Полимеризация қурилмаларида газни қайта ишлаш қурилмалари ва ишқор билан муомала қилиш учун хавфсизлик техникаси бўйича умумий қоидалардан ташқари, қуйида келтирилган катализаторлар билан хавфсиз ишлаш талабларига риоя қилиш шарт.
Катализаторни герметик ёпиқ бочкаларда сақлаш керак.
Катализаторни реакторга солиш ва ундан тўкиш механизициялашган бўлиши ва бундай ишларни махсус кийимда, қўлқопларда ва чангга қарши респираторларда бажариш керак.
Катализаторни реакторга солишда, катализаторга намлик (томчи) тушмаслигини кузатиш керак.
Юкланган катализатор билан реакторни очиқ ҳолатда қолдириш мумкин эмас.
Катализатор билан иш тамом бўлгандан сўнг ишчилар душда ювинишлари шарт. Махсус кийимни ечишдан олдин у чангсўргич билан катализатор чангидан тозаланган бўлиши керак.
Реакторларни очиш, уларни газдан бўшатгандан сўнг ва вакуумметр бўйича қолдиқ босимни текширгандан сўнг бажарилади.
VII - боб. умумЗавод хўжалиги объектларини ишлатишдаги саноат хавфсизлиги талаблари
1- §. Технологик қувурўтказгичлар
Технологик қувурўтказгичларга хизмат кўрсатиш ишлари «Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси органлари билан келишилган, ГҚИЗ ва К учун мажбурий бўлган ҳужжатлар рўйхатида назарда тутилган, қувурўтказгичларни ишлатиш бўйича ҳужжатларга асосан амалга оширилиши лозим. Технологик қувурўтказгичларни лойиҳалаш, бажариш, йиғиш ва таъмирлаш ишларини, белгиланган тартибда тасдиқланган, технологик қувурўтказгичларни тузилиши ва хавфсиз ишлатиш қоидалари талабларига асосан амалга ошириш даркор.
Хоналарнинг ички деворларидан қувурўтказгичлар ўтган жойларда патронлар ва зичлаштирувчи мосламалар мавжуд бўлиши лозим.
Технологик қувурўтказгичларда ГҚИЗ ва К техник директори тасдиқлаган жадвалга асосан тафтиш ўтказилиши ва хизмат кўрсатувчи ходим томонидан ҳар ойда текширилиб, натижалари вахта журналида қайд этилиши зарур.
Сув ва конденсат ажралиб чиқиши мумкин бўлган жойларда уларни сиздириш (дренаж) имконияти назарда тутилиши лозим.
Намланган газ ва маҳсулотлар учун мўлжалланган қувурўтказгичлар, музлашдан иссиқ изоляция билан ҳимояланиши ёки заруратга кўра иситилиши керак.
Ёнувчан модда шимдирилган изоляция участкаси аниқланса, у ўз-ўзидан ёниб кетишининг олдини олиш чораларини (шимдирилган изоляцияни олиб ташлаш, сув буғини келтириш) қўллаш лозим.
Ишлаш жараёнидаги технологик схемадан узилган, қувурўтказгичлар иши тўхтатилиб беркитилиши керак.
Қувурўтказгичлардаги беркитиш арматурасини, гидравлик зарба бўлмаслиги учун, аста-секин очиш ва ёпиш керак.
Шток ҳаракати кўринмайдиган редуктор ёки беркитиш органлари мавжуд бўлган қувурўтказгичнинг беркитиш арматурасида уларнинг айланиш ҳаракатини кўрсатувчи: “Очиқ”, “Ёпиқ” деган ёзув белгилари бўлиши лозим. Беркитиш арматураси технологик схемага асосан рақамланган бўлиши керак.
Портлаш- ёнғиндан хавфли ва агрессив газлар ва маҳсулотларни дамлашга мўлжалланган қувурўтказгичларда тешикларни йўқ қилиш учун “хомутлар” ўрнатилган бўлса, бундай қувурўтказгичларни ишлатиш тақиқланади.
Ер устидан тортилган кувурўтказгичларнинг осмалари ва таянчлари ҳолати устидан техник назорати ўрнатилиши керак.
Қувурўтказгичлар, уларнинг осмалари ва таянчларидаги носозликлар дарҳол бартараф этилиши шарт.
Суюлтирилган газни ер ости қувурўтказгич трассаси бўйича тўғри йўналишдаги участкаларда ва унинг ҳар бир бурилишида махсус белгилар ўрнатиш лозим. Завод ҳудудидан ташқаридаги цехлараро қувурўтказгичлар учун белгилар ҳар 200-300 m ва унинг ҳар бир бурилишида ўрнатилиши керак.
Қувурўтказгичларни пуфлаш учун бериладиган инерт газни олиб келиниши қувурўтказгичларнинг ажралма участкалари ёки эгилувчан шланглар ёрдамида, ажралма участкаларнинг икки тарафидан беркитиш арматурасини ўрнатилган ҳолда амалга оширилади. Пуфлаш якунидан сўнг қувурўтказгичнинг мазкур участкалари ёки шланглар ечиб қўйилиши, беркитиш арматурасига эга тиқинлар ўрнатилиши зарур.