«Андромаха» трагедияси. «Андромаха» (1667) Расин ижодида юз берган ўзгаришни ифодалаган биринчи йирик трагедиядир. Ёзувчи пьесанинг сюжетини антик мифологиядан олган. Асарнинг бош қаҳрамони Троя паҳлавони Гекторнинг хотини Андромахадир.
Шаҳар греклар томонидан босиб олиниб, унга ўт қўйилган. Гектор Ахиллес томонидан ўлдирилган бўлиб, бева қолган Андромаха ёш ўғли Астианакс билан Ахиллеснинг ўғли Эпир шоҳи Пирр қўлига асир тушади. Маъюс, асира жасур ва шафқатсиз Пиррда муҳаббат уйғотади. Бироқ қаҳрамон Пирр бу аёл олдида ўзини йўқотиб қўяди. Лекин Андромаха эрини ўлдирган ва ҳалқ бошига кулфат солган кишининг ўғлини севиши мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам Пирр гоҳ ғазабланиб, унинг ўзига бўйсунишини талаб қилади, ўғлини жазолаш билан қўрқитади, гоҳ унга ялиниб-ёлворади. Андромаха фарзанди учун туғилган хавфни бартараф этиш мақсадида бир макр ишлатишга қарор қилади. У Пирр билан никоҳдан ўтади-ку, лекин ўша куни ўзини ўлдирмоқчи бўлади. Пиррни севувчи шоҳ Менелай билан Еленанинг қизи Гермиона унинг Андромахага уйланиши ҳақидаги гапни эшитгач, рашк изтироби билан ундан ўч олишни йигит Орестга топширади. Никоҳ расмияти ўтказилаётган бир вақтда Орест севган қизининг талабини рад этолмай, Пиррни ўлдиради. Севган йигитининг фожиали ўлимидан сўнг Гермиона ҳам ўзини ҳалок этади.
Расин «Андромаха» трагедиясида қадимги сюжетни олиб, унга янги маъно киритди. Монарх ва унга яқин доирадаги одамларнинг ярамас хулқ-атворларини қоралайди. Шоҳ Пирр, Гермиона ва Орест образлари орқали давлат манфаатларини унутган, эгоист ва жамият учун катта хавф бўлиб қолган мутлақ ҳокимни танқид қилиб, абсолютизм кризисини тасвирлайди. Ёзувчи ахлоқий бузуқ кишиларга Андромаха образини қарши қўяди. Бу аёл – ўз боласига меҳрибон она, эрига вафодор хотин, халқига содиқ ҳақиқий бир инсондир. Асарнинг пировардида эгоистик интилишлар билан ҳаракат қилувчи кишиларнинг мағлубияти Андромаханинг маънавий ғалабасидан далолат беради.
Расин трагедиялари билан Корнель трагедиялари ўртасида узил-кесил фарқ бор. Корнель пьесаларидаги қаҳрамонлар кўп машаққатларни кечириб, ўз эҳтиросларини енгиб, охирида ғалаба қиладилар. Давлат олдидаги бурчларини ўз манфаатларидан юқори қўядилар. Расиннинг қаҳрамонлари эса бундай эмас. Уларда ички эҳтирос сиёсий масалалардан устун туради. Пирр мағрур ва ботир киши, лекин у севги олдида мамлакат манфаатларини унутиб қўяди. Орест ҳам Гермионага муҳаббати туфайли давлатга хиёнат қилади, инсонлик қиёфасини йўқотиб, одам ўлдиришгача боради. Гермиона фақат ўз севгисини билади, у муҳаббат қўйган кишиси уни севадими-йўқми, масаланинг бу муҳим томони билан қизиқмайди. Шунинг учун у Пиррнинг ўлимига сабабчи бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |