Контрактни бажаришда юзага келадиган баҳсли масалаларни ҳал қилиш усуллари Буюртмачи ва пудратчи ўртасида баҳслар кўпроқ қурилиш-монтаж ташкилотлари томонидан буюртмачи билан келишмаган ҳолда контрактда қайд этилган “қаттиқ” нархда иш кўламларини лойиҳадаги кўрсаткичларга нисбатан ўзгартириши натижасида юзага келади. Ишларнинг бажарилишидаги узилишлар ҳам баҳсларга сабабчи бўлиши мумкин. Турига қараб узилишлар мажбурий ва олдини олиш мумкин бўлган узилишлар бўлиши мумкин.
Мажбурий узилишлар юзасидан пудратчи ишларни бажариш муддатларини буюртмачи билан келишмасдан қайта кўриб чиқиши мумкин. Бунда буюртмачини олдиндан хабардор қилиб қўйиш кифоя.
Олдини олиш мумкин бўлган узилишлар буюртмачи ва пудратчи ўртасида махсус кўриб чиқилишини талаб этади. Бундай узилишларга доир харажатлар буюртмачи томонидан қопланмайди, чунки пудратчи бу ҳақда буюртмачи билан олдиндан келишиб олиши керак. Аммо оператив вазиятда бунинг иложи бўлмаслиги мумкин ва оқибатда ўзаро даъволар юзага келади.
Кўп ҳолларда даъволар контрактда назарда тутилган ишларнинг бажарилиши учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлади. Контракт шартларининг ўзгариши муносабати билан ишларни бажариш учун қўшимча вақтнинг берилиши муносабати билан ҳам даъволар юзага келиши мумкин.
Даъвони тақдим этиш тартиби қуйидаги асосларни талаб этади:
ўзгаришлар белгиланганлиги тўғрисидаги маълумотнома;
даъво талаби билан чиқишга олиб келиши мумкин бўлган вазият тўғрисидаги хабарнома;
ўзгаришларга олиб келган сабабалар хусусидаги маълумотлар;
компенсациялар олиш ҳуқуқининг асосномаси;
контракт мажбуриятларинининг бажарилишига доир маълумотлар;
вақтдан ва ресурслардан фойдаланиш харажатлари тўғрисидаги маълумотлар, улар буюртмачи томонидан тўлиқ равишда тақдим этилган бўлиши керак;
даъво миқдори асослаб берилган даъво ҳужжатлари.
Буюртмачи, таҳлилдаги маълумотларга суянган ҳолда, асосланган жавоб тайёрлаши керак. Даъво сабабларини пухта асослаш ишига юридик маслаҳатчилар ва даъволар бўйича мутахассислар жалб қилиниши мумкин. Агарда контрактни ва даъво ҳужжатларини ўрганиш вақтида даъво асослаб берилса, баҳс бўйича иш тўхтатилади. Музокоралар натижасиз якунланса – иш арбитраж ёки судга юборилади.
Ишнинг судда кўриб чиқилиши учун юридик концепция ишлаб чиқилади. Унда контрактда қайд этилган шартлардан келиб чиқувчи асосий ҳодисалар ва фактлар ва қонунчилик талаблари гуруҳлаштирилади. Иш судга юборилишидан олдин пудратчи малакали гуруҳни ташкил этади ва бу гуруҳ адвокат билан ҳамкорликда даъвони қондириш учун тегишли чораларни кўриб чиқиши керак. Судда етакчи вазифани адвокат бажаради, даъво берувчи эса ҳар доим тегишли ҳужжатларни тақдим этишга тайёр бўлиб туриши керак.