Тўш суяги. Кўкрак умуртқалари ва қовурғалар билан биргаликда кўкрак қафасини ҳосил қилади. Тўш суяги узунчоқ ясси шаклда бўлиб, ўрта одамда учта айрим қисмларни ташкил қилади:
юқори қисми – дастаси
ўрта қисми – танаси
пастки қисми – ханжарсимон ўсиқ деб аталади. Булар ўзаро юпқа тоғай қатлами билан қўшилган бўлиб, кексалик даврида суякланиб, яхлит битта тўш суягини ҳосил қилади. Даста қисми кенг ва қалин бўлиб, тепа қисмида ўйма кўринади. Дастанинг икки ёнбошида, ўмров суягининг тўш суягига қараган учининг қўшилиш жойида ва ундан пастда I қовурға тоғайига бирикадиган тазига ўймалари ҳосил бўлади. Дастаси ва танаси бир оз олдинга туртиб қўшилган жойида (тўш бурчаги)ни кўриш мумкин. Даста билан тана оралиғида II – VII қовурға тоғайлари учун ўйма ҳосил бўлган.
Ханжарсимон ўсиқ тўш суяги танасининг пастки томонида жойлашади.
Аёллар тўш суяги эркаклар тўш суягига нисбатан бироз калтароқ бўлади.
Тўш суягининг дастасида 1-2 та (эмбрионнинг 6-9 ойлик даврида), танасида 4-13 та, ханжарсимон ўсиғида 1 та (6-20 ёшларда) суякланиш нуқтаси пайдо бўлади. Тўш суягининг дастаси умр бўйи алоҳида жойлашса, ханжарсимон ўсиқ 30-35 ёшларда суякланиб, танасига бирикади.
Қовурғалар
Қовурғалар 12 жуфт ингичка ёйлардан иборат бўлиб, орқа томондан кўкрак умуртқалари таналарига ёпишиб туради. Ҳар қайси қовурға икки қисмни ташкил қилади. Қовурғанинг орқа қисми суякдан, олдинги қисми тоғайдан тузилган. Юқоридаги I – VII қовурғалар бевосита тоғай қисмлари воситасида тўш суягига бирикади ва чин қовурға деб аталади. Кейинги VIII – IX ва X жуфт қовурғалар ўзларининг олдинги тоғай қисмлари билан бевосита тўш суягига ёпишмасдан, ўзидан юқорида жойлашган қовурға тоғайига туташади ҳамда ёлғон қовурғалар деб аталади. Қолган XI ва XII жуфт қовурғалар тоғайи эса ҳеч жойга ёпишмасдан қорий мускуллари орасида эркин жойлашган. Шу сабабдан улар жуда ҳаракатчан бўлади ва етим қовурғалар деб аталади. Қовурғаларнинг олдинги, орқа учлари оралиқ қисми, танаси бор. Қовурғанинг орқа учида йўғонлашган бошча мавжуд. II – X қовурғалар бошчаси умуртқалараро чуқурчаларга қўшилгани учун уларнинг бўғим юзалари қирра билан иккига ажралган. I, XI ва XII қовурға бошчаларида қирра бўлмайди, чунки улар умуртқа танасидаги бутун бўғим чуқурчалари билан қўшилган бўлади. Қовурға бошчаси ингичкалашган бўйин қисмига ўтади. Бўйин қисмининг қовурға танасига ўтиш чегарасида дўмбоқча кўринади. I – X қовурға дўмбоқчаларидаги бўғим юзалари икки қисмга ажралган, уларнинг пастки қисми умуртқа кўндаланг ўсиқларидаги бўғим чуқурчаларига қўшилиб туради. Дўмбоқча бўғим юзасининг юқори қисмига эса бойламлар ёпишади. XI – XII қовурғалардаги дўмбоқчалар унчалик ривожланмаган, бўғим юзалари бўлмайди. Қовурға танасининг ташқи, ички юзалари ва пастки чеккалари бор. Биринчи қовурғанинг аксинча юқори ва пастки юзалари, ички ва ташқи, чеккалари мавжуд. Қовурға танаси бироз букилиб, қовурға бурчагини ҳосил қилади. Қовурғалар ички юзасининг пастки чеккасига яқин жойда қовурға эгатчаси жойлашган. Қовурғаларнинг ҳажми ва узунлиги кўкрак қафасининг тузилишига, шаклига боғлиқ. Қовурғаларнинг узунлиги I – VII қовурғагача ортиб бориб, VIII қовурғадан охирги XII қовурғагача қисқариб, камаяди.
Оёқ кафт олди суякларида биринчи суякланиш нуқталари эмбрионнинг 6-9 ойлик даврида бошланиб, 12-16 ёшгача давом этади. Кафт суякларида биринчи суякланиш нуқтаси 3-6 ёшда бошланиб, 12-16 ёшда тўхтайди.
Бармоқ суякларида биринчи суякланиш нуқтаси 3 ойликда бошланиб, 18-20 ёшда тугалланади.
Одам гавдасининг вертикал ҳолатга ўтиши оёқ панжасининг скелет тузилишида ҳам ўз изини қолдирган. Натижада оёқ панжаси таянч нуқтасини бажаришга ва гавда оғирлигини кўтариб юришга мослашган. Шунинг учун одамда товон суяги анча йўғонлашган, орқадан олдинга (бўйига) узунлашган ва мустаҳкамлашган бўлади. Ошиқ суяги эса товон суягининг устида жойлашган бўлиб, юқорида болдир суяклари билан, олдинги томонда қайиқсимон суяк билан бўғим ҳосил қилиб бирлашади. Бинобарин, ошиқ суягининг тузилиши ва бўғим юзалари ана шунга мослашган. Қолган бошқа суяклар ҳам гавда оғирлигини кўтариб юришда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун оёқ панжа суяклари аста-секин катталашган ва оёқ гумбазини ҳосил қилиб ўзаро қўшилиб, жойлашган.
Do'stlaringiz bilan baham: |