Дурагайлаш методи орқали айрим белги-хоссали ота-она организмларни чатиштириш натижасида олинган дурагайларнинг бир қанча авлодларида ривожланиши ўрганилади. Олинган натижаларнинг ҳаққонийлиги математик статистика методи орқали аниқланади.
Цитогенетик метод ёрдамида хромосомалар ўзгариши билан алоқадор бўлган организмнинг ирсияти ва ўзгарувчанлиги ўрганилади. Бинобарин цитогенетика ирсият ва ўзгарувчанликнинг цитологик асосларини тадқиқ этади.
Эгизаклар методи билан организмдаги белги хоссаларнинг ривожланишида генлар ва ташқи муҳит омилларининг қай даражада кўрсатган таъсири ўрганилади.
Молекуляр генетик метод билан ирсият ва ўзгарувчанликнинг моддий асослари бўлган нуклеин кислоталарнинг, хусусан, дезоксирибонуклеин – ДНК ва рибонуклеин кислота – РНК нинг тузилиши ва функцияси аниқланади.
Популяцион статистик метод популяциялардаги ирсиятни ўрганишда қўлланилади. У популяциялардаги доминант ва рецессив аллелларни такрорланиш даражасини гомозигота ва гетерозигота организмларда аниқлаш билан шуғулланади.
Менделнинг биринчи ва иккинчи ирсият қонунлари. Генетикада белгиларнинг ирсийланишини ўрганишда кенг қўлланиладиган метод дурагайлаш ҳисобланади. Дурагайлаш методидан фойдаланганда тубандаги рамзий белгиларни билиш зарур. Чатиштиршда қатнашаётган ота-она организми олдига “Р” ҳарфи қўйилади. У лотин тилидаги parentale – ота-она сўзининг бош ҳарфидир. Дурагай организмлар олдига “Ғ” ҳарфи қўйилади, у лотинча fileale (фарзандлар) сўзининг бош ҳарфини ифодалайди. Дурагай авлодига қараб улар ёнига рақам яъни Ғ1, Ғ2, Ғ3 билан белгиланади. Чатиштириш белгиси “Х” ҳисобланади. Дурагайларни ота ёки она организми билан қайта чатиштиришдан олинган индивидлар беккросс деб аталгани сабабли Fb белгиси қўйилади.
Чех табиатшуноси Г.Менделдан олдин ҳам тадқиқотчилар турли ўсимлик ва ҳайвонларнинг бир-биридан белгилари бўйича фарқ қилувчи формаларини чатиштирган бўлсаларда, бироқ ирсият қонунларини очишга муваффақ бўлмадилар. Ирсият қонунлари биринчи маротаба Г.Мендель томонидан кашф қилинди.
Мендел муваффақиятларини таъмин этган омиллар бўлиб:
Чатиштириш учун қулай бўлган нўхат ўсимлигини танланганлиги ва улар орасидан битта, иккита, учта белгиси билан фарқ қилган формаларни чатиштириб дурагайлар олинганлиги;
Келгусида ҳар бир дурагай ўсимлик наслини алоҳида экиб, уларда ота-она белгиларини қандай ривожланганлигини аниқланганлиги;
Дурагайларни ўз-ўзига чатиштириб уларнинг иккинчи, учинчи ва кейинги авлодларида ота-она ўсимликларга ўхшаш формаларни миқдорини аниқланганлиги ва уларни математик-статистик метод билан тахлил қилинганлиги;
Мендел ирсият қонунларини дурагайлаш методи асосида кашф этди. Унинг тажрибаларини бирида дони сариқ ва яшил бўлган нўхат ўсимликлари чатиштирилди. Чатиштириш натижасида олинган барча дурагай ўсимликлар дони сариқ рангда эканлиги маълум бўлди. Бошқа тажрибада нўхат ўсимлигининг гули қизил ва оқ формалари чатиштирилган эди, дурагайларнинг гули бир хил қизил рангда эканлиги аниқланди. Дурагайларнинг биринчи авлодида ривожланган белгиларни доминант (ғолиб, устун), ривожланмагани эса рецессив (яширин) белги деб номланди. Ота-она организмлардаги белгиларнинг дурагагайларнинг биринчи авлодида бирини иккинчиси устидан доминантлик қилиши Мендел томонидан кашф этилган ирсиятнинг биринчи қонунидир. Мазкур қонунни баъзан дурагай организмлар биринчи авлодида белгиларнинг бир хиллик қонуни деб ҳам юритилади.
Юқоридаги тажрибада қайд қилинган Ғ1 дурагайлар ўз-ўзи билан чатиштирилса, олинган иккинчи авлодда дон ранги ёки гул ранги бўйича хилма-хиллик кузатилган. Дурагай организмларда ота-она белгиларига ўхшаш дони сариқ ёки яшил, гули қизил ёки оқ рангли ўсимликлар учраган.Доминант белгили ўсимликларнинг рецессив белгили ўсимликларга нисбатан миқдори ўртача 3 маротаба кўп бўлган. Бу жараённи хулосалаб Мендел иккинчи ирсият қонунини яъни иккинчи авлод дурагайларда ота-она белгиларининг ажралишини ва уларнинг нисбатини 3:1 ҳолатда бўлишини ихтиро қилган.