Фалес ҳаёти: Бизнинг энг қадимги грек файласуфлари ва уларнинг таълимотлари тўғрисидаги билимимиз ғоят кам. Бизда улар ҳақидаги ишончли ахборотлар кўп эмас, уларнинг ўз асарлари бизга кўпроқ парчалар ҳолида етиб келган. Шунинг учун, улар тўғрисида айтиладиган маълумотлар тахминлар ва уларнинг таълимотлари ҳақида бошқа файласуфлар ҳикоя қилиб кетган хотираларга асосланади. Фалес милоддан аввалги 624 йил билан 546 йил оралиғида яшаб ўтган, деб ҳисобланади. Бундай тахмин қисман Фалеснинг милоддан илгариги 585 йилдаги қуёш тутилишини олдиндан айтиб берганлиги ҳақида ёзган Геродот (милоддан аввалги 484-430/420 йиллар атрофида яшаган) фикрига асосланади. Бошқа манбалар Фалеснинг Миср бўйлаб саёҳати тўғрисида маълумот беради, бундай саёҳат ўша пайтдаги греклар учун айниқса ноодатий ҳол бўлган. Яна шундай маълумотлар борки, Фалес эҳромларнинг баландлигини ҳисоблаш масаласини унинг ўз сояси ўзининг бўйи ўлчамига тенглашган пайтда эҳромдан тушган соянинг узунлигини ўлчаш йўли билан ҳал қилган. Милетлик Фалес ўз замонасидаги етти донишманднинг бири бўлган. Айтишларича, Фалес шу етти донишманднинг ичида етакчилик қилган. У биринчилардан бўлиб табиат ҳақида фикр юритган. Қуёш тутилиши унинг ой билан тўсилиши туфайли юз беришини биринчи бўлиб Фалес англаган, диаметр айланани тенг иккига бўлишини исботлаб берган. Фалес фалакиётшунослик билан ҳам шуғулланиб, қуёш тутилишини олдиндан айтиб берган. Фалес Миср эҳромларининг баландлигини уларнинг соясига қараб ўлчаган. У ёлғизликда ҳаёт кечириб, давлат ишларига аралашмаган. Фалеснинг қуёш тутилишини олдиндан айтиб берганлиги ҳақидаги ҳикоя унинг эҳтимол, Бобилдан ўтиб келган астрономияга оид билимларни билганлигини кўрсатади. У шунингдек математиканинг греклар томонидан ривожлантирилган соҳаси- геометрияга доир билимларни ҳам эгаллаган. (Арифметика ва ноль бизга араблардан етиб келган. Бизнинг рақамларимиз греклар ёки римликларники эмас балки арабларникидир). Математик фикрларнинг универсаллиги грекларда назария ва назарий текшириш ҳақидаги тасаввурларнинг шаклланишига ёрдам берган. Дарҳақиқат математик фикрлар алоҳида хусусий воқеа-ҳодисалар ҳақидаги фикрларга нисбатан бошқача маънода ҳақиқий бўлиб, ҳисобланади. Шунинг учун математикага доир универсал фикрлар номатематик фикрларга нисбатан қўллананиладиганидан бошқача усулда танқид қилиниши керак. Буларнинг ҳаммаси даллилаш услублари ва идрок этиладиган ҳақиқатга асосланмайдиган фикрларнинг ривожланишини зарур қилиб қўйди. Таъкидланишича, Фалес Милетнинг сиёсий ҳаётида иштирок этган. У навигация ускуналарини яхшилаш учун ўзининг математик билимларини қўллаган. У биринчи бўлиб қуёш соати бўйича вақтни аниқ белгилаб берган эди. Ва ниҳоят, Фалес қурғоқчилик туфайли ҳосил бўлмайдиган йилни олдиндан айтиб бериб, унинг арафасида зайтун мойини шайлаб қўйиш ва кейинчалик уни фойдасига сотиш йўли билан бойиб кетган. Униг асарлари ҳақида кўп маълумот бериш қийин, чунки бундай асарлар бизга фақат бошқа кишиларнинг такрорий баёнлари орқали келган. Шунинг учун биз уларни баён қилишда бошқа муаллифларнинг бу асарлар тўғрисида билдирган маълумотларига таяниб иш кўришга мажбурмиз. Аристотель Метафизика асарида Фалес жами мавжудот, яъни мавжуд бўладиган нарсалар келиб чиқадиган ва яна қайтиб бориб жойлашадиган ибтидо ҳақидаги масалаларни қўядиган фалсафа турини асосчиси бўлган, дейди. Аристотель яна шунингдек Фалес бундай ибтидо сувдан (ёки суюқликдан) иборатдир деб фараз қилган дейди. Бироқ, агар ҳатто Фалес ҳақиқатан ҳам шундай деб таъкидлаган бўлсада унинг бунда нимани назарда тутганлиги аниқ маълум эмас. Бундай изоҳни ҳисобга олган ҳолда биз «Фалес фалсафаси» ни реконструктив тарзда талқин этишга ҳаракат қиламиз.