«Эдда» қўшиқлари. «Эдда» қушиқлари мифологик, қаҳрамонлик ва ахлоқий-тарбиявий мазмундаги қушиқлардан таркиб топган. «Эдда» асосан X – XИИ асрлар мобайнида яратилган бўлса ҳам, лекин унда акс этган воқеалар қўшиқларнинг жанр сифатида анча илгари шаклланганини кўрсатади. Тўплам XИИИ асрда ёзиб олинган. Қўл ёзмани Исландия епископи Бриниольф Свейнсон XВИИ аср ўрталарида топган ва исландиялик Снорри Стурлусоннинг поэзия санъатига доир прозаик трактати - «Эдда» (XИИИ аср боши)га асосланиб «Эдда» номи билан нашр эттирган. Сноррининг кичик ёки прозаик эддасига нисбатан анча илгари яратилган қўшиқлар тўплами «Катта ёки шеърий Эдда» деб аталган. У 30 қўшиқдан таркиб топгандир.
Қадимги ҳамма динлар каби, Скандинавиядаги мажусий мифологияда ҳам худолар катта кучга эга ва инсонга хос хусусиятлар билан туғиладиган ва ўладиган қилиб кўрсатилган.
Скандинавия мифологиясида бош худо Один ер ва инсонни яратувчи, шунингдек, уруш худоси сифатида талқин қилинади. Один жангларда кимни хоҳласа, шунга ғалаба келтиради. Тошболға билан қуролланган Тор момақалдироқ худоси бўлиб, у шу қуроли (тош даври қуроли) орқали худоларнинг душмани – баҳайбат девларни мағлубиятга учратади ва деҳқонларга ҳомийлик қилади.
Скандинавия мифологиясида алоҳида ўрин тутган Локи худолар билан баҳайбат девлар ўртасида туриб, гўё охират олдидан бўладиган узил-кесил урушда худоларга қарши жанг қилади, деб тасаввур қилинади. Табиат ҳақидаги ибтидоий тушунчалар дунёда бир қанча худолар қаторида руҳлар, баҳайбат девлар ва карлик (митти)лар ҳам мавжуд деган қарашларни келтириб чиқарган. Баҳайбат девлар денгизнинг нарёғида яшаган, уларни худо ва одамларга душман, табиатни емирувчи кучлар деб, ер остида яшаган карликларни эса ҳисобсиз бойликларни эгаллаган моҳир темирчилар деб тушунилган. Уруғчилик давридан қолган мажусий дини ва расм-одатларини акс эттирган Скандинавия поэзияси синфий қарама-қаршиликлар туғилаётган ва черков ҳукмронлик қилаётган даврда ёзиб олингани учун, унда маълум даражада христианлик руҳи сезилиб туради.
«Волуспа». «Эдда» даги «Волуспа» (келажак жарчиси) ҳақидаги қўшиқда дунёнинг яратилиши ва ҳалокати ҳақидаги миф акс эттирилган. Бу шеърий ривоятдаги жарчи аёлнинг кўрсатишича, ҳаммадан олдин чексиз бўшлиқда улкан дев Имир пайдо бўлган, сўнгра худолар бунёдга келган. Улар Имирни ўлдириб, унинг танасидан ерни яратганлар. Денгиз ёқасидаги икки жонсиз дарахтдан одамлар (эр ва хотин)ни бунёд этганлар. Уларга сув худоси Гонир – жон, бўрон ва уруш худоси Один – нафас, ўт худоси Лодурр эса ранг ато этган.
Қадимги Скандинавия мифи 9 дунё ҳақида ҳикоя қилади. Булар худо – аслар, ёрқин руҳ – ванлар, мурувватли руҳ – альфлар, одамлар, баҳайбат девлар, ўт дунёси, ёвуз альфлар дунёси, карликларнинг ер ости дунёси ва ўликлар дунёсидир.
Худолар саройлар қуриб, олтин эритганлар, қуроллар ясаганлар, маконлари Идавалльрда тинчгина яшаганлар. Бироқ бу осойишталик жодугар қиз гўзал Гулльвейг туфайли бузилган. Худо – аслар билан руҳ – ванлар ўртасида дунёда биринчи жанг бошланган. Ванлар асларни қуршовда қолдириб, саройларини вайрон қилганлар. Шундан сўнг худолар бузилган қўрғонларни тиклаб бериш тўғрисида ванлар билан шартнома тузганлар. Бу хизматлари эвазига улар Одрнинг қайлиғи Фреяни беришга ваъда қилганлар. Бундай оғир битимни тузишга ёвуз ниятли Локи сабабчи бўлган. У яна ванлар олдига бориб ишни бошлашни кечиктиришга эришган. Натижада ванлар мукофотни олиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Шундай қилиб, дунёда осойишталик бузилган. «Қилич асри, қалқон асри», «бўри асри»да ака укани ҳалок эта бошлаган, натижада аҳвол яна ҳам оғирлашган. Шимол томондан ўликлар ортилган даҳшатли кема кўринган. Уни Локи бошқариб келган. Ҳар томондан ўт сочувчи баҳайбат дев, занжирини узган ёвуз бўри Фенрир ва бутун ер юзини ўраб олган аждарҳо пайдо бўлган. Худо Один одамхўр бўри Фенрир билан жанг қилиб ҳалок бўлган, унинг ўғли Видарр отаси учун ўч олиб бўрини ўлдирган. Аждарҳо одамларнинг ҳомийси – момақалдироқ худоси Торрни ҳалок этган. Баҳор худоси Бальдр ҳам Локи томонидан ёвузларча ўлдирилганки, бу нарса келажакда бошқа худоларнинг ҳам ҳалок бўлишини билдирар эди.
Осмондаги юлдузлар ерга узилиб тушади, ҳамма нарса куйиб кулга айланади. Бироқ худоларнинг ўлимидан сўнг келажак хабарчиси янгиланган дунёнинг пайдо бўлишини ҳис қилади. Худолар эса Идавалльр ерларида бахтиёр ҳаёт яратиш учун яна кўтарилиб чиқадилар.
Умуман, қўшиқларда тасвирланишича, худолар бутунлай дахлсиз ва енгилмас куч эмас, улар инсонга хос хусусиятларга эга бўлиб, баҳайбат девлардан енгиладилар.
«Волуспа» қўшиғида Исландия қабилаларининг табиатга бўлган ибтидоий қарашлари ифодаланган. X асрда яратилган бу қўшиқ кейинроқ ёзиб олинган. Шунинг учун унга христиан руҳидаги диний қарашлар ҳам киритилган. Қўшиқдаги қаҳрамонлар табиатдаги хилма-хил кучларни мужассамлаштирган мифологик образлардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |