3-боб. Бошқарув органларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил қилиш 22. Бошқарув органлари меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ўзлари томонидан ваколатли орган ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси билан келишиб, тасдиқлаган қоидаларга биноан мувофиқлаштиради.
23. Бошқарув органларининг барча бўғинларида меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига амал қилиниши ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими, меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлиги, соғлиғи ва меҳнатга лаёқатини сақлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, техник, санитария-гигиена ва ташкилий тадбирлари режали тарзда амалга оширилиши лозим.
24. Раҳбар мазкур Намунавий низом билан унинг зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўз ходимлари ўртасида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вазифаларни уларнинг масъулияти ва бурчларини аниқ белгилаган ҳолда тақсимлаб бериши шарт.
1-§. Раҳбарнинг вазифалари 25. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатига амал қилади ва уни бажариш устидан ички идоравий назоратни ташкил қилади ва амалга оширади.
26. Экологик хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлайди ва атроф муҳит ҳолати устидан тизимли назорат олиб боради.
27. Корхоналарда меҳнат муҳофазаси талабларининг ҳар томонлама бажарилиши устидан кузатув ва назоратни амалга оширади.
28. Ходимларни ШҲВ, даволаш-профилактика озиқ-овқатлари билан бепул таъминланишини таъминлайди.
29. Ишлаб чиқаришдаги ҳар бир жароҳатланиш ва касб касалликларини текшириш ва ҳисобга олинишини назорат қилади ва шу асосда ходимларни ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалланишлари даражаси тўғрисида хабардор қилиб туради.
30. Ишлаб чиқаришда жароҳат олган ёки касб касаллигига дучор бўлган ходимлар манфаатларини ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлайди.
31. Меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича тармоқ меъёрий ҳужжатлари, қоидалар, намунавий йўриқномалар, ходимларнинг ўқув дастурларини тасдиқлайди.
32. Ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил қилишни такомиллаштириш, хавфсиз меҳнат шароитларини таъминловчи фан ва техника ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш бўйича илмий тадқиқотларни ташкил қилади ва молиялаштиради.
33. Қонун ҳужжатлари талабларини ва давлат назорат органлари, касаба уюшмаларининг таклифларини ҳисобга олган ҳолда меҳнат шароитларини яхшилашнинг комплекс режалари ишлаб чиқилишини ва уларни бажарилиши устидан назорат ўрнатилишини ташкил қилади ҳамда уларнинг бажарилиши учун моддий техник ва молиявий ресурсларни кўзда тутади.
34. Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун талабларини корхоналар ва объектларни лойиҳалаштиришда, қуриш ва фойдаланишга топширишда, ишлаб чиқариш воситаларини ишлаб чиқариш ва таъмирлашда бажарилишини назорат қилади ва таьминлайди.
35. Ходимларнинг касбий танловини назорат қилишни амалга оширади.
36. Мутахассисларни меҳнатни муҳофаза қилиш тизимида ишлаши учун малака оширилишини таъминлайди.
37. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимларининг малака ошириш тизимини таъминлайди.
38. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тартибда марказлашган жамғармаларни ташкил этиш ва улардан фойдаланишни назорат қилади.