Иоганн Рейхлин. XВИ аср немис гуманистик ҳаракатининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган киши Иоганн Рейхлин (1455-1522) бўлди. Юрист ва филолог, тарихчи ва теолог Рейхлин ўз замонаси ижтимоий харакатларига актив қатнашди, қадимги тилларни яхши билган бу олим замондошларини грек адабиёти билан таништирди, уларнинг асарларини латин тилига таржима қилди. Драматург сифатида «Генно», «Сергий» комедияларини ёзди. Биринчи комедиясида суд тартиблари, судьяларнинг тамагирликларини қораласа, иккинчисида айёр монахлар ва уларга ишонувчиларни танқид қилади.
Рейхлин тилшунослик соҳасида ҳам катта ишлар қилган. У яҳудий тили грамматикаси ва луғатини тузди. Ветхий Завет номли қадимий китобдан парчалар таржима қилди ва «муқаддас» китоб – Таврот (библия)нинг мавжуд латинча таржимасидаги камчиликларни кўрсатиб, уни танқидий ўрганиш учун кенг йўл очиб беради. Жаҳолатпарастлар билан гуманистлар ўртасида кетаётган кескин курашлар Рейхлинни гуманистик ҳаракатнинг оташин ҳимоячисига айлантиради.
1507 йилда христианликни қабул қилган Иоганн Пфефферкорн исмли яҳудий олими «Яҳудий ойнаси» деган асарида гўё ҳар хил жиноятларга олиб борадиган яҳудий тилидаги диний китоблари Талмуд ва Каббалани қоралаб, уларни йўқ қилиб юбориш масаласини қўяди. У император Максимилиандан христианлик руҳига тўғри келмайдиган яҳудий тилидаги китобларни мусодара этиш ҳуқуқини берувчи буйруқ ҳам чиқартириб олишга муваффақ бўлади. Бу ишни бажаришда ўз ваколатининг етарли эмаслигини сезган Пфефферкорн ёрдам сўраб Рейхлинга мурожаат қилади. Лекин Рейхлин унга узил-кесил рад жавобини беради. Шундан сўнг императорнинг яҳудий тилидаги китобларни қайта текшириш ҳақида янги буйруғи чиқади. Бу иш ўша даврдаги руҳоний ва реакцион олимларга топширилади. Улар Пфефферкорн томонига ўтадилар. Ёлғиз Рейхлин Пфефферкорн ва руҳонийларнинг таклифига бутунлай қарши туриб, яҳудий тилидаги китобларнинг дунё маданияти тарихида муҳим ўрин эгаллаганини қайд қилиб, Германиядаги ҳамма халқлар каби яҳудийлар ҳам ўз диний эътиқодларига эга бўлишлари керак, дейди. Рейхлиннинг изоҳларига Пфефферкорн 1511 йилда «Қўл ойна» номли асари билан жавоб қайтаради. Рейхлин ҳам шу йили Пфефферкорнга қарши «Кўз ойна» китобини яратади. Икки қарама-қарши лагерь–гуманистлар билан жаҳолатпарастлар ўртасидаги кураш шундай кескин тус олади. Пфефферкорн томонида бир неча университетнинг теологлари, Рейхлин томонида эса гуманистлар турадилар. Рейхлинга қарши айниқса Кельн университети жаҳолатпарастлари қаттиқ кураш олиб борадилар. Улар Рейхлин асарларини ёндириб юборишни, унинг ўзини диний ақидаларга қарши чиққан киши сифатида жазолашни талаб қиладилар. Бироқ Рейхлиннинг маърифатнинг ашаддий душманлари ҳужумига жавобан 1513 йилда «Кельн туҳматчиларига қарши мудофаа» номли асари чиқади. Шу муносабат билан Рейхлиннинг судга берилиши барча прогрессив кишиларни ғазаблантиради. Рейхлин 1514 йилда «Машҳур кишилар мактублари» тўпламини эълон қилади. Бунга хайрихоҳ бўлган йирик гуманистлар, патрицийлар ва князларнинг хатларидан иборат бу тўплам Германиядан ташқарига ҳам чиқиб, ўлиб бораётган жаҳолатпарастларга зарба бериб гуманистик ғояларни тарғиб қилишни яна ҳам кучайтириб юборади. Схоластларга қарши кураш бир тўда гуманистлар томонидан ижод қилинган сатирик руҳдаги «Жоҳил кишилар мактублари» (1515-1517) номли икки қисмдан иборат китобда ҳам ёрқин акс этган.
«Жоҳил кишилар мактублари» ўрта аср диний черков таълимоти ва схоластикага қарши заҳарханда сатирадир.
«Жоҳил кишилар мактублари» фақат жаҳолатпарастларга эмас, балки уларнинг тарафдори бўлган бутун реакцион кучларга, айниқса католик руҳонийларига омонсиз зарба берган ўлмас гуманистик асардир. Китобнинг иккинчи қисми немис Реформацияси бошланаётган даврда юзага келади. Унда монахлар сотқин, эскиликнинг ҳимоячиси, мактаб-маориф ишлари реформасининг ашаддий душмани сифатида берилади. Китоб Реформация ҳаракатининг ривожланишига катта таъсир кўрсатади. «Жоҳил кишилар мактублари»нинг биринчи қисмини Крот Рубеан ва иккинчи қисмини унинг яқин дўсти улуғ гуманист Ульрих фон Гуттен тузганлар.