3.3. Асаб тизими: антомик тузилиш ва функционал тақсимланиш.
Инсон организмида мавжуд бўлган стрессга қарши курашнинг физиологик механизмларини кўриб чиқишдан олдин, асаб тизимининг тузилиши ва функцияларини эсга олиш тавсия этилади, чунки у ҳаётий фаолиятни бошқаришда асосий роль ўйнайди.
Асаб тизими барча органлар ва тана тизимларининг фаолиятини ташқи муҳит билан доимий алоқада бирлаштирадиган ва мувофиқлаштирадиган махсус тузилмалар тўплами ҳисобланади. Асаб тизими тананинг барча органлари ва тизимларининг изчил ишлашини таъминлайди, ташқи муҳитда тананинг йўналишини ва унинг ўзгаришига адаптив реакцияларни амалга оширади, ақлий фаолиятнинг (нутқ, фикрлаш, ижтимоий хулқ-атвор) моддий асосини ташкил этади.
Нерв системаси нерв тўқимасидан иборат, бу тўқима эса нерв ҳужайраларидан тузилган.
Нерв ҳужайраси протоплазмадан тузилган тана бўлиб, икки турли ўсимталари бор, бу ўсимталарнинг бир хиллари калта, бошқа бир хиллари узун бўлади. Калта ўсимталари сертармоқ бўлиб, дендритлар деб аталади. Узун ўсимталари аксонлар ёки нейритлар деб аталади. Ҳар бир ҳужайрада бу ўсимталар иккитадан ортиқ бўлмайди. Нейрит иккита парда билан ўралган. Нейритга ёпишиб турадиган биринчи пардаси ёйсимон парда бўлиб, уни эт парда ёки миэлин пардаси деб аталади. Иккинчи пардасини шваин пардаси дейилади. Бу пардалар толадан ўтувчи нерв қўзғалишини ажратиб турувчи изоляциядек бир вазифани ўтайди. Нейрит, одатда, нерв толаси деб аталади.
Нерв ҳужайраси, унинг ўсимталари ва уларни қопловчи пардалар биргаликда нейрон деб аталади. Нерв системаси жуда кўп нейронлардан тузилган. Нерв толалари миядан тутам-тутам бўлиб чиқиб нерв стволини ёки, оддий сўз билан айтганда, нервни ҳосил қилади.
Нерв ҳужайралари ва миэлинсиз толалар тўплами миянинг кул ранг моддасини, миэлинли нерв толаларининг тўплами эса миянинг оқ моддасини ташкил этади.
Ҳужайралар уларнинг ядролари ва толалари синапслар дегани маҳсус майда толачалар ёрдами билан бевосита боғланади (синапс грекча сўз бўлиб, «илгак» деган маънони билдиради).
Нерв системасининг маҳсус хоссалари бор, бу хоссалардан асосийлари қўзғалувчанлик ва ўтказувчанликдир. Бу хоссалар шундан иборат.
Агар нерв толасининг жойига тегилса, иссиқ, совуқ, электр токи, химиявий моддалар ва бошқа шу кабилар билан таъсир этилса, ёки ўзгартирилса, нерв толасининг қўзғатилган жойида маҳсус физиологик жараёнлар рўй беради, буни қўзғалиш дейилади.
Агар нерв толаси етарли даражада қўзғатилса, бу қўзғалиш содир бўлган жойидагина қолмай, балки нерв толаси бўйлаб тарқалади ва бир нерв ҳужайрасидан иккинчи нерв ҳужайрасига ўтади, ниҳоят, қўзғатиш кучи муайян даражага етганда қўзғалиш бутун нерв системасига ёйилиши мумкин.
Нерв тўқимасида қўзғалиш жараёни юз берганда бир қанча ҳодисалар: электр, химик, иссиқлик ҳодисалари пайдо бўлади. Ёнма-ён турган бир нерв ҳужайрасининг аксони билан иккинчи нерв ҳужайрасининг туташадиган жойи синапслар борлиги туфайли, қўзғалиш нерв толаларида бир томонга тарқалади. Миэлин пардаси борлигидан, қўзғалиш нерв толасида айрим-айрим тарқалади.
Одамнинг нерв системаси ҳайвонот оламининг узоқ, эволюцияси жараёнида ва одамнинг тарихий тараққиёти давомида вужудга келган.
Нерв системаси биринчи марта ковакичли ҳайвонларда рўйи рост кўринади. Бу нерв системаси бутун организмга ёйилган айрим ҳужайралардан тузилган. Масалан, гидроид полипларнинг нерв системаси шундай бўлади. Бу – диффуз типда тузилган нерв системасидир
Медузаларда нерв элементларининг талайгина қисми
зонтик теварагида икки ҳалқа шаклида жойлашгандир. Чувалчанглар, моллюскаларнинг нерв системаси улар танасининг ўнг ва чап томонида симметрик суратда жойлашган. Бу – занжир (ёки тугун) шаклида тузилган нерв системаси бўлиб, нерв системаси тараққиётининг юқорироқ босқичидир. Хордали ҳайвонларнинг нерв системаси шу билан фарқ қиладики, нерв элементлари бир-бири билан туташиб тугун ҳосил қилмайди, балки узун чилвир шаклида тузилган ва ичида кўпинча бўшлиғи бўлади. Хордали ҳайвонларда орқа мия ва ибтидоий даражада бош мия бўлганлигини кўрамиз.
Умуртқали ҳайвонлар билан одамда нерв системаси мураккаб тузилган бўлиб, уч қисмга марказий, перифериядаги ва вегетатив қисмларга бўлинади.
Марказий нерв системаси
Марказий нерв системаси бош мия билан орқа миядан таркиб топган.
Орқа мия умуртқа поғонасининг каналида жойлашган бўлиб, нерв тўқимасидан тузилган ва шаклан гўё йўғон чилвирга ўхшайди. Орқа мия узунасига кетган иккита эгат билан икки қисмга: ўнг ва чап қисмларга бўлинади.
Орқа миянинг атроф-чеккасида оқ, модда (нерв толаларининг тўплами), ўртасида эса кул ранг модда (нерв ҳужайраларининг тўплами) жойлашганлигини орқа миянинг кўндаланг кесигидан кўриш мумкин. Кулранг модда кесиги шаклан капалакка ўхшайди. Орқа мия олдинги қисмлари олдинги илдизчалар, орқадаги қисмлари орқадаги илдизчалар деб аталади.
Орқа мияда нерв тутам бўлиб жойлашган, қўзғалиш перифериядаги нерв учларидан,– скелет мускуллари, тери, шиллиқ пардалардаги нерв учларидан шу нерв толаларининг тутамлари орқали нерв импульслари шаклида бош мияга етиб боради ва бош миядан периферияга келади. Нерв толаларининг ана шу тутамлари ўтказувчи йўллар деб аталади.
Орқа мия онгли психик жараёнларнинг бевосита – маркази бўлмай, балки онгсиз рефлектор ҳаракатларни идора этадиган марказдир. У тана ва қўл-оёқ мускулларини, кўз мускулларини идора қилади, шунингдек, организмда бўладиган бир қанча физиологик процессларни яъни томир ҳаракатлари, тер чиқариш ва бошқа шу каби физиологик жараёнларни ҳам идора этадиган марказдир. Ана шу марказлардан бир қисми вегетатив нерв системасига тааллуқлидир.
Бош мия калла қутисида жойлашган бўлиб, гўё орқа мия тепасидаги устки қават ҳисобланади.
Бош мия қуйидаги қисмларга ажратилади: 1) кетинги мия, 2) ўрта мия, 3) оралиқ мия ва 4) олдинги мия. Кетинги мия. Кетинги мияга узунчоқ мия, Варолий кўприги ва мияча киради. Узунчоқ мия билан Варолий кўприги орқа миянинг гўё бевосита давомидир. Лекин шу билан бирга, узунчоқ, мия орқа мияга қараганда ҳийла мураккаброқ функцияни ўтайди. Узунчоқ мия орқали орқа миядан бош миянинг юқорироқдаги бўлимларига ва аксинча, бош миянинг юқорироқдаги бўлимларидан орқа мияга импульслар ўтиб туради. Узунчоқ мия ядролари эмиш, чайнаш, ютиш, сўлак ажратиш, меъда ва меъда ости безидан шира ажратиш, қусиш ва шунга ўхшаш бир қанча мураккаб рефлектор жараёнларда қатнашади. Нафас олишни, юракнинг ишлашини идора этадиган, қон томирлар тонусини сақлайдиган марказлар узунчоқ, миядадир. Мияча марказий нерв системасининг пастдаги ҳамма бўлимларига, шунингдек, юқорироқдаги қисмларига кўп йўллар билан маҳкам боғлангандир. Миячанинг жуда катта аҳамиятга эга эканлиги лоақал шундан ҳам кўринадики, мияча олиб ташлангандан кейин тананинг мувозанат ва ҳаракат функциялари жуда ҳам бузилади, шаклланади; ҳаракатлар тартибсиз, тузилган чалкаш, пойма-пой бўлиб қолади. Миячаси олиб ташланган ҳайвон қаддини кўтариб ва бошини тутиб туролмайди; боши ва танаси доим тебраниб туради; омонат, пойма-пой, ҳаддан ташқари кескин ҳаракатлар қилади ва ҳоказо.
Do'stlaringiz bilan baham: |