Гераклит ҳаёти: Гераклит Милеет билан қўшни бўлган денгиз форти Эфесда туғилиб ўсган. У милоддан аввалги 500 йиллар атрофида, яъни Фалесдан тахминан 80 йилдан сўнг яшаб ўтган.
У подшоҳ хонадонига мансуб бўлиб, акасининг фойдасига шоҳлик мартабасидан воз кечган.
У «космос» сўзини биринчи бўлиб қўллаган Юнон файласуфи эди. («космос» сўзи «тартиб» деган маънони англатади. Бу сўз дастлаб давлат тизими ва ҳатто аёлларни «тартиб»га келтирувчи пардоз андоз анжомларига нисбатан ҳам қўлланилган. «Косметика» сўзи шундан келиб чиққан).
Гераклит тўғрисида бир неча тарихлар маълум, бироқ уларнинг реал негизга эгалиги эҳтимолдан анча йироқ. Буларнинг ҳаммасига қарамасдан, сақланиб қолган парчалар асосида унинг образини қайта тасвирлаш имконига эгамиз. Гераклит ҳар доим ҳам ўз замондошлари томонидан тушунилмаган, маҳдуд, аччиқ истеҳзоли файласуф сифатида гавдаланади, у замондошларининг ўзини англаб етишмаганлиги учун уларнинг ақлий қобилиятларини жуда паст деб қараган. Мана шунинг учун у одамларнинг фикрлари ва нуқтаи назарлари «болаларнинг ўйинчоқларига» ўхшайди, деб таъкидлаган. Гераклитга доир яна бир парчага биноан, тушунмайдиган одамлар карларга, «иштирок эта туриб қатнашмаётган» кишиларга ўхшайди. Бунинг устига, Гераклит кўпчилик фикрини назарда тутиб,. унинг вакилларини «похолни олтиндан афзал кўрадиган эшакларга» киёслайди.
Замондошларининг Гераклит таълимотини тушунмаганлиги, шубҳасиз, нафақат кўпчиликни нотўғри фикрлаши билан боғлиқ эди. Гераклитга файласуф сифатида «Номаълум» деган лақаб берилган. У кўпинча ўз фикрларини ноаниқ ва кўп маъноли мажозлар ёрдамида баён қиларди. Афсонавийликдан қатъият билан йироқлашишга харакат қилган милетлик натурфайласуфлардан фарқли равишда Гераклит афсонавийлик услубида баён қилиш тарафдори эди.
У милетликларда бўлгани каби илмийлик даражасига эга бўлмаган. У Парменид ва элеатларга ўхшаб мантиқий, пухта белгиланган тушунчаларни ҳам қўлламаган. Гераклит ҳис қилиш ва кузатувга таянган – унинг нутқи фолбинларнинг гап-сўзларига ўхшаб кетарди.
Бизнинг билишимизча Гераклит ўз асарларини Артемида Эфесская ибодатхонасида сақлаган. Унинг нисбатан кўп парчалари сақланиб қолган. 126 та парча ҳақиқатан ҳам унга тегишли деб ҳисобланади, 13 та парчанинг муаллифи кимлиги шубҳалидир.
Гераклитнинг парчаларида бошқа файласуфлар ҳам эсга олинади. Бу шундан далолат берадики, файласуфлар нафақат ташқи ҳодисалар билан қизика бошлаган, шу билан бирга улар фалсафий муаммолар хусусида бошқа файласуфларнинг билдирган фикрлари тўғрисида ҳам муайян позицияни намоён этишган. Натижада, файласуфлар ўртасидаги бахс-мунозаралар ва бир файласуфлар асарларининг бошқа файласуфлар асарларида изоҳланиши туфайли фалсафий анъана вужудга келади ва қўллаб қувватланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |