Лафонтеннинг масаллари. Лафонтен ўз масаллари билан катта шуҳрат қозонди. Масал жанри абсолютизм, шунингдек, аристократик реакцияга қарши кенг демократик гуруҳларнинг норозилигини қулай ва тушунарли қилиб баён этиш қуроли эди. Лафонтеннинг халқчиллик ғоялари фақат унинг масалларидагина очиқ намоён бўлади. Шоир масалларининг биринчи олти китоби 1668 йилда, иккинчи беш китоби 1678-1679 йилларда нашр этилади. Лафонтеннинг масаллари ўзининг демократик руҳи ва сатирик кучининг ўткирлиги ва эзилган омманинг орзу-истакларини акс эттириши билан шоир ижодининг энг юқори чўққиси ҳисабланади. Эзоп давридан бери масал «тубан» табақаларнинг манфаатларини ифодалаб келган эди. Шунинг учун ҳам классицизм эстетикаси масални бадиий адабиётнинг қуйи турларига киритиб келди. Унинг назариётчиси Буало эса шоирдан йироқлашиб, Лафонтен ижоди ҳақида ўзининг «Поэзия саньати» да бир оғиз ҳам сўз айтишга журъат этолмади. Шоир масалларининг кўпчилиги чуқур гуманистик ғоя ва ҳаққоний реалистик тасвирга бойдир. Лафонтеннинг классицизм эстетикасининг адабий нормалари доирасидан чиқиб, оригинал асар яратишдаги маҳоратини «Ўтинчи ва ўлим» масалида яққол кўриш мумкин. Шу сабабли Буало бу масалдан норози бўлиб, уни ўз дидига мослаб қайта ишлайди. Лекин у, Лафонтен эришган чуқур мазмун ва бадиий юксакликка эриша олмайди. Лафонтен ва Буало антик масалчиси Эзопдаги бир сюжетдан фойдаланганлар. (Оғир меҳнат ва турмуш машаққатидан тинкаси қуриган ўтинчи деҳдон бу дунё билан хайрлашмоқ мақсадида ўз олдига азроилни чақиради. Азроил ўтинчидан нимани исташини сўраганда, ундан қўрқиб кетган деҳқон бир боғлам ўтинни кўрсатиб, уни елкасига олиб қўйишни илтимос қилади.)
Классицист Буало ўз масалида камбағал ўтинчи ҳақидаги кулгили эртакни ҳикоя этиб беришдан нарига ўтмайди, ўтинчининг оғир аҳволига ачинмайди, унинг қашшоқлигининг ижтимоий сабабларига қизиқмайди ҳам. Гуманист ёзувчи Лафонтен эса бу масалага бошқача ёндашади ва камбағалнинг оғир аҳволига ачиниб, бу оддий инсоннинг машаққатларни енгиш учун зўр ишонч билан яшашини очиқ-ойдин тасвирлайди. Деҳқоннинг қашшоқланишига сабаб бўлган ижтимоий иллатлар, ўраб олган муҳитнинг ярамаслигини ифодалаш бу масалнинг асосий ғоясини ташкил этади.
Ёзувчининг дастлабки китобида ҳам реалистик тасвир ва демократик руҳ билан суғорилган масаллари анчагина. Бу китобда аристократиянинг мағрурлигини масхара қилган «Дуб ва қамиш», буржуазиянинг қўрқоқлигини кўрсатган «Каламушлар кенгаши», сарой текинхўрларини қоралаган «Пашша билан чумоли», адолатсиз судни танқид қилган «Маймунлар судида тулкига қарши шикоят билан чиқувчи бўри», абсолют ҳокимият зулмига ишора этган «Касал арслон ва тулки», шунингдек, руҳоний ва дворянларнинг ёвузликларини фош этувчи бир қатор масаллари диққатга сазовордир. Бироқ бу масалларида сиёсий-ижтимоий ҳаётдан кўра маиший ҳодисалар тасвири устун туради ва бу ҳодисалар абстракт ҳолда талқин қилинади. Ижтимоий зиддиятлар инсон табиатида азалдан мавжуд бўлган камчиликлар деб кўрсатилади. «Бўри билан қўзичоқ» масалининг маъноси зўр ҳамма вақт ҳақ бўлиб чиқади, деган мавҳум хулоса билан тугалланади.
Дастлабки масалларида қирол – арслоннинг йиртқичлиги, зўравонлиги орқали қиролга фақат ишора қилинса, «Масаллар»нинг иккинчи нашрига кирган китобларида энди «ҳайвонлар шоҳи» зулм ва адолатсизликни мужассамлантирган монарх сифатида сатира остига олинади. Арслон ва унинг атрофидаги йиртқич ҳайвонлар орқали шоир мустабид қирол ва сарой аҳлини ифодалайди. Масалдан келиб чиқадиган хулоса ҳам аниқ ва чуқур социал маънога эгадир.
«Йиртқич ҳайвонлар ўлати» масалида ҳам ёмонлик ва зулм манбаи – сарой, қирол ва унинг ёрдамчилари қораланади. Уларнинг ҳаёти зўравонликка, камбағалларни эксплуатация қилишга асосланган, шунинг учун ҳукмдорлардан яхшилик, шафқат кутиш мумкин эмас, деган хулоса масалнинг асосий ғоясини ифодалайди.
Шоирнинг иккинчи тўпламига кирган масалларида социал сатира кескинлашади. Пул ҳукмронлиги ва унинг ҳалокатли таъсирини («Этикдўз ва улгуржи савдогар»), суднинг сотқинлигини («Мушук, лайча ва қуён») қироллик ҳукумати ва дин аҳлларининг ёвузликларини («Арслон, бўри ва тулки», «Она арслонни кўмиш маросими», «Руҳоний ва мурда») масалларида катта бадиий куч билан акс эттиради.
Лафонтеннинг дастлабки масаллари тасвирига хос киноя ва кузатувчилик ўрнини, энди 70-йилларнинг охирига келиб, конкрет социал сатирик ва реалистик тасвир эгаллайди. Ҳайвонларнинг аллегорик фигураси ўрнига инсон образи пайдо бўлади. Бу йиллари шоир қирол Людовик XИВ нинг босқинчилик урушини қоралаган ва тинч ижодий меҳнатни ардоқлаган чуқур мазмунли масаллар («Дунайлик деҳқон», «Савдогар, дворян, чўпон ва шоҳ ўғли») яратиш билан кенг халқ оммаси ўртасида шуҳрат қозонди.
Лафонтен антик дунё, ўрта асрлар ва Уйғониш даври масалчилик традицияларини ўрганиб, уларга фавқулодда реалистик характер ва сатирик руҳ киритади, бу жанрни янги бадиий юксакликка кўтаради. Унинг масаллари соддалиги ва ўз даври ижтимоий ҳаётини кенг қамраб олиши, меҳнаткаш омма манфаатларини қизғин ҳимоя қилиб чиқиши билан қимматлидир. Белинский И.Криловнинг масаллари ҳақида ёзиб, масал бадиий бўёғи, ўз белгилари ва характерлари билан кичик повесть ва драма бўлиши керак, деб кўрсатган эди. Ҳақиқатан ҳам, Лафонтен – мана шундай масаллар яратиб XВИИ аср француз адабиёти ва, хусусан, масалчилик жанрининг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Шунинг учун ҳам Пушкин француз халқи руҳий бойлигини мужассамлантирган Лафонтенни буюк масалчи сифатида Крилов билан бир қаторга қўйган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |