Муҳокама учун саволлар:
Никоҳ ва оила муносабатлари хақида Европа социологлари фикрларини ёритинг?
Полигиния никоҳ хақида нималар биласиз?
Оиланинг функцияларини санаб беринг?
2-асосий савол бўйича дарснинг мақсади: Ҳозирги вақтда оиланинг ҳақиқий моддий аҳволини, уларнинг маънавий ва маданий қизиқишлари хақида тушунча бериш
Идентив ўқув мақсадлари:
Бола руҳияти ва маданиятининг нуқсонларини ўз вақтида пайқаб, уларни бартараф этишга изох беради .
Оилада боланинг тарбиясига алохида эътибор беради.
Оилавий турмуш бу буюк ҳаёт мактабидир изоҳлай билади.
2-савонинг баёни:
“Ҳозирги вақтда оиланинг ҳақиқий моддий аҳволини, уларнинг маънавий ва маданий қизиқишларини маҳалладан кўра яхшироқ биладиган бошқа тузилма йўқ, шунинг учун ҳозирда оила социологияси маҳалла доирасида кенгроқ ўрганилмоқда. Бозор муносабатлари барчани тобора чуқурроқ ўз доирасига тортаётган экан, бу ҳолат оилавий муносабатларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди, албатта. Оиланинг ишга яроқли бўлган барча аъзолари тирикчилик билан банд бўлиб, болалар ўз ҳолига ташлаб қўйилаётгани ҳам ҳақиқатдир. Ана шундай вазиятларда маҳаллаларнинг ролини, масъулиятини ошириш тўғрисидаги даъват ва тегишли фармойишлар, оилалардаги муаммоларнинг кенг жамоатчилик муаммолари сифатида қабул қилиниши давр тақозоси эканлигидан далолат беради. Болалар жамиятнинг келажаги эканлиги эътироф этилар экан, уларнинг тарбияси учун шу жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъул эканлигини эътиборга олган ҳолда, энг аввало оила ўз фарзандининг тарбияси, унинг келажаги, жамият олдидаги бурчини англаб етишида жавобгар эканлигини таъкидлаш билан унинг зиммасига энг оғир масъулият тушишини англаб етиб, ўз функционал вазифасига содиқ ҳолда жамият тараққиёти билан бирга ривожланиб бориши талаб этилади.
«Фарзандларингизни иззат-икром қилиш билан бирга, ахлоқ-одобини ҳам яхшилангизлар», - дейилади ҳадисларда. Фарзанд - ҳаётнинг гули. Дарҳақиқат, одобли фарзанд билан ҳаётимиз файзлидир. Бироқ, фарзандларимиз хатти-ҳаракатида ҳам гоҳо нуқсонлар кўзга ташланади, уларнинг ўз вақтида олди олиниб, бартараф этилмаса гуноҳ ишларга олиб боради. Шунинг учун оилада фарзандларимизга ҳадис наъмуналарини уқтириб боришимиз ҳам фойдадан холи эмас.
Педогогика фани атамасида «тарбияси қийин» деган тушунча мавжуд. Бу тушунча одатда шўх ва қайсар ўқувчиларга нисбатан ишлатилади. Шунингдек, тарбияси оғир болалар қаторига ўзбошимча, ҳатто безори болалар ва зараркунанда даражасига тушиб қолган ўсмирлар ҳам киради: уларни тарбиялаш, ҳаётини ҳақиқий тўғри йўлга солиб юбориш осон иш эмас, албатта. Бироқ, астойдил, эътиқод ва фидойилик кўрсатиб, ижтимоий фанлар қонуниятларига суяниб, бу оғир ва машаққатли ишда муваффақиятга эришадиган тарбиячи-мураббийлар ҳам йўқ эмас.
Бола руҳияти ва маданиятининг нуқсонларини ўз вақтида пайқаб, уларни бартараф этиш тадбирларини излаш ва моҳирона иш юритиб, тарбиявий таъсир кўрсатиб, шубҳасиз, самарали натижаларга эришиш мумкин. Бунинг учун руҳият ва педагогика фанларининг ютуқларига суянган ҳолда оилаларда, ота-оналар университетлари ишларини жонлантирган ҳолда, бу вазифага мутасадди бўлган мутахассисларнинг масъулятини ошириш талаб этилади.
Оила аъзолари ўртасида нутқ одоби масаласи ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Бироқ, бу ишни амалга оширишда, биринчи галда, ота-оналарнинг ўзлари намуна кўрсатиб, соф она тилида сўзлашлари лозим. Маълумки, «сен» ва «сиз» сўзлари ҳам бир оғиздан чиқади. Айниқса, ўзбек келинининг хуш одоби, меҳнацеварлиги, уддабурон ва чаққонлиги, сарамжон-саришталик хусусиятлари билан ҳаммада ҳавас уйғотибгина қолмай, ширин сўз, хушмуомала, ёқимтойлик фазилатлари билан хонадонга нур ёғдирадилар. Балиқ сув билан тирик деганларидек, одам-одам билан ҳаётдир. Бунинг асл маъносида одамларнинг ўзаро мулоқотидаги алоқа қуролининг ижтимоий сифатлари ётади. Бўлажак оила вакиллари, булар фарзандлар экан, уларнинг келгусида қандай оила қуришлари, қандай оила эгаси-ю, қандай уй бекаси бўлиши, улар ўсиб-унаётган оиласида шаклланади. «Қуш уясида кўрганини қилади», - деган нақл бежиз эмас. Оиладаги анъаналар, удумлар асирлар оша давом этаверади. Ундаги яхши ва ёмон фазилатлар ҳамда иллатлар келгуси авлодлар ҳаётида ўз аксини топади. Шунинг учун, иложи борича оилада ижобий хислатларни кенгроқ шакллантириб, нуқсонларни бартараф этиб бориш ота-онанинг ва оиладаги бошқа кекса авлодларнинг жамият олдидаги жиддий бурчи ҳисобланади.
Оилада боланинг китобхонлигини уюштириш ҳам жиддий аҳамиятга эга бўлиб, уни қуйидагича амалга ошириш мумкин:
1. Ҳар қайси ёшдаги болалар учун бадиий асарларни тўғри танлаш ва олиб бериш.
2. Маълум тартиб асосида бадиий китобларни ўқиш учун вақт ҳамда шароитни белгилаш.
3. Бадиий асарларнинг тарбиявий томонидан таъсир кўрсатадиганларини танлаш ва керакли адабиётларни тўплаб, оила кутубхонасини ташкил этиш.
4. Болалар китобхонлигини боғча ва мактаб билан ҳамкорликда уюштириш. Бунда услубчилар ва синф раҳбарлари билан доимий алоқа ўрнатиб, боланинг тарбияси билан мунтазам равишда қизиқиб туриш керак.
5. Оилада болалар китобхонлигини ошириш (уюштириш)да турли хил усуллардан фойдаланиш (тажриба ва кузатиш, суҳбат, ифодали ўқиш, ҳикоя, баҳс-мунозара) яхши самара беришини кўрсатади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, оилада тарбияга катта аҳамият бериш керак. Оила аъзолари бир-бирлари билан қандай муомалада бўлсалар, шу муҳит қобиғидаги ўспиринларда ҳам худди шундай ва уларга хос хулқ-атворлар намоён бўла бошлайди. Оила аъзолари хонтахта атрофида ўтириб, турли мавзуларда мулоҳазалар юритиш, мураккаб муаммоларни ҳал қилиш борасидаги атрофлича этарли баҳслар, шубҳасиз, йигит-қизлар ақл-заковатининг ўсишида, уларнинг ақл-камолотида туртки вазифасини бажаради.
Оилавий турмуш бу буюк ҳаёт мактабидир, унда эр-хотин бир-бирини тарбиялайди, бири иккинчисидан ўрганади, ўзидаги камчиликларни пайқайди ва бартараф эта боради. Ана шу камчиликларга бардош берган оилагина бахтли бўла олади. Оила қуришдан асосий мақсад фарзанд кўришдир, авлодлар давомийлигини давом эттириш, жамият манфаати йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилишдан иборатдир.
Эр ила хотуннинг қонуний суратда бирга яшаб, бир вужуд бўлишларидан оила ташкил бўлур. Эр ўзи учун бир хотун танлаб, дунёда бўлган тириклигида, шодлигу-қайғусида, ҳар бир яхши-ёмон кунида суянчиқ бўладиган, жонига роҳат бахш этадиган бир сирдош топур. Хотун одам боласида бўлғон хулқларни гўзаллаштирурки, бунга сабаб қаттиқ кўнгилларни юмшатувчи, инсонларни жонвор эмас, инсон этувчи бир қут бўлганидандир. Зеро, дўтслик ва яқинлик каби нарсалар нақадар мустаҳкам бўлса-да, оила ташкил этишдан қудратлироқ эмас. (Ҳадис, 9-бет).
Оила қуришдан олдин, унинг инқилоби ва истиқболи устида ўйламоқ оқилларнинг иши. Аксинча, баъзилар аввал турмуш қуриб, кейин пушаймон қила бошлайдилар. «Ер ва хотиннинг бир-бирига бўлган меҳру-вафоси бизга боболаримиздан қолган бебаҳо меросдир».
Никоҳ муносабатларини, ёлғиз яшовчиларни, оилавий бузилиш сабабларини ўрганиш жамият ижтимоий таркибининг ижобий ривожланишида катта аҳамият касб этади. Шундай экан, оила ва никоҳ муносабатлари нафақат эр-хотиннинг ўртасидаги шахсий, балки ижтимоий, умумбашарий аҳамиятга ҳам эгадир. Оила нафақат эру-хотин иттифоқи, балки жамиятнинг асосий бўғинидир, республикамизда ўтган 1998 йилнинг «Оила» йили деб эълон қилиниши ва шу муносабат билан бир қатор тадбирларнинг амалга оширилаётганлиги бунинг яққол далилидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |