БЕҒАРАЗ КЎМАК БЕРДИ
Фан-техника тараққиёти жадал бораётган ҳозирги даврда бирор янгилик билан одамларни ҳайрон қолдириш мушкул. Дашт яйловларининг ўртасида газ ўчоқда овқат пишириляпти, дейилса эриш туюлмайди. Айримлар, баллонли газ олиб борилгандир дейиши мумкин. Йўқ, баллоли газ эмас, биогаз қурилмасидан оқиб боряпти. Бу ихтиронинг муаллифи форишлик муҳандис Ибойдулла Саяқулов бўлиб, айни кунларда тадбиркор Турғунбой ҳожи Кўчкуновнинг “Баландосмон замини” масъулияти чекланган жамияти қишлоқ хўжалиги фермерлик даласида ишлаяпти.
--- Бу ихтирони ўйлаб, ишлаб чиққанимга анча бўлганди. Муқобил энергия манбаи биогаз қурилмаси устида устида иш олиб боргандим. Бундай қурилмалар ягона эмасди. Лекин, менинг қурилмамнинг афзаллиги шунда эдики, у тўхтовсиз жараёнда ишлайди. Унинг якуний қисмини ёзиб, ихтиро учун талабнома топширгандим. Аммо маълум вақтдан кейин ихтиро учун асос қилиб олинган бирламчи ишланманинг патент рақами аслига тўғри эмаслиги экспертиза вақтида маъмум бўлиб қолади. Бу хатоликни тўғрилаш керак эди. Қоида бўйича сўровномага жавоб қайтариш муддати тугаб бораётганди. Лекин жавобини ололмаётгандим. Бир куни бу ҳақда Турғунбой ҳожи отага айтдим.
--- Тошкентга, Абдураҳмон Ражабовнинг олдига бориш керак, фақат у ёрдам бериши мумкин, --- деди Турғунбой ҳожи Кўчкунов.
Кейин отанинг ўзи мени бошлаб профессор Абдураҳмон Ражабовнинг олдига олиб борди. Абдураҳмон ака ихтироим билан танишиб чиқди. Кейин:
--- Ихтироингиз менга ёқди, дашт, чўл зоналарида чўпонлар, далада ишловчилар учун жуда ас қотадиган қурилма экан, албатта ёрдам бераман, --- деди.
--- Бизнинг фермер хўжалигимизга биттасини қурди, ҳозир шаҳардагидек, газ плитада овқат қиляпмиз, --- деди Турғунбой ҳожи ота. --- Бу муҳандиснинг қўлидан келмайдиган иш йўқ, барака топсин ҳамма темир-терсак ишларини ўзи эплаяпти.
--- Одатда бирор ихтиро учун патент олинадиган бўлса, унинг прототиплари, яъни ўхшашлари билан солиштириб кўрилади, --- деди Абдураҳмон ака. --- Мен Москвадаги шогирдларимга шу иш юзасидан қўнғироқ қиламан, зарур ахборотларни уларга юбораман, кўнглингиз тўқ бўлсин, улар албатта, бу ишни ҳал қилиб беришади.
Ўшанда 2014 йилнинг баҳор ойлари эди. Орадан икки ҳафта ўтиб, Абдураҳмон аканинг ўзи менга патент олиш учун зарур бўлган ахборотларни етказди. Мен ишимни қайта комиссияга топширдим. Ниҳоят комиссия кўриб чиққандан кейин мен “Индувидуал газ қурилмаси”га Ўзбекистон Республикасининг патентини олдим. Агар Абдураҳмон ака ёрдам бермаганида балки қурилма учун патент олишга эриша олмасдим. Мен ўшанда бу заҳматкаш олимнинг техника тараққиёти учун, юртдошларининг илмий ютуқлари учун жон куйдирадиган инсон эканлигига яна бир бор ишондим. Шунинг учун ҳам у кишидан бир умр миннатдорман. Менинг бу ихтироимдан кўплар баҳраманд бўлишяпти. Ҳар гал биогаз қурилмасидан фойдаланишганида менга айтиладиган дуо ва олқишларнинг бир қисми профессор Абдураҳмон акага ҳам тегишли бўлади.
---
Do'stlaringiz bilan baham: |