ҲАММАГА ЎРНАК ИНСОН
Ғанибой Элтазаров болаликдан муаллимлик касбига қизиққан. Қишлоқдошлари каби аввал Баландосмондаги бошланғич мактабда, кейин Осмонсойдаги ўрта мактабда ўқиди. Педагогика институтида таҳсил олиб, қишлоғига қайтди ва муаллимлик қила бошлади. У айни кунларда Баландосмон қишлоғидаги 21-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлайди.
--- Қишлоғимиздаги мен ўқиган мактабни таърифласам, айримлар учун эриш туюлар, аммо биз ана шундай шароитли мактабда бошланғич таълимни олгандик, --- дейди Ғанибой Элтазаров. --- Мактаб биноси гуваладан қилинган, иккита кичик хона, ўртаси айвон бўлиб, полсиз, шифти паст, ўзи ҳам пастаккина, одамларнинг оддий уйидан фарқ қилмайдиган, катталарнинг айтишича ҳашар йўли билан солинган иморат эди. Ўқитувчилар хонаси эса унданда хароб, 3х3 метрли хонадан иборат бўлиб, торлигидан муаллимларнинг бироз дам олиши учун шароит йўқ эди.
Мактабнинг бир хонасида биринчи ва учинчи синф, яна бир хонасида иккинчи ва тўртинчи синф болалари бирга ўтирарди. Бир ўқитувчи ҳар иккала синфга дарс ўтарди. Жисмоний тарбия дарси учун мактабнинг ҳовлиси ҳам бўлмагани учун, коллективлаштириш давридан қолган ферманинг хашак йиғиладиган майдонида ўтиларди.
Абдураҳмон ака ҳам ана шу мактабда бошланғич таълимни олганди. Етук олим бўлиш учун шоҳона шароит шарт эмаслиги, инсон ўз интилиши ва қийинчиликлардан қўрқмай олға бориши билангина мақсадга эришиши мумкинлигини ана шундан билса бўлади. Шу ўринда қишлоғимиздан Абдураҳмон акадан кейин яна икки нафар олим чиққанини фахр билан айтиб ўтиш жоиз.
Бизга мактабда муаллимларимиз:
--- Агар яхши ўқисанглар Абдураҳмондек катта шаҳарлардаги катта ўқишларга кириб ўқийсизлар, --- дейишарди.
Ота-оналаримиз эса:
--- Болам ана Абдураҳмон аканг яхши ўқигани учун Тошкентга бориб, катта мактабда ўқияпти, сен ҳам яхши ўқисанг, Абдураҳмон акангни изидан борасан, Тошкентда ўқийсан,--- дейишарди.
Бу гаплар биз болаларда Абдураҳмон акадек бўлишни, унга бўлган қизиқиш ва ҳурматимизни оширарди.
Шўролар тузуми даврида 1 май энг катта байрамлардан бири эди. Мен Абдураҳмон акани биринчи марта 1968 йил 1 май куни кўргандим. Балки илгари кўргандирман, лекин эътибор бермагандирман. Бу кунни мен ҳеч унутолмайман. Чнки кўпдан бери Абдураҳмон акани кўриш ва учрашиш орзуим ушалган кун бўлганди.
Қишлоғимиздан халқ тили билан айтганда учирма бўлиб, ўқишга ишлашга кетганлар байрамларда йиғилишарди. Мўъжазгина қишлоғимиз гавжумлашиб, файзига файз қўшиларди. Яна бир томони улар ўзлари билан биродарлари, дўстлари ва қариндошларини ҳам олиб келишарди. Тоғ ҳавосида дам олиб, хордиқ чиқариб, кейин яна кетишарди. Ҳозир ҳам шундай.
Май ойи бошларида қишлоғимиз жуда гўзаллашиб кетади десам, мақтончоқлик эмас. Чунки бизнинг тоғли қишлоққа баҳор кечроқ келади. Айни апрель ойининг охирларига бориб атроф ям-яшил бўлади, дарахтларнинг олди мева туга бошласа, кечроқ пишадиганлари эса гулга бурканган бўлади. Сойдаги сувнинг шовиллаши янаям кўнгилга хузур бахш этади.
Ўша биринчи май куни ҳам қишлоқдошларимиз йиғилишди. Бир тўп йигитлар биргалашиб тоққа “майовка”га чиқишди. Биз болалар чоғроққина майдонда икки томонга тошдан дарвоза тикиб тўп тепардик. Бир-икки соатлар ўтиб, йигитлар тоғдан қайтишди ва биз тўп тепаётган майдонга келишди. Улар башанг кийиниб олган. Йигитлардан бири қўлидаги тўпни ерга уриб-уриб бир нималар деб гапирарди. Биз болалар резина коптокда футбол ўйнардик у йигит қўлида ўйнатаётгани копток эмас, росмана футбол тўпи эди. Синфдошим Қаҳрамон:
--- У йигит ким? --- деб сўради.
--- Абдураҳмон ака-ку, --- деди биздан каттроқ ёшдаги Абдукарим.
Мен яхшилаб разм солдим. Абдураҳмон ака ўрта бўйли, қора сочли, бақувват, кийган кийими ўзига ярашган, кўрганнинг хаваси келадиган йигит экан. Бироздан кейин у бизнинг олдимизга келиб:
--- Йигитчалар, майдонларингизни бизга бериб турасизларми, эвазига мана шу тўп сизларники бўлади, --- деди.
Тўпни кўриб, очиғи кўзимиз қувнаб кетди. Чунки бирортамиз ҳақиқий халқ тили билан айтганда “Пахтакорский” тўпни кўрмаган эдик. Бу тўп бизники бўлишини эшитиб, дархол ҳаммамиз майдон четига чиқдик. Йигитлар футбол ўйнашмади, бизнинг тошдан ясаган дарвозамизга иштиёқ билан “пенальти” тепишди.
Бу воқеа қишлоҳимиздаги Учкўлча деган жойда бўлаётган эди. Бу жой қишлоқдан сал четроқда бўлиб саноқли хонадондан иборат эди. Биз болалар майдонни йигитларга бўшатиб бериб, нарироққа яна майдон “қуриб” икки томонига тошдан дарвоза ясаб, болаларга хос “аут”, “рука” жаримаси йўқ ўйинимизни давом эттирдик. Йигитлар тўп тепиб зерикишди шекилли Абдураҳмон ака бизнинг олдимизга келди ва биз хавас билан қараб турган тўпни кўрсатиб:
--- Мана шу тўп сизларга, лекин вақтингизни фақат тўп тепиш билан ўтказмай кўпроқ ўқинг. Ҳали қишлоғимизга электр ҳам, газ ҳам келади. Кенг, шинам,ёруғ хоналари кўп мактаб ҳам қурилади, яхши спорт майдончасига ҳам эга бўласизлар. Бунинг учун аввало яхши ўқишингиз, яхши инсон бўлишга ҳаракат қилишингиз лозим бўлади, --- деди ва тўпни бизга берди.
Биз болалар Абдураҳмон акага яхши ўқишга ваъда бердик. Қувончимиз чексиз эди. Галма-гал тўпни қўлга олиб, ерга уриб кўрдик. Кейин футбол ўйнадик. Дарвоқе, Абдураҳмон акага яхши ўқишга сўз берган болаларнинг деярли ҳаммаси турли олий ўқув юртларига кириб ўқиб, олий маълумотли бўлишди ва республикамизнинг турли вилоятларида фаолият олиб боришяпти.
Абдураҳмон ака айтган гаплар ўз тасдиғини топа бошлади. Дастлаб қишлоғимизга электр симлари тортилди. Симёғочларга ўрнатилган лампочкалар тунда ҳам қишлоқ кўчаларини ёрита бошлади. Мактабимиз аввалига саккиз йиллик таълим масканига айлантирилди. Янги мактаб биноси қурилди. Кейинчалик эса ўрта мактаб бўлди. 2020 йилда мактаб биноси тўлиқ реконструкцияланиб, замонавий мактабга айланди. Айниқса, бизнинг тоғ ўртасидаги қишлоққа табиий газ келтирилгани ажойиб янгилик бўлди.
***
Do'stlaringiz bilan baham: |