Фонематик идрокни текшириш.
Товушлар талаффузининг ҳолати ўрганиб чиқилгач, бола уларни қандай эшитиб, фарқлай олиши текширилади. Айниқса, бу артикуляция ёки талаффузи жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган товушларга таалуқлидир. Логопед болага қуйидаги бўғинларни такрорлашни таклиф этади:
са-ша, ша-са, ач-аш, ра-ла, жа-ча, ва ҳ.к.з
Агар бола баъзи бир товушларни нотўғри талаффуз қилса, товушлар фарқи қуйидагича текширилади: боладан таклиф қилинган бўғин учун бирон-бир ҳаракат талаб қилинади. Масалан: са, ча бўғинлари орасида «ша» бўғини айтилганида бола қўлини кўтаради ва шундан сўнг ундан кесма ҳарфлардан шу бўғинни ясаш таклиф қилинади. Сўнгра боланинг талаффузи жиҳатдан бир-бирига яқин, лекин маъно жиҳатдан ҳар хил сўзларни фарқлай олиши ўрганилади.
Масалан: тонг-донг кон-қон
ваҳм-фаҳм каср-қаср
ваза –фаза карам-қарам
видо-фидо карта-қарта
фасл-насл ғалла-салла
Буни бола танлаб олган расмни ифодаловчи сўзнинг маъносини сўзлаб беришни таклиф қилиб текширса бўлади.
Масалан: «гул нима?» ва «пул нима?» ва ҳ.к.з.
Шунингдек, боланинг логопед ортидан ўхшаш сўзларни такрорлашини текшириш орқали ҳам ўрганиш мумкин бўлади:
Масалан: гул - кул - пул
ҳаво-даво-наво
бош-қош - тош
дил-тил-сил
тонг-донг-бонг
Бу усул фонематик идрокнинг даражаси, бола диққат ва эшитиш хотирасининг босқичини аниқлаб беради.
Ҳар томонлама қилинган логопедик текширув натижалари дислалиянинг келиб чиқиш сабаби, характери, даражаси ва нуқсон устидаги коррекцион иш йўналишларини аниқлаб беради.
Бола боғланишли нутқини текшириш
Мактаб ёшига тўлган бола нутқини текширишда боғланишли нутқ малакаси, пассив ва фаол луғатнинг бойлиги, нутқнинг грамматик тузумининг шаклланиши; талаффуз малакаси; фонемаларнинг эшитуви ва идрокининг қай даражада эканлиги аниқланади. Текширув ўйин тарзида олиб борилгани маъқул. Текширув орқали нафақат бола нутқидаги нуқсоннинг шаклланишини, балки бу нуқсонларнинг меъёр (норма)га нисбатан ҳолатини ҳам таҳлил қилиш мумкин.
Текширув олдидан бола эшитишининг ҳолати, билиш фаолияти, илк нутқий ривожланиши ҳақидаги мутахассис маълумотномаси билан танишилади.
Логопед боланинг ота-онаси билан олдиндан суҳбат олиб борганда, у қандай оилада тарбияланаётгани, болалар боғчасига бориши, атрофидаги нутқий муҳитнинг ижобийлиги, ота-онанинг бола билан қай даражада шуғулланиши, уларни бола нутқидаги қандай нуқсон безовта қилиши, бола аввал логопед билан шуғулланганми ва у қандай натижа берганлиги ҳақида саволларга жавоб олади.
Логопед бола нутқи ҳақидаги дастлабки маълумотга унинг ёши ва индивидуал хусусиятига кўра оиласи, ўзи, дўстлари, боғчаси ва ўйинчоқлари ҳақидаги суҳбат орқали эга бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |