ВИИИ б о 6. ЖАНУБИЙ СЛАВЯНЛАР ЭПОСИ
Жанубий славянлар (болгар, серб, хорват, македонияликлар, славянлар) эпоси ҳам халқ бадиий ижоди негизида ташкил топган. Унда меҳнаткашларнинг қадимий орзу-истаклари, турмуши, меҳнати ва урф-одатлари ифодаланган. Болқон ярим оролида жойлашган славянлар ўзларини қулликка солган туркларга қарши узоқ асрлар мобайнида кураш олиб борганлар. Косово жанги оғир машаққатлар келтириш билан бирга славянларни душманга қарши курашга қўзғатган, халқ қасоскорларининг етишиб чиқишига сабаб бўлган. Улар ҳақида жуда кўп эпик асарлар яратидишига манба бўлиб ҳам хизмат қилган.
В.Г.Белинский эпик поэзиянинг асосий хусусиятларидан бири унинг халқчиллиги масаласи эканини қайд қилиб кўрсатган эди: «Илиада» грекларнинг қаҳрамонлик давридаги ҳаётини тўла гавдалантиради, худди шу каби Дунай бўйида яшаган славянларнинг қўшиқлари ҳам уларни яратган халқнинг ҳаётини тўла-тўкис акс эттиради».
Болгарияда эпик поэзия. Ўрта асрларда Болгария айниқса кўп қайғули воқеаларни бошдан кечиради, у узоқ вақт Византия ва Туркия истилочилари зулми остида қолади. Эрксевар ва мағрур, лекин ички келишмовчиликлар натижасида заифлашиб қолган халқ душманга қарши курашини сира тўхтатмайди. Ўзининг ёзма адабиётини ривожлантириш имкониятидан маҳрум этилган болгар халқи маданий ёдгорликлар (юнаклик, гайдуклик ва баллада)ни оғзаки формада сақлаб, бойитиб, улардан зулм-даҳшатга қарши маънавий қурол сифатида фойдаланди.
Болгар эпик поэзияси иккига бўлинади: катта эпик цикл – юнаклик (баҳодирлик) қўшиқлари ва кичик эпик цикл – гайдуклик қўшиқ ва балладалари. Юнаклик қўшиқларида мажусийлик афсоналарига боғлиқ моментлар ҳам, ундан анча кейин яратилган қўшиқлар ҳам мавжуддир.
Юнаклик қўшиқларининг аксари мамлакат усмонли турклар томонидан забт қилинганидан сўнг (XИВ аср охири, XВ аср боши) яратилган. Уларда халқнинг ёвуз босқинчиларга қарши курашлари ва озодликка бўлган ишончи Крали (Кралевич Марко) образида мужассамланган.
В.Г.Белинский таъбири билан айтганда, «Ҳар бир халқнинг ўз қаҳрамони бўлиб, яратган эпопея ва қўшиқларида ўшанигина гавдалантиради, масалан, греклар Ахиллни, испанлар Дон Жуанни, немислар Фаустни ва ҳоказо. Болгарларнинг қаҳрамони Марко Кралевичдир».
Болгар баҳодири Крали Марко билан тарихий шахс феодал Марко ўртасида сира ўхшашлик кўринмайди. Халқ севимли қаҳрамонининг образида ўз истак ва интилишларини мужассамлантиради. Адолат ва ҳақиқат курашчиси Крали таҳқирланганларга ёрдам беради, тутқунларни турклар қўлидан қутқариб юборади ва ҳоказо.
Крали Марко образи билан боғлиқ ва унга яқин бўлган кўп қаҳрамонлар (Дойчин, Лютица Богдан ва бошқалар)нинг образлари яратилди. Булар ҳам Марко каби душманга қарши курашиб, эзилганларнинг оғир қисматини енгиллаштиришга интиладилар.
Болгар эпосининг кичик цикли – гайдуклик қўшиқлари гайдуклик ҳаракатининг юзага келиши билан боғлиқдир. XВИ асрнинг иккинчи ярмидан XВИИИ асрнинг 60-70-йилларигача бўлган даврни қамраб олган бу ҳаракатнинг биринчи босқичида гайдуклар мамлакатни талаётган турк босқинчиларига қарши кураша бошлайди. XВИИИ асрнинг 60-70-йилларидан XИX асрнинг ўрталаригача бўлган давр воқеаларини акс эттирган иккинчи босқичда миллий озодлик ҳаракати авж олиб кетади, фақат ташқи душманга эмас, маҳаллий эксплуататорлар – чорбаджийларга ҳам қарши кураш бошланади. Бу ҳаракатнинг учинчи босқичи мамлакатни душмандан озод этиш учун ташкилий кураш олиб бораёттан гайдук-четник ҳаракати юз берган давр ҳисобланади.
Гайдуклик қўшиқларида миллий ва ижтимоий тенгсизликка қарши кураш асосий темадир. Уларда турк зулми билан бир қаторда чорбаджийлар зўравонлиги ҳам фош этилади. Юнаклик қўшиқларининг қаҳрамони якка шахс бўлса, гайдуклик қўшиқларининг баҳодирлари эса гайдуклар, яъни коллективдир. Бу кичик циклга кирган шеърлар қисқалиги, ихчамлиги билан ажралиб туради. «Страхил-воевода», «Стоян-воевода», «Илья-воевода», «Янка ва ўрмон», «Касал юнак ва бургутлар», «Бояна-воевода», «Бой Настас ва гайдуклар», «Богдан гайдукларни тўпламоқда», «Богдан юнакнинг васиятлари», «Донго-воевода ва Мургаш тоғи» ҳақидаги қўшиқлар ўзининг чуқур лиризми, бадиий юксаклиги, қаҳрамонлар маънавий қиёфасининг ёрқин ифодаланганлиги, ватанга муҳаббат руҳининг кучлилиги билан ажралиб туради.
Болгар лиро-эпик қўшиқ-баллада жанри тарихий воқеаларни акс эттиради, унинг ҳажми кичик, лекин ватанпарварлик темасининг ёрқин ифодаланиши, душман зулми остида эзилаётган халқнинг оғир аҳволини очиқ кўрсатиши билан бошқа халқ балладаларидан фарқ қилади. Босқинчилар томонидан зўрлаб олиб кетиш, севишганларнинг айрилиққа учрашлари, гуноҳсиз кишиларнинг ҳалокати булар катта ҳаяжон, чуқур лирик тасвирлар орқали берилади. Чўри аёл ва тоғлик Иово ҳақидаги балладалар душманга бўлган нафрат кучининг кескинлиги билан диққатга сазовордир. Тоғлик Иово ўзининг оёқ-қўлларини қирқиб ташлашларига ҳам рози, лекин у синглиси гўзал Янани тутқун қилиб олиб кетишларига кўнмайди.
XИX асрнинг ўрталарида Болгарияда миллий озодлик ҳаракати юқори босқичга кўтарилган бир шароитда гайдук ва юнак қаҳрамонларининг жанговар образлари Ботев, Каравелов, Вазов ҳамда бошқа ёзувчиларни халқни чет эл босқинчиларига қарши қўзғолонга ундовчи асарлар ёзишга илҳомлантиради.
XИX аср охири ва XX асрнинг биринчи ярми болгар адабиётида эпик поэзия қаҳрамонларига қизиқиш ва уларнинг мардонавор курашларини акс эттириш реакцион кучларга қарши прогрессив кучларни бирлаштиришда муҳим роль ўйнади.
Do'stlaringiz bilan baham: |