БИР УМР ДУОДАМАН
Меҳнат фахрийси Жумабой ота Наврўзовнинг бутун иш фаолияти савдо-сотиқ билан ўтган. У кўп йиллар Жиззах шаҳридаги спорт моллари дўконига раҳбарлик қилиб, кўпчиликка таниш бўлиб қолган. Жумабой ота айрим сотувчилар каби, энгидан бўйидан, пулидан уриб қолмасди. У ҳалол инсон бўлгани учун ҳам ҳозиргача уни кўрган, таниганлар ҳурматини жойига қўяди.
--- Шўролар даври эди, --- дея гап бошлади меҳнат фахрийси Жумабой ота Наврўзов. --- Иш юзасидан тез-тез Тошкентга бориб турардим. Ҳар борганимда, албатта меҳмонхонада туришга тўғри келарди. Бир куни ҳисоблаб чиқсам, меҳмонхонага тўлаган пулларимга бир уй сотиб олса бўларкан. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, Тошкентдан икки хонали уй олишга қарор қилдим.
Тошкентда бирдан-бир ишончли танишим Абдураҳмон Ражабов эди. Суриштириб уйини топиб бордим. Хотини жуда дилкаш аёл экан. Мени ҳудди энг яқин кишисидай кутиб олди. Абдураҳмон билан бироз гурунглашгандан кейин муддаога ўтдим. Абдураҳмон мени эшитиб кулиб:
--- Қариган чоғингизда Тошкентда домда яшашни орзу қилибсизда, --- деди.
Мен ҳам бўш келмай:
--- Кампир қўймаяпти, биз ҳам пойтахтда домда яшайлик, деяпти, --- дедим.
--- Тўғрида, момом яхши ўйлабди, сув ахтариб кўчага чиқмайсиз, иссиқ сув, совуқ сув тайёр. Яна қишда ўтин-кўмир демайсиз, ўчоққа ўтин ғамламайсиз, тайёр газ. Кампир зўр чиқибди-да, --- деди кулиб Абдураҳмон.
--- Ҳа, қаригандан кейин кампир зўр бўлиб қоларкан, --- дедим кулгуга олиб.
Анчагача кулишиб ўтирдик. Эртасига Абдураҳмоннинг ўзи мени машинасида Тошкентнинг “Аския” бозорига олиб борди. Суриштириб, сотиладиган уйни аниқлади ва икковимиз уйни кўргани бордик. Уй эгаси билан Абдураҳмоннинг ўзи гаплашди. Нархини келиштирди. Бироқ мен олиб борган пул камлик қилди.
--- Жумабой ака, бу уйни қўлдан чиқармаймиз, бозор яқин, шаҳарнинг маркази, транспорт ҳам қулай, сиз шу ерда кутиб туринг мен ҳозир келаман, --- дея машинасига ўтириб кетди.
Орадан ярим-бир соатлар ўтиб Абдураҳмон етиб келди. У ўзи билан пул олиб келибди. Пулни бериб, эгасини рози қилдик. Уйни расмийлаштиришни ҳам Абдураҳмоннинг ўзи елиб-югуриб тўғрилади. Шундай инсонни менга рўбарў қилган Олоҳга шукрона айтдим, Абдураҳмонни тарбиялаган ота-онасини дуо қилдим.
Орадан кунлар ўтиб, Абдураҳмонни янги уйга таклиф қилдим. Жиззахча палов дамлаб меҳмон қилдик. Абдураҳмон бизга Тошкентда яшаш қоидаларидан гапириб берди.
Ўзининг иши бошидан ошиб ётганини биламан, ҳаммасини бир четга суриб, менга ёрдам қўлини чўзгани унинг одамийлик хислатларига бойлигидан дарак берди. Ҳар гал Тошкентга борганимда кампиримни олиб борардим, икковимиз уйга киргандан кейин мартабаси улуғ бўлсин, дея Абдураҳмонни дуо қилардик.
Кейин ҳам бу олим билан учрашдим.
--- Жумабой ака, ишингиз бўлса тортинманг, қўлдан келганича ёрдам бераман, --- дерди.
Шунинг учун ҳам уни бир умр дуо қиламан.
***
Do'stlaringiz bilan baham: |