6-§. Устанинг вазифалари
143. Ишларни тўғри ва хавфсиз ташкил қилиш, жиҳозлар, механизмлардан тўғри фойдаланиш ва иш жойларини зарур ҳолатда сақлаб туришни таъминлайди. Агар бирон бир иш жойида буларни амалга оширишнинг иложи бўлмаса, ходимларни ишга қўймай, ўзининг бевосита раҳбари - цех бошлиғига хабар беради.
144. Иш жойида деталлар, эҳтиёт қисмлар ва жиҳозларни иш жойида тўғри сақлашни таъминлайди ва пиёдалар ҳамда транспорт ўтиш жойларининг тўсилишлари ва ифлосланишларига йўл қўймайди.
145. Мураккаб ва хавфли ишларга олдиндан ишлаб чиқилган ишларни ташкил қилиш режа, ишларни ташкил қилиш лойиҳаси ёки наряд бўйича бевосита раҳбарлик қилади.
146. Ходимлар томонидан меҳнат ва ишлаб чиқариш интизоми, ишларни хавфсиз олиб бориш, технологик жараёнлар ва регламентлар бўйича қоидалар ва йўриқномаларга амал қилишни, қоидаларда назарда тутилган ҳолларда ШҲВларининг мажбурий қўлланилишини таъминлайди.
147. Жиҳозлар, механизмлар, мосламалар ва асбобларнинг созлиги ва улардан тўғри фойдаланишни доимий назорат қилади. Шамоллатиш қурилмалари ва тизимларининг узлуксиз ишлаши, иш жойларининг меъёрий ёритилиши, тўсиқлар ва муҳофаза қурилмаларининг мавжудлиги ва созлигини кузатиб боради.
148. Ҳар куни иш бошланишидан олдин барча иш жойларини кўздан кечиради ва жиҳозлар, механизмлар ва иш шароитларининг ҳолатини текширади. Текширишни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил билан биргаликда, агар у йўқ бўлса, бир ўзи амалга оширади, шунингдек уч босқичли назоратнинг биринчи босқичини қайд этиш журналига тегишли ёзувларни киритади.
149. Ҳар ҳафтада камида бир марта тезкор йиғилишлар ўтказади. Тезкор йиғилишларда иш жойларини текшириш, жиҳозлар ва механизмларни куздан кечириш жараёнида анқланган қоидабузарлик ва камчиликларни таҳлили тўғрисидаги маълумотларни, тегишли буйруқларнинг мазмунини, бахтсиз ҳодисалар ҳолати ва сабабларини ходимларга етказади.
150. Ҳар ҳафта участка (цех) раҳбарига объектлардаги меҳнат шароитларининг ҳолати тўғрисида маълумот беради.
151. Ходимларни ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича ўз вақтида йўл-йўриқдан ўтказади. Йўл-йўриқларни қайд этиш журналига тегишли ёзувларни киритади.
152. Ходимларга хавфли ишларни бажариш топшириғи берилганда жорий йўл-йўриқдан ўтказади, бу ҳақда йўл-йўриқларни қайд этиш журналига тегишли ёзувларни киритади.
153. Доимий равишда янги ходимларнинг стажировкадан ўтишини кузатиб боради. Стажировка сўнгида, суҳбат орқали, ходимларнинг хавфсиз ишлаш услуб ва усуллари бўйича билимларини текширади. Лозим бўлганда, ходимларга тўғри ишлаш усулларини кўрсатиб, қоидалар ва йўриқномалар талабларини тушунтиради.
154. Ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишда қатнашади, йўриқномаларнинг айрим бандларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар киритади.
155. Ходимларнинг билимларини текшириш жадвалларини тузади ва уларнинг билимларини текширишда қатнашади.
156. Хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспекторларининг кўрсатмаларини ўз вақтида бажаради, шунингдек аниқланган қонунбузарлик ва камчиликларни бартараф этади.
157. Жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатишни ва уларни тиббий муассасага юборилишини ташкил қилади, авария тўғрисида цех (бўлим) бошлиғини (зарурат туғилса, корхона раҳбарларидан бири ва бошланғич касаба уюшма ташкилотини) дарҳол хабардор қилади ва иш жойидаги вазиятни ва жиҳозларнинг ҳолатини бахтсиз ҳодиса содир бўлган вақтдагидек сақлаб қолиш учун чоралар кўради (агар бу атрофдаги ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солмаса ва бахтсиз ҳодисага олиб келмаса).
158. Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатининг уч босқичли назоратида иштирок этади.
159. Ходимлар, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакилларнинг фикрлари ва таклифларини тўплайди ва ўрганади ва меҳнат шароитларини янада яхшилаш бўйича таклифларни цех (бўлим) бошлиғига тақдим этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |