўлиш оилани мустаҳкамлаш учун илмий асосланган таклифлар бериш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Эндиликда бу вазифани республика “Оила” илмий-амалий маркази бажариб келмоқда.
Дарвоқе, АҚШда оила масалаларини ўрганувчи институтларнинг ўзи йигирмадан зиёд экан. Туркияда ҳам “Оила” илмий тадқиқот институти мавжуд. Унинг асосий вазифаси – ҳар бир оиланинг таълим ва тарбияга оид фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ногирон боласи бор оиланинг талаб-эҳтиёжларини ўрганиш, ўрта ҳол оилаларнинг ривожланиш қонуниятларини таҳлил қилиш, жамиятда ва оилада эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш каби масалаларни ўрганишдан иборатдир. Тожикистонда ҳам оила, оналик ва болалик масалалари бўйича махсус вазирлик мақомига эга бўлган департамент бор. Миср Араб Республикасида Аёллар Миллий Кенгаши, оналик ва болалик бўйича миллий кенгаш, Ҳиндистонда Жамоат ташкилотлари билан алоқадор ва болалар масалалари бўйича миллий институт бор. Шунингдек, бундай марказлар мустақил давлатлар ҳамдўстлигида, Ғарбнинг ривожланган мамлакатларида ҳам фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон “Оила ” илмий-амалий маркази уларнинг баъзилари билан илмий алоқалар ўрнатган.
Педагогик фанлар тизимида оила педагогикасининг ўрни алоҳидадир. Чунки, оила педагогикасининг талабалар томонидан ўрганилиши фақат билиш-билдириш аҳамиятига эга бўлмай, балки баркамол шахсни ва оқилона ижтимоий муносабатларни шакллантиришда табиий ва ҳаётий муҳим ахлоқий-тарбиявий аҳамиятга ҳам моликдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |