Югославияда эпик қўшиқ. Болқон ярим ороли доирасида яшаган славян турмушининг бир-бирига яқинлиги, тилидаги ўхшашлик, айниқса турк истибдодига қарши кураш давридаги мақсад бирлиги поэзияда ҳам умумийликни юзага келтиради. Шу сабабли бу ерда ҳам эпик поэзия, Болгарияда бўлгани каби, юнаклик ва гайдуклик қўшиқлари номи билан юритилади.
Катта циклга кирган Югославия халқларининг юнаклик қўшиқлари Косовогача бўлган ва Косово даври қўшиқларига бўлинади. Бундан ташқари, Марко Кралевич ва бошқа қаҳрамонлар ҳақида ижод этилган қўшиқлар ҳам бор.
Косово жангигача бўлган даврда яратилган қўшиқлар XИИ – XИВ асрларда рўй берган воқеалар, неманичлар хонадони ва уларга яқин кишилар ҳукмронлиги давридаги турмуш ва курашларни акс эттиради. «Скадрани қуриш» қўшиғида Бояна дарёси ёқасидаги шаҳар-қалъани бунёд этиш вақтидаги машаққатлар, гўё бинони мустаҳкамлаш учун унинг девори ичига камбағал болаларини тиқиб шуваб ташлаш каби эски одатлар ҳикоя қилинади.
1389 йилда Косово майдонида бўлган даҳшатли жангга бағишлаб жуда кўп қўшиқлар тўқилади, бу уруш Сербия учун фожиа, мустақилликнинг йўқолиш символи сифатида ифодаланади. Султонмурод И ва унинг ўғли Баязид бошчилигидаги сон жиҳатидан анча устун турк ва унга қарам бўлган мамлакатларнинг қўшинлари серб армиясини мағлубиятга учратадилар. Ўз мавқеини мустаҳкамлашга эришган турк султони Болгарияни босиб олади (1393-1396) ва бошқа қўшни мамлакатларни ҳам ўзига бўйсундиради.
Косово уруши ҳақидаги қўшиқларда славян жангчиларининг қаҳрамонлиги, уларнинг ватанга муҳаббат ҳисси билан руҳланган ҳолда хизмат этишлари тасвирланади. Серб князи Лазар ва унинг хотини Милица билан хайрлашуви, душман билан кураши, халқ қайғуси, фиғон ичида севганини ахтариб юрган қиз ҳақида ҳикоя қилинади. Айниқса аёлларнинг зўр жасорати кўп қўшиқларнинг асосий темаси бўлиб қолади. Косово жангига доир «Милаш Муротни ўлдирмоқда», «Қиз Косовка», 9 паҳлавон ўғил тарбиялаган она ҳақидаги «Юговичлар онасининг ўлими», «Энг яхши юнак ким?» сингари қўшиқларда кураш, мардлик, шунингдек, қайғули воқеалар тасвирланса ҳам, лекин уларда умидворлик руҳи, кураш ғояси кучлидир.
Югослав эпосида икки юз элликдан ортиқ қўшиқ Кралевич Маркога бағишланади. Бу қўшиқларда у халқнинг ёвуз душманлари бўлмиш Алил-оға («Кралевич Марко ва Алил-оға»), Мусо қароқчи («Кралевич Марко ва Мусо қароқчи»), Арапин («Кралевич Марко ва Арапин») ва бошқалар билан олишиб, қаҳрамонлик кўрсатган мард паҳлавон деб тасвирланади.
Болгар қўшиқлари билан серб қўшиқларида тилга олинган баҳодир Крали Марко образлари ўртасида тафовут ҳам бор. Марко ва Мусо ҳақидаги қўшиқларни таққослаганда бу фарқ очиқ кўринади. Болгар қўшиғида у шоҳ Шишмарнинг хизматкори, серб-хорват қўшиғида эса турк султонининг вассалидир. Бироқ халқ яратган Крали Марко ўз ватанини душман исканжасидан озод этишга отланган, омманинг орзу-истакларини мужассамлаштирган ҳақиқий қаҳрамон образидир.
Крали Маркода баъзан салбий томонлар (ўта қизиққонлик, шафқатсизлик, қўполлик) учраб турса ҳам, лекин пок қалбли ва букилмас иродали шахсдир. Марконинг характери унинг кўрсатган иши ва жанговар ҳаракатлари орқали очилади. У адолат учун курашда муваффақият қозониб, душманларидан қасос олади.
Черногория ва Сербияни озод этиш учун олиб борилган курашларни акс эттирган сўнгги қўшиқлар циклида миллий оэодлик ҳаракати темаси катта ўрин эгаллайди; эпосда подшолар ва воеводлар (паҳлавонлар) ўрнига оддий халқ вакиллари пайдо бўлади. Улар миллий зулмга қарши курашни социал зулмга қарши кураш билан боғлаб олиб борадилар. Қўшиқларда алоҳида шахсларнинг қаҳрамонликларигина эмас, балки гайдук дружиналари ва ускок отрядлари курашлари ҳам ифодаланади.
XВИИИ аср охири ва XИX аср бошларида ижод этилган қўшиқларда сербларнинг турклар зулмига қарши қўзғолонлари кучайиб бораётгани куйланади. «Ҳокимга қарши қўзғолон бошланди» номли қўшик-достонда халқ «зўравонликка... тоқат қилиб туролмайди», деб унинг босқинчиларга нафрати чексиз экани баён этилади.
Серб ва барча жанубий славянларнинг ўз мустақилликлари учун олиб борган оғир курашлари беш аср давом этади, лекин бу курашлар акс этган қўшиқларда умидсизланиш кайфияти сезилмайди, чунки «фольклорга пессимизм мутлақ ёт» (М.Горький) бўлгани каби, уни яратувчи халқ ҳам бундай кайфиятдан йироқдир. Серб қўшиқлари билан танишиб чиққан Чернишевский уларнинг бадиий қимматига ҳам юқори баҳо берган эди.
«Қатъий айтиш керакки, фақат биринчи даражали шоирлардагина гўзаллиги жиҳатидан уларга тенг келадиган асарлар топилиши мумкин».
Ғоявий жиҳатдан чуқур, бадиий юксак бу қўшиқлар жанубий славян халқларининг жаҳон прогрессив адабиёти хазинасига муносиб ҳисса қўшиб келганликларининг ёрқин далилидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |